Иқтисодиёт | 17:44 / 27.11.2023
30775
7 дақиқада ўқилади

Марказий Осиё интеграциясига нималар тўсиқ бўлмоқда?

Марказий Осиё давлатлари интеграция устида ўтган асрнинг 90-йилларидан бери бош қотириб келади. Бироқ қатор ички ва ташқи омиллар бу жараённи тўлиқ амалга оширишга халақит қиляпти.

Фото: Kun.uz

Иқтисодий омил

Мустақилликдан кейин нефт ва табиий газнинг йирик экспортчилари – Қозоғистон ва Туркманистон учун Европа Иттифоқи, Хитой ва Россия бозорлари устувор бўлган. Чунки Марказий Осиё мамлакатларида катта миқдорда ёнилғи ресурсларини истеъмол қилиш ва харид қилиш имконияти бўлмаган. Россия, Хитой ва Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар – Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг ҳам асосий савдо-сотиқ ва инвестиция шериклари ҳисобланади. Табиийки, ташқи савдодаги бундай номутаносиблик давлатлар кесимида халқаро алоқаларга нисбатан турли стратегиялар қўллашга сабаб бўлиб келади.

Хусусан, Ўзбекистон мисолида жорий йилнинг ўтган 10 ойлигини таҳлил қилсак, ташқи савдо айланмасида минтақа давлатларининг умумий улуши 11,6 фоизни ташкил этади. Қозоғистонда эса бу кўрсаткич – 5,4 фоиз. Яъни минтақанинг ҳеч бир давлати учун бошқа бири асосий иқтисодий ҳамкор мамлакат эмас ва минтақа иқтисодиётлари ҳалигача хомашё ресурслари экспортига боғланиб қолган.

Шунингдек, иқтисодий қонунчилик тизимида ҳам фарқли жиҳатлар кўп. Энг аввало, Қозоғистон ва Қирғизистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо. Шу сабабли ўзларининг ташқи иқтисодий сиёсатини эркин белгилай олмайди. Ўзбекистонда эса протекционизм даражаси жуда юқори. Бу – қўшни мамлакатлардан маҳсулот олиб киришни сезиларли даражада қимматлаштиради.

Ташқи геосиёсий босим

Марказий Осиёдаги интеграцияга таъсир қиладиган ташқи омиллар ҳам мавжуд. Минтақани бир қатор куч марказлари – Россия, Хитой, АҚШ, Европа Иттифоқи, Эрон ва Туркия манфаатлари тўқнашган “кўп томонлама рақобат ўчоғи” дейиш мумкин.

Хусусан, яқин ўтмишда Марказий Осиё давлатлари билан ягона социалистик блокда бўлган Россия ва глобал лидерликка интилаётган Хитой минтақа мамлакатларининг бирлашишини истамайди. Улар бу ердаги бозорларни қўлдан чиқармаслик ва ўз сиёсий таъсир доирасини янада кенгайтиришдан манфаатдор.

Туркий давлатлар иттифоқини тузишга уринаётган Туркия эса интеграция жараёнида ўзи ҳам иштирок этишни ва янги иттифоқ расмий Анқара атрофида вужудга келишини истайди.

Марказий Осиё ўзига хос чорраҳа ҳисобланиб, унинг ҳудуди Россия, Хитой, Эрон ва ундан Яқин Шарққа, Покистон ва Ҳиндистонга чиқиш имкони берувчи кўприк ҳисобланади. АҚШ бу ҳудудга ҳарбий контингент жойлаштиришга юқорида санаб ўтилган давлатларнинг барчасини тийиб туриш имконини берувчи куч сифатида қарайди. Афғонистондан Қўшма Штатлар ҳарбий қисмлари чиқиб кетганидан кейин, Вашингтон учун минтақанинг аҳамияти янада ортди. Айтиш мумкинки, ташқи куч марказларидан АҚШ ва Европа Иттифоқи Марказий Осиёда интеграция бўлишидан манфаатдор, улар бу омил минтақада Россия ва Хитойнинг таъсири ортишини чеклайди, деб ҳисоблайди.

Ҳарбий-сиёсий омил

Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон – Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг аъзолари. Бу эса ушбу мамлакатларни ҳарбий-мудофаа соҳасидаги масалаларни Кремл билан келишишга мажбур қилади.

Бундан ташқари, минтақанинг барча давлатлари билан чегарадош бўлган Ўзбекистон узоқ вақт давомида қўшни мамлакатлар билан совуқ муносабатда бўлди, чегараларни ёпди, савдо алоқалари деярли тўхтаб қолди. Фақатгина, 2016 йилда ҳукумат алмашганидан кейин муносабатлар нормаллаша бошлади.

Яъни минтақа мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ниҳоятда сиёсийлашган, бу асосан ҳукумат тепасида турган раҳбарларнинг қарашлари натижасида шаклланади, тизимлашмаган. Шу нуқтайи назардан, мамлакатларнинг исталган биттасидаги сиёсий ўзгаришлар умумий интеграция жараёнига таъсир кўрсатиши мумкин.

Ҳудудий муаммолар

Минтақадаги энг оғриқли муаммолардан бири – давлатлараро баҳсли чегара масаласи ҳисобланади. 2018 йилда ўзбек-тожик ва 2022 йилнинг охирида ўзбек-қирғиз чегара муаммоси узил-кесил ҳал қилингани бу борадаги сиёсий тарангликни анча юмшатди. Аммо Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара муаммоларини ҳал қилиш бўйича музокаралар боши берк кўчага кириб қолган. Икки давлат чегарасида охирги пайтларда тез-тез қуролли тўқнашувлар юз бермоқда ва бу жараён сиёсий тусга ҳам кирмоқда.

Минтақада 8 та анклав мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси аҳоли зич яшайдиган, этник жиҳатдан табақалашган Фарғона водийсида жойлашган. Айнан шу анклавлар ҳудудий низолар ўчоғи ҳисобланади.

Марказий Осиёда чегараларни делимитация ва демаркация қилишда асосий муаммолардан бири – минтақанинг барча мамлакатлари томонидан тасдиқланиб, тартиб-таомилларидан ўтган ҳуқуқий асос йўқлигидир. Бу борада умумий тушунча мавжуд бўлса-да, сув ва бошқа ресурслардан фойдаланишдаги муаммолар якдил қарор қабул қилишни мураккаблаштиради.

Этник-ижтимоий бўлиниш

Туркистон ўлкаси азалдан туркий халқларнинг ягона маскани ва умумий ватани бўлган. Советлар томонидан “миллий давлатларни ташкил қилиш” ниқоби остида амалга оширилган тадбир натижасида минтақа алоҳида давлатларга бўлиб чиқилди, бир миллат ўзиники деб даъво қилувчи ҳудуд бошқасига берилди ва шу орқали адоват уруғлари экилди. Бунинг ортидан қардош халқлар узоқлашишни бошлади, миллатчилик илдиз отди. Миллий мафкураларни яратишга зўр берилиб, бир халқнинг бошқасидан устун бўлганига урғу бериш, халқларни ажратишга ҳаракатлар кузатилди.

Демократияга интилишнинг сустлиги

Марказий Осиёда интеграция жараёнлари узоққа чўзилаётганининг асосий сабабларидан бири минтақа давлатлари демократия йўлидан боришда юқори намуна кўрсата олмаётганига бориб тақалади. Минтақа давлатларининг ҳар бири ривожланишнинг ўзи танлаган айро йўлидан бормоқда. Айрим республикаларда ҳокимиятлар амалда бир неча ўн йиллик эгалари қўлида қолмоқда.

Айнан фуқароларнинг давлат сиёсатига, хусусан ташқи сиёсатга ва ташқи савдо бўйича қарорларга таъсир ўтказиш имконияти чеклангани сабабли ўзаро интеграция ва савдо-сотиқда қатор муаммолар сақланиб қоляпти.

Шунингдек, Марказий Осиё халқларини бирлаштирувчи ягона ахборот майдони мавжуд эмас. Минтақа ҳамон Россия пропагандаси ва ахборот маконининг бир қисми.

Интеграция нима учун муҳим?

Умуман олганда, ҳар қандай интеграция учун ҳудудий бир бутунлик ёки яқинлик, ўзаро боғлиқлик, умумийлик, барча учун мажбурий бўлган ва бир хиллаштирилган ҳуқуқий қоидалар ҳамда мазкур қоидаларни ижро этувчи ва ижросини назорат қилувчи институционал тизим зарур ҳисобланади.

Минтақавий интеграциянинг бир қанча ижобий жиҳатлари мавжуд:

  • интеграция давлатлар ўртасида ишончни ошириб, барқарорликни таъминлайди;
  • ягона ички бозор шаклланиши ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар учун катта имкониятлар яратади;
  • сармоя ва ишчи кучи эркин ҳаракатланиши учун кенг ҳудуд пайдо бўлади;
  • тўсиқсиз савдо-сотиқ барча мамлакатларни бирдек бойитади.

Достон Аҳроров тайёрлади.

Мавзуга оид