«Шифокор буни мўъжиза деб атади» — Трамп суиқасддан қандай омон қолгани ҳақида
У суиқасд чоғидаги воқеаларни эслади ва Махфий хизмат ходимларининг фаолиятини фантастик деб баҳолади.
АҚШнинг 45-президенти, навбатдаги сайловларга номзодини қўйган Доналд Трамп Америкадаги The New York Post таблоиди учун интервюсида АҚШ Махфий хизмати агентларининг Пенсилваниядаги митинг чоғида ўзига суиқасд уюштирилганида амалга оширган ҳаракатларига юқори баҳо берди.
«Улар фантастик иш қилишди… Улар уни кўзлар орасига йўлланган битта ўқ билан ўлдиришди», — деган Трамп Милуокига Республикачилар партиясига учаётганида самолётда олинган интервюда.
Собиқ президент AR-15 яримавтомат милтиқ билан қуролланган жиноятчи унга ўт оча бошлаганида Махфий хизмат агентлари унинг устига худди «лайнбекерлар» (америкача футболдаги амплуа) каби ташланганини эслаган. The New York Post хабарида келтирилишича, Трамп бу сўзларининг тасдиғи сифатида оқ кўйлаги тугмаларини ечиб, ўнг елкасидаги катта кўкаришни кўрсатган.
Трампнинг сўзларига кўра, агентлар уни шу қадар қаттиқ уришганки, оёқ кийимининг бир пойи ечилиб кетган. Шундан кейин, суиқасд вақтида олинган видеоларга қараганда, Трамп агентлардан оёқ кийимини кийиб олишга имкон беришларини сўраган, аммо Махфий хизмат ходимлари уни шошилинч тарзда саҳнадан олиб чиқиб кетишган. Трампнинг айтишича, олиб кетишаётганида у йиғилган тарафдорлари қаршисида нутқ қилишни истаган, аммо агентлар унга бу ер хавфсиз эмаслиги ва у шифохонага бориши кераклигини айтишган.
«Шифохонадаги врач ҳеч қачон бунақасини кўрмаганини айтди ва буни мўъжиза деб атади», — деган Трамп интервюда. Ўзининг айтишича, врач унга ҳеч қачон AR-15 милтиғидан ўққа тутилганидан кейин омон қолган одамни кўрмаганини айтган.
«Мен бу ерда бўлмаслигим керак эди, мен ўлган бўлишим керак эди», — деган Трамп. Ўзининг айтишича, у ўқ узилган паллада йиғилганлар кўтарган плакатларда ноқонуний муҳожирлар ҳақидаги ёзувларни ўқиш учун бошини ўнг томонга бургани учун суиқасддан омон қолган. Шу ҳаракати туфайли ўқ унинг фақат ўнг қулоғини тилиб ўтади. Нашр қайд этишича, интервю вақтида Трампнинг яраланган ўнг қулоғини ёпиб турган катта оқ боғич бўлган. Трампнинг ходимлари журналистга уни суратга олишни тақиқлаган.
АҚШнинг собиқ президенти амалдаги президент Жо Байден суиқасддан кўп ўтмай унга қўнғироқ қилганини эслаб ўтган. Трампнинг сўзларига кўра, Байден «жуда меҳрибон» эди. Шу тариқа, Байден ва Трамп бир неча йилдан буён илк бор ўзаро гаплашишган (июн ойи охиридаги дебатда улар модераторлар орқали мулоқот қилишганди).
- Доналд Трампга суиқасд Пенсилваниядаги митинг чоғида амалга оширилди. ФҚБ версиясига кўра, унга 20 ёшли Томас Мэтю Крукс ўқ узган. АҚШ Махфий хизмати ходимлари дарҳол саҳнага чиқиб, Трампни ўраб олишган ва уни олиб кетишган. Ҳужум вақтида 50 ёшли ўт ўчирувчи Кори Комператор ҳалок бўлган, яна икки киши яраланган. Ҳужум уюштирган шахс отиб ташланган.
Мавзуга оид
21:16 / 26.12.2024
Трамп Мексика ва Канадага АҚШ штатлари бўлишни таклиф қилди
14:17 / 26.12.2024
ОАВ: Трамп Панама каналини олишга жиддий қарор қилган
18:52 / 25.12.2024
Трамп ўлим жазосини қўллашда қатъият билан давом этишини айтди
18:22 / 25.12.2024