Ўзбекистон | 11:40 / 29.12.2020
3369
2 дақиқада ўқилади

2021 йилда 900 нафар чин етим ёшларни уй-жой билан таъминлашга 50 миллиард сўм ажратилади 

2021 йилда биринчи марта бюджетдан 900 нафар чин етим ёшларни уй-жой билан таъминлашга 50 миллиард сўм ажратилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатномада маълум қилди.

Таъкидланишича, эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари, чин етим, ногиронлиги бўлган ва даволанишга муҳтож болаларга алоҳида меҳр-мурувват кўрсатиш бўйича янги тизим жорий этилади.

“Ҳозирги кунда республикамизда алоҳида эътиборга муҳтож 18 ёшгача бўлган 150 минг нафар фарзандларимиз бор. Уларнинг таълим олиши, аниқ бир касбни эгаллаши учун кўмаклашиш, оғир касалликка чалинганларни даволаш, чин етимларга ҳаётда ўз ўрнини топишга ёрдам бериш, уй-жой билан таъминлаш – нафақат вазифамиз, аввало, инсоний бурчимиздир”, - деди президент.

Маълум қилинишича, 2021 йилда биринчи марта бюджетдан 900 нафар чин етим ёшларни уй-жой билан таъминлашга 50 миллиард сўм ажратилади.

“Умуман, бундай эзгу ишларни тизимли йўлга қўйиш учун Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондини ташкил этиб, унга бюджетдан 100 миллиард сўм йўналтирсак, ўйлайманки, сизлар ҳам бу ташаббусни қўллаб-қувватлайсиз. Бу маблағлар йил давомида кўпайтириб борилади.

Бу ташаббус умумхалқ ҳаракатига айланиши, саховатпеша ҳамюртларимиз ушбу хайрли ишга муносиб ҳисса қўшишига ишончим комил.

Олий Мажлис палаталари Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолиятини қонун даражасида мустаҳкамлаб, бу борада фаоллик кўрсатган юртдошларимизни рағбатлантиришни ҳам назарда тутиши мақсадга мувофиқ.

Шунингдек, Болалар Омбудсмани тўғрисидаги қонунни қабул қилишнинг ҳам вақти-соати келди”, - деди Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид