13:41 / 19.06.2021
10672

ОТМларга қабул 20 июндан бошланади

Эртага, 20 июн куни 2021/22 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш бошланади. Жараён 20 июлгача давом этади.

Давлат тест маркази хабарига кўра, абитуриентлар телефон рақамини авторизациядан ўтказиб, паспорт маълумотлари, доимий яшаш манзили ва тугатган таълим муассасаси бўйича маълумотларни киритишлари, шунингдек, имтиёзлари мавжуд бўлса, уларни текширишлари ҳамда чет тилидан миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлса, сертификат маълумотларини киритишлари мумкин.

Таълим йўналишларини эса 2021/22 ўқув йили учун ОТМларга ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари белгиланиб, тиллар кесимида тасдиқланганидан сўнг танлаш мумкин бўлади.

Aбитуриентларни рўйхатга олиш Давлат тест марказининг my.dtm.uz сайти ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали онлайн амалга оширилади.

Рўйхатга олиш 20 июлга қадар (20 июл куни ҳам) давом этади. Унга қадар абитуриентлар ўз маълумотларини ўзгартиришлари ҳамда чет тилидан миллий ёки халқаро сертификатга эга бўладиган бўлса, сертификат маълумотларини киритишлари мумкин.

Top