Ўзбекистон | 08:51 / 30.10.2023
11356
4 дақиқада ўқилади

Сергелидаги портлашдан 1 ой ўтиб: талафот кўрганлар масаласи ҳал бўлдими?

Қурувчилар маҳалласида зарар кўрган хонадонлар таъмирланиб, дераза-ром, эшиклар ўрнатилди. Лекин ҳудудда амалга оширилган ишларга салбий бўёқ бериб турган ҳолатларни ҳам инкор этиб бўлмайди.

2023 йил 28 сентябрни Сергели тумани Қурувчилар маҳалласи аҳолиси узоқ вақтгача унутмайди. Омбордаги кучли портлаш, ўлим, вайрон бўлган квартиралар-у машиналар...

Расмий маълумотларга кўра, ҳудуддаги 39 та кўп қаватли уйнинг 1370 та хонадони ҳамда 246 та ҳовлиларга зиён етиб, умумий зарар миқдори 14,5 млрд сўмни ташкил этганди. Талафот оқибатларини бартараф этиш учун катта куч ташланди. Зарар кўрган хонадонлар давлат томонидан тўлиқ таъмирлаб берилиши ваъда қилинди, квартиралар таъмирлаш учун пойтахт туманларининг ҳокимликларига бўлиб берилди.

Орадан 1 ой ўтиб, Тошкент шаҳар ҳокимияти асосий ишлар якунланганини, портлашдан талафот кўрган хонадонлар тўлиқ таъмирдан чиққанини маълум қилди. Шу муносабат билан маҳаллада аҳолининг кайфиятини кўтариш учун кичик байрам тадбири ҳам ташкил қилиб берилди.

Қурувчилар маҳалласи раиси – ҳукумат томонидан тузилган махсус штаб аъзоси Фарҳод Расуловнинг айтишича, ҳозирга келиб 3 босқичли ишларнинг 2 таси, яъни айнан уйларнинг таъмири билан боғлиқ ишлар якунланган.

“Биринчи босқичда штабда қўйилган вазифа – ҳашар йўли билан қисқа муддат ичида талафот етган хонадонларнинг ташқи ром, эшикларини қўйиб бериш эди. Чунки буёғи куз мавсуми, ёғингарчилик, салқин ҳаво бўлгани учун уйларни таъмирлаб бериш юклатилганди. 3 кун муддат ичида ташқи ромлар эшигининг ҳаммаси жой-жойига қўйилди.

Иккинчи босқичда хонадон ичларида зарар кўрган эшик, ромлар бўлса, уларни таъмирлаш ишлари ҳам якунига етди.

Учинчи босқичда талафот кўрган хонадонларда ким тиббий кўрикка муҳтож бўлса, уларнинг ҳаммаси шифохоналарга ётқизилди. Кўрик жараёнларидан ўтказилди. Энди ҳозир талафот кўрган маиший техник-воситаларини тиклаб бериш масаласи кўрилмоқда. Ҳомийлар билан суҳбат олиб борилмоқда, албатта, бу масала ҳам ечилади”, – дейди Фарҳод Расулов.

Унинг қўшимча қилишича, ҳозирга келиб маҳалла раисига яшовчилар томонидан ҳеч қандай шикоят келиб тушмаган, таъмирланган уй эгаларидан ишлар якунлангани юзасидан тилхат олинмоқда.

Эътироф этиш жоизки, таъмирдан чиққан уйларда кўп ҳам нуқсонларни учратмадик, чиндан ҳам хонадонларнинг дераза ромлари, эшиклари ўрнатиб берилган. Ҳатто, бир ҳафта олдин Kun.uz эълон қилган материалда кўрсатилган камчиликлар ҳам бартараф этилган.

Аммо айрим хонадонларда ишларнинг “қилиндими, қилинди” қабилида бўлгани ҳудудда амалга оширилган ишларга салбий бўёқ бериб турганини ҳам инкор этиб бўлмайди. Баъзи хонадонларда эшиклар нотўғри ўрнатиб кетилганига, кўп қаватли уйларнинг эскитдан мавжуд бўлган ва портлаш сабаб жиддийлашган муаммолари ҳал қилинмаганига гувоҳ бўлдик.

Уй-жойлари портлашдан аввалги ҳолга қайтмаган хонадонлар эгалари талайгина, уларнинг эътирозларини ўринсиз деб бўлмайди. Ҳудудда ҳали талафот оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда. Kun.uz вазиятни кузатади, бу мавзуга яна қайтилиши мумкин.

Бахтиёр Тўхтаев,
Дилшода Шомирзаева,
Kun.uz

Мавзуга оид