Божхона божининг 2 баробарга қисқариши импорт автомобиллар нархига қандай таъсир қилади?
Импорт автомобиллар нархи тахминан 10 фоизга арзонлашиши мумкинлиги, бу ўзгаришдан асосан чет эл машиналарини минадиган бадавлат қатлам манфаат кўриши айтилмоқда.
Ўзбекистонда импорт қилинадиган автомобиллар учун божхона божи ставкалари 2 баробарга (30 фоиздан 15 фоизга) пасайтирилиши кутилмоқда. Божларнинг пасайтирилиши нархларга қандай таъсир қилиши мумкинлигини қуйидаги мисол орқали кўриб чиқамиз.
Айни пайтда янги Changan CS35 Plus II (Comfort) автомобилини Ўзбекистонга олиб кириш нархи (божхоначилар томонидан тасдиқланган Kun.uz ҳисоб-китоблари):
- Автомобилнинг баҳоси: 19 848 доллар;
- Божхона йиғими: 37,35 доллар;
- Автомобил қийматидан бож 30 фоиз = 5 954,4 доллар;
- Автомобил двигател ҳажмидан 2,5 доллардан = 1600сс = 4000 доллар;
- ҚҚС 15 фоиз = 4470,36 доллар;
- Утилизация йиғими БҲМ*120 баробар=32 400 000 сўм= 2987,82 доллар.
Ҳозирда битта Changan CS35 Plus II (Comfort) автомобилини олиб киришга 17 минг 450 доллар ёки 189 млн 227,3 минг сўм бож тўланади.
Агар янги ўзгариш амалиётга татбиқ қилинадиган бўлса, бу автомобилни Ўзбекистонга олиб кириш нархи қуйидаги тартибда ўзгаради:
- Автомобилнинг баҳоси: 19 848 доллар;
- Божхона йиғими: 37,35 доллар;
- Автомобил қийматидан бож 15 фоиз = 2977,2 доллар;
- Автомобил двигател ҳажмидан 2,5 доллардан = 1600сс = 4000 доллар;
- ҚҚС 15 фоиз = 4023,78 доллар;
- Утилизация йиғими БҲМ*120 баробар = 32 400 000 сўм = 2987,82 доллар.
Шунда, бож тўловлари умумий ҳисобда 14 минг 26 долларни (152 млн 99,8 минг сўм) ташкил этади. Ўртадаги фарқ – 3423,78 доллар.
Бу ерда нархлар автомобил қийматидан олинадиган бож (5 954,4 доллардан 2977,2 долларга) ва ҚҚС тўловларининг (4470,36 доллардан 4023,78 долларга) пасайиши ҳисобига арзонлашади.
Ўзбекистонга импорт автомобили олиб киришдаги тўловлар қандай шаклланади?
Autostrada.uz сайтининг ёзишича, Ўзбекистонга хориждан автомобил импорт қилишда тўланадиган тўловлар бир қанча омилларга боғлиқ: автомобилнинг янги ёки эскилиги (ишлаб чиқарилган йили ҳам инобатга олинади), харид нархи, автомобил ишлаб чиқарилган ҳамда импорт қилинаётган мамлакат, двигател тури ва ҳажми.
Тўғридан тўғри божхона тўловлари ва йиғимларидан ташқари, импорт қилувчи шахс 15 фоиз ҚҚС, шунингдек, утилизация учун тўлов ҳам тўлайди.
Божхона чегарасидаги автомобил нархи олди-сотди шартномасида кўрсатилган ёки халқаро нархлар каталоги бўйича белгиланган қийматларда ҳисобланади.
Қуйида амалдаги тартиблар бўйича белгиланган божхона тўловлари миқдори келтирилган:
Бож автомобилнинг қиймати ва двигател ҳажмининг ҳар бир куб сантиметри учун АҚШ долларида ҳисобланади.
Агар автомобил эркин савдо ҳудуди тўғрисида шартнома имзоланган мамлакатларда ишлаб чиқарилган ва бу ST-1 сертификати билан тасдиқланган бўлса, бож тўлови ундирилмайди. Бу мамлакатлар қуйидагилар: Озарбойжон, Арманистон, Беларус, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Украина.
Бу сертификат ишлаб чиқарувчи ёки экспорт қилувчи мамлакатнинг Савдо-саноат палатаси томонидан ишлаб чиқаришнинг маҳаллийлаштириш даражаси 50 фоиздан ошган ва йиғиш тўлиқ мамлакат ичида амалга оширилган тақдирдагина (масалан, Lada учун) тақдим қилинади. Шу нуқтайи назардан, Россияда ишлаб чиқарилган Hyundai, Toyota ёки Nissan каби автомобиллар учун божхона божи бўйича имтиёзлар қўлланилмайди.
Бундан ташқари, автомобил олиб кирмоқчи бўлган шахслар қуйидаги кўринишда (автомобил таннархи + бож тўлови + махсус ставкалар * 0,15 фоиз) ҚҚС тўлайди.
2020 йилнинг 1 августидан Ўзбекистонга транспорт воситаларини олиб киришда амалда бўлган акциз солиғи ставкалари бекор қилиниб, унинг ўрнига утилизация йиғими жорий қилинганди.
Ушбу йиғимнинг ТИФ ТН коди 8703 (енгил автомобиллар) бўлган транспорт воситалари учун ставкалари қуйидагича:
Ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ортиқ вақт бўлмаган транспорт воситалари учун:
- двигател ҳажми 1000 см3 гача бўлган автолар учун БҲМнинг 30 баробари миқдорида;
- двигател ҳажми 1000-2000 см3 гача бўлган автолар учун БҲМнинг 120 баробари миқдорида;
- двигател ҳажми 2000-3000 см3 гача бўлган автолар учун БҲМнинг 180 баробари миқдорида;
- двигател ҳажми 3000-3500 см3 гача бўлган автолар учун БҲМнинг 180 баробари миқдорида;
- двигател ҳажми 3500 см3 дан ортиқ бўлган автолар учун БҲМнинг 300 баробари миқдорида.
Ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ортиқ вақт бўлган транспорт воситалари учун:
- двигател ҳажми 1000 см3 гача бўлган автолар учун БҲМнинг 90 баробари миқдорида;
- двигател ҳажми 1000-2000 см3 гача бўлган автолар учун БҲМнинг 210 баробари миқдорида;
- двигател ҳажми 2000-3000 см3 гача бўлган автолар учун БҲМнинг 330 баробари миқдорида;
- двигател ҳажми 3000-3500 см3 гача бўлган автолар учун БҲМнинг 390 баробари миқдорида;
- двигател ҳажми 3500 см3 дан ортиқ бўлган автолар учун БҲМнинг 480 баробари миқдорида.
Маълумот учун, ҳозирда Ўзбекистондаги базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) 270 минг сўмни ташкил этади.
Шу ўринда таъкидлаш керак, Ўзбекистонга хориждан автомобил олиб киришда нафақат тариф тўсиқлари, балки нотариф тўсиқлар салмоғи ҳам катта. Иқтисодчи Юлий Юсупов Kun.uz'дa эълон қилинган мақоласида импорт автолар учун сертификатлаштириш органларидан сертификат олиш зарурати ҳақида тўхталиб, улар автомобил нархининг сезиларли даражада ошишига олиб келаётганини мисолларда кўрсатиб берганди.
Ким қандай фикрда?
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниевга кўра, божхона божларининг 15 фоизга пасайтирилиши ҳисобига хориждан олиб келинадиган импорт автомобилининг нархи ўртача 10 фоизга арзонлашиши мумкин.
Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, амалдаги ҳар куб см учун ўрнатилган махсус ставкалар ўзгаришсиз қолдирилса, божларнинг пасайтирилиши UzAuto Motors монополиясига деярли таъсир қилмайди.
“Автомобиллар импорти учун бож ставкалар комбинациялашган тарзда белгиланган. Агарда божлар 30 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилган ҳолатда ҳам, қўшилган ҳар куб см учун махсус ставкалар ўзгармаса, амалда UzAuto Motors'нинг монополиясига заррача ҳaм таъсир қилмайди.
Шу сабаб, божларнинг пасайтирилиши билан бир қаторда қўшилган ҳар куб см учун махсус ставкалар бекор қилиниши лозим.
Шунда ҳам маҳаллий ишлаб чиқарувчи - монополист 15 фоиз импорт божи ва 15 фоиз ҚҚС эвазига 32,25 фоизлик устунликка эга бўлади.
Яна бир муҳим масала, ёпиқ қарорлар билан Сhevrolet, Skoda, Wolksvagen (UzAutoMotors), Kia, Lada, Reno (Ruddell) каби автомобилларни импорт қилиш бўйича UzAuto Motors ва айрим чўнтак хусусий компанияларга берилган имтиёзларнинг бекор қилиниши ҳисобланади. Ҳамма бир стартда ва бир қоидаларда ишлаши зарур”, дея муносабат билдирди иқтисодчи.
Қуйидаги жадвалда божлар пасайтирилиши автомобил импорт қилиш нархларига қандай таъсир қилиши бўйича солиштирма таҳлил берилган (жадвал Отабек Бакировнинг Telegram-каналидан олинди).
Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг фикрича, мазкур ўзгаришдан асосан импорт машина минадиган бадавлат кишилар фойда кўради.
“Тўғри, божни (ҳозир 30%) икки баробар пасайтириш импортга таъсир қилмаслиги рост, лекин бу ўзгаришдан фойда кўрадиган гуруҳлар бор албатта. Бундай кишилар – қиммат автомобил импорт қилувчи аҳолининг энг даромади юқори қатлами. Яъни аҳолининг даромади юқори кичик гуруҳи ҳозиргача ҳам чет элдан автомобиль олиб келар эди. Чегарадаги божнинг 15 фоизга пасайиши эса улар истеъмол қиладиган автомобиллар нархининг сезиларли пасайишига олиб келади.
Божларнинг пасайишидан ўрта даромадли аҳоли қатлами (яъни ўртача нархдаги автомобиль харид қилишга имконияти борлар) ҳеч нима ютмайди, бу ўзгариш улар учун ҳеч нимани англатмайди, улар яна ўша “қадрдон” заводимиз чиқараётган автомобилларга навбатда туришга мажбур бўлади. Қарордан асосий фойда кўрадиганлар эса даромади энг юқори ва импорт автомобилларини истеъмол қиладиган бойлар”, – дейди у.
Мавзуга оид
21:48 / 23.11.2024
Одамлар ўлимига кўпроқ сабаб бўлаётган энг хавфли автомобиллар саналди
13:07 / 18.11.2024
Пискент полигонидаги навбат электрон шаклга ўтказилди
12:06 / 16.11.2024
“Биз тўғридан тўғри завод билан ишлаймиз”: Тошкентда 16 кунлик фирма одамларни “ҳалол лизинг”га машина олиб беришга ишонтирмоқда
09:52 / 15.11.2024