07:34 / 04.05.2018
12404

Шавкат Мирзиёев чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларига оид қарорни имзолади

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.

Ҳужжатда қайд этилишича, чарм-пойабзал соҳасини бошқаришнинг шаклланган тизими ушбу соҳада республикамизнинг мавжуд захиралари ва салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқарилаётган тайёр маҳсулотларнинг ички ва ташқи бозорларда рақобатбардошлигини таъминлаш имконини бермаяпти.

Йирик ва майда шохли моллар терисини, шунингдек, мўйна хом ашёси ва жунни тайёрлашнинг бозор механизмлари ҳамда уларни сақлашнинг замонавий технологиялари секинлик билан жорий этилмоқда. Тери хом ашёсини қайта ишлаш даражаси паст бўлиб қолмоқда, тармоқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилишда ярим тайёр чарм маҳсулотлар улуши юқори бўлиб қилмоқда. Чарм-пойабзал товарларининг бир қатор йўналишлари, жумладан, аёлларнинг модель пойабзали ва чарм кийимлари, замонавий чарм буюмлар ва аксессуарлар ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга эътибор қаратилмаяпти.

Соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш, уларни ишлаб чиқаришнинг замонавий услублари ва инновацион ёндашувларига ўқитиш, ишлаб чиқаришда юқори сифатга эришиш учун хорижий мутахассисларни, жумладан, технолог ва дизайнерларни жалб этиш ишлари суст ташкил қилинган.

Ҳужжатга кўра, “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси аъзоларининг жун тайёрлаш, сақлаш ва қайта ишлаш, чорва молларини автоматлаштирилган ҳолда сўйиш, жун ва қоракўлдан буюмлар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи ташкилотлар иштирокидаги умумий йиғилиши қарорига мувофиқ:

а) “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси унинг таркибига чарм, мўйна хом ашёси ва жун тайёрлаш, сақлаш ва қайта ишлаш, чорва молларини автоматлаштирилган ҳолда сўйиш, жун, қоракўл ва сунъий чармдан буюмлар, чарм-атторлик маҳсулотлари, пойабзал ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи ташкилотлар, шунингдек, бошқа ташкилотлар ихтиёрий равишда кирган ҳолда “Ўзчармсаноат” уюшмаси (кейинги ўринларда Уюшма деб юритилади) этиб қайта ташкил этилди;

б) Уюшма “Ўзбекчармпойабзали” уюшмасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади;

в) қуйидагилар Уюшма фаолиятининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

Уюшма аъзолари – ташкилотларнинг хўжалик фаолиятига чорва молларини сўйиш ва тери тайёрлашдан хом ашёни чуқур қайта ишлаш ҳамда чарм-пойабзал, чарм-атторлик, мўйна, қоракўл ва жундан ишланган тайёр маҳсулот ва буюмлар ишлаб чиқаришгача бўлган жараённинг барча босқичларида кўмаклашиш;

корхоналарда илғор технологияларни, халқаро стандартлар талабларига мувофиқ сифат менежменти тизимини татбиқ этишни рағбатлантириш, Уюшма аъзолари – ташкилотларни модернизация қилиш ва техник жиҳатдан қайта жиҳозлашга ҳар томонлама кўмаклашиш;

талаби юқори бўлган сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ва турларини кенгайтириш, ички бозорни маҳаллий ишлаб чиқарилган импорт ўрнини босувчи ва рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдириш учун шарт-шароитлар яратиш;

ички ва тармоқлараро кооперацияни, жумладан, чарм, мўйна хом ашёси ва жунни чуқур қайта ишлашга ихтисослаштирилган ташкилотлар, шунингдек, чорвачилик хўжаликлари, фурнитура ва бутловчи буюмлар ишлаб чиқарувчилар ўртасида кооперацияни ривожлантириш;

чарм-пойабзал, мўйна, қоракўл маҳсулотлари ҳамда жундан ишланган буюмлар сегментларида ички ва ташқи бозорларнинг маркетинг тадқиқотларини тизимли равишда олиб бориш, тармоқларнинг экспорт салоҳиятини кенгайтиришни қўллаб-қувватлаш, моделлаштириш ва брендлаш бўйича энг янги инновацион ишланмалардан фойдаланган ҳолда хом ашёни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришнинг замонавий услубларини, шунингдек, илғор ахборот технологиялари ва автоматлаштирилган бошқарув тизимларини кенг жорий этиш;

малакали кадрлар тайёрлаш ва тармоқнинг илмий салоҳиятини ошириш, шунингдек, ишлаб чиқаришни хом ашё ва материалларнинг экологик тоза турларидан фойдаланган ҳолда ташкил этиш мақсадида ишлаб чиқариш, таълим ва фаннинг ўзаро интеграцияси учун қулай шарт-шароитларни шакллантириш;

Уюшма аъзолари – ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, жумладан, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро муносабатларда, назорат қилувчи органлар томонидан текширишлар ўтказиш жараёнида, шунингдек, судларда ишларни кўришда ҳимоя қилиш.

Белгиланишича, Уюшма Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, туризм масалалари комплекси таркибига киради. 

2018 йил 1 июндан йирик ва майда шохли моллар, тери, мўйна, қоракўл хом ашёси ва жунни юридик шахсларга сотишда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзларни қўллаш учун ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотнинг келиб чиқишини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиш бўйича талаб бекор қилинади.

Белгилаб қўйилишича, 2018 йил 1 августдан:

Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали чармни (ТИФ ТН бўйича 4104-4107, 4112 00 000 0 – 4114 кодлари) олиб чиқишга рухсатнома бериш Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги томонидан Давлат божхона қўмитаси ва Уюшма билан келишилган ҳолда нарх экспертизаси ва лаборатория текширувларини ўтказган ҳолда амалга оширилади;

чармни лаборатория текширувларидан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Аккредитация маркази томонидан аккредитация қилинган органлар томонидан амалга оширилади;

Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали ярим тайёр чармни (ТИФ ТН бўйича 4104, 4105, 41062 кодлари) олиб чиқишга рухсатнома бериш учун экспорт қилинадиган маҳсулот қийматининг 5 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

Уюшма Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига нарх экспертизаси ва лаборатория текширувлари ўтказишни назарда тутган ҳолда Чармни олиб чиқишга рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини киритади.

Уюшма, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлигининг “Ўзчармсаноат” уюшмасининг чарм-пойабзал соҳасини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармасини (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этиш ва қуйидагиларни унинг асосий манбалари этиб белгилаш тўғрисидаги таклифи қабул қилинди:

Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали ярим тайёр чармни (ТИФ ТН бўйича 4104, 4105, 41062 кодлари) олиб чиқишга рухсатнома бериш учун ундириладиган йиғимдан тушадиган барча маблағлар;

Уюшма аъзолари – ташкилотларнинг, шунингдек, бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий ажратмалари;

халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг грантлари ва кредитлари;

Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан даромадлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Белгилаб қўйилишича, Жамғарма маблағлари қуйидагилар учун фойдаланилади:

ярим тайёр чармдан – тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ ишлаб чиқариш циклига ихтисослашадиган ташкилотларни кейинчалик қайтариш шарти билан маблағ ажратиш орқали молиявий қўллаб-қувватлаш;

тижорат банкларининг чарм-пойабзал, чарм-атторлик, мўйна, қоракўл маҳсулотлари ва жундан ишланган маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, фаолият юритаётган корхоналарни модернизация ва реконструкция қилиш учун ажратиладиган кредитлари бўйича кафилликлар бериш;

корхоналарда ISO:9001 сифат менежменти тизимини ва бошқа халқаро стандартларни жорий этиш бўйича тадбирларни молиялаштириш;

кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, мутахассислар малакасини ошириш, жумладан, ёш мутахассисларнинг хорижда ўқиши ва стажировка ўташи билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш;

Уюшма аъзолари – ташкилотларнинг халқаро кўргазмалар ва ярмаркаларда иштирок этишдаги харажатларини қоплаш; 

Уюшманинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, Уюшма ижро этувчи аппарати ходимларини моддий рағбатлантириш, Уюшманинг хорижий ваколатхоналарини сақлаш ва хорижий маслаҳатчилар харажатларини қоплаш;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа мақсадлар.

Уюшма аъзолари – ташкилотларга 2023 йил 1 январга қадар муддатда қуйидаги кўринишдаги солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар берилди:

фойда солиғи ва мол-мулк солиғи, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови, шунингдек, давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этиш;

белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича импорт қилинадиган, Уюшма аъзолари – ташкилотлар томонидан ўз ишлаб чиқаришида фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, республикада ишлаб чиқарилмайдиган хом ашё, материаллар ва фурнитура учун божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод этиш; 

юқоридаги тасдиқланадиган рўйхатларга киритилмаган, ўз ишлаб чиқариши учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, хом ашё, материаллар ва фурнитураларни импорт қилишда божхона декларацияси қабул қилинган кундан бошлаб божхона тўловларини (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) тўлашни 60 кунга қадар муддатга кечиктириш.

Белгилаб қўйилишича, солиқ имтиёзлари ва преференциялар фақат қуйидагиларга нисбатан қўлланилади:

замонавий автоматлаштирилган мажмуалар билан жиҳозланган чорва молларини сўйиш бўйича ихтисослаштирилган ташкилотларга;

чарм, мўйна, қоракўл хом ашёси ва жунни йиғиш ва тайёрлаш билан шуғулланувчи ташкилотларга, кейинчалик ушбу хом ашё қайта ишлаш (ишлатиш) учун фақат Уюшмага аъзолари – ташкилотларга сотилганида ҳамда ялпи тушумнинг умумий ҳажмида ушбу турдаги фаолиятдан тушган тушумнинг улуши ҳисобот даври натижалари бўйича камида 80 фоизни ташкил қилганда;

чарм, мўйна, қоракўл хом ашёси ва жунни қайта ишлаш, шунингдек, бутловчи буюмлар, фурнитура, сунъий чарм, чарм-пойабзал, чарм-атторлик, мўйначилик, қоракўл маҳсулотлари ва жундан ишланган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни амалга оширадиган ташкилотларга, агар ялпи тушумнинг умумий ҳажмида ушбу турдаги фаолиятдан тушган тушумнинг улуши ҳисобот даври натижалари бўйича камида 60 фоизни ташкил қилса.

Top