Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда тўсиқсиз туризм ривожлантирилади
Маданий мерос объектлари, вокзаллар, жамоат транспорти ва поездларда ҳаракатланиш имконияти чекланган кишилар учун лифтлар, пандуслар ва тутқичлар ўрнатилади. 2027 йилгача 1000 нафар ногиронлиги бўлган фуқаролар йўл харажатларининг 50 фоизини давлат қоплайди. Меҳмонхоналар учун ҳам субсидиялар берилади.
“Ўзбекистонда тўсиқсиз туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва уни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
2024 йилдан:
- ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўсиқсиз ҳаракатланиши учун маданий мерос объектларида уларга шикаст етказмаган ҳолда пандус, плинтус ва лифтлар ҳамда кўзи ожизлар учун маданий мерос объектларининг кичрайтирилган ўлчамдаги макетлари ўрнатилади ва улар тўғрисида Брайл алифбосидаги маълумотлар жойлаштирилади;
- темирйўл ва жамоат транспортларида ҳамда барча аэропорт, вокзал, автошоҳбекатларда ногиронлиги бўлган ва жисмоний имконияти чекланган шахслар учун шароитлар, махсус кўтарилиш пандуслари ва қулай зина тутқичлари ўрнатилади ҳамда кема аравачалари (ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус аравача) қўйилади.
2027 йил 1 январга қадар:
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган 1000 нафар шахсга Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ 500 минг сўмдан ошмаган қисми;
эшитиш қобилиятини йўқотган ногиронлиги бўлган шахслар учун сурдогидлар тайёрлаш курслари харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади.
2024 йил 1 апрелдан 2026 йил 1 апрелгача меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлар меҳмонхонанинг камида 3 та хонасини ногиронлиги бўлган шахслар ўриндиқли аравачадан фойдаланиши учун қулай тарзда жиҳозласа, шунингдек, эшитиши ва кўриши учун дисплей ҳамда овозли қурилмалар ўрнатса, уларга ҳар бир махсус жиҳозланган хона учун қуйидаги миқдорларда субсидия берилади:
- юлдузли тоифадаги меҳмонхоналарга – 2 миллион сўм;
- юлдузли тоифа олмаган меҳмонхоналарга – 1 миллион сўм.
Ногиронлиги бўлган шахслар учун тўсиқсиз туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва уларнинг саёҳат қилишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Дастурда қуйидагилар назарда тутилган:
- 2024 йил 1 мартдан ногиронлиги бўлган шахслар учун Uzbekistan.travel ягона миллий туристик ахборот порталидан фойдаланиш имкониятини яратиш;
- республиканинг ҳар бир ҳудудида ногиронлиги бўлган болалар учун миллий ҳунармандчилик терапияси фаолиятини ташкил этиш;
- авиа, темирйўл ҳамда автобус билетларини харид қилиш бўйича онлайн платформаларда эшитиш ва кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахсларнинг тегишли эҳтиёжларига мувофиқ эълонлар учун тактил ҳамда овозли функцияли дисплейларни жорий қилиш.
Мавзуга оид
11:00 / 12.06.2026
Ўзбекистонда ҳар йили “Очиқ туризм мавсуми” дастури ўтказилади
18:31 / 09.06.2026
АҚШ сайёҳлик ва бизнес визалари учун тезкор суҳбат бўйича пуллик хизматни йўлга қўяди
22:50 / 03.06.2026
80 минг аҳолига мўлжалланган дунёдаги биринчи сузувчи шаҳар лойиҳаси қайта тикланди
20:26 / 29.05.2026