Ўзбекистон | 12:42 / 27.03.2020
9035
3 дақиқада ўқилади

Магистратура босқичи битирувчилари давлат имтиҳонини онлайн топширишади – вазирлик

Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги бош бошқармаси бошлиғи Абдували Холиқов магистратура босқичи талабаларига давлат имтиҳони онлайн тарзда ташкил қилинишини маълум қилди.

«Магистратура битирувчилари амалиётга чиқарилган. Уларнинг магистрлик диссертацияси ҳимоялари қандай тартибда ташкил қилиниши бўйича савол келиб тушди. Олий таълим муассасалари магистр босқичи битирувчи курс талабалари ўқув машғулотлари деярли якунланганини инобатга олиб, битирувчилар амалиёт натижаларини илмий раҳбар билан келишган ҳолда масофавий топширишади.

Яъни якуний давлат аттестациясини давлат имтиҳони шаклида (онлайн тест синовлари) ўтказиш режалаштирилмоқда. Карантин даври тугагандан сўнг магистрлик диссертациясини ҳимоя қилишларига имконият яратиб берилади. Карантин муддати узайиб кетавергани сари ҳимоя қилиш вақти ҳам шунга монанд чўзилиши мумкин. Шунингдек, магистратура битирувчи курс талабаларига вазиятга қараб июль ойида дипломларини бериш амалга оширилади», деди Холиқов АОКА ҳузуридаги штабда ўтказилган брифингда.

Абдували Холиқов талабалар амалиёт ўташи масаласи тўғрисидаги саволга жавоб қайтарди.

«Талабалар бундай тадбирларга жалб этилмайди. Зарурат бўлганда ҳам магистратура талабалари жалб этилиши мумкин», деди у.

Брифингда талабалар ва юқори синф ўқувчилари учун онлайн дарслар ташкил этилиши тўғрисида ҳам маълумот берилди.

«Олий таълим йўналишлари фанлари бўйича маърузаларни электрон форматда тақдим этиш учун TAS-IX тармоғида https://tube.edu.uz видеопортали ишга туширилди, унинг ресурслари бойитиб борилмоқда.

Талабаларнинг билим олиш фаолиятини масофадан туриб қўллаб-қувватлаш мақсадида Телеграм ижтимоий тармоғида @eduuz_online канали йўлга қўйилди. Шунингдек, вебинар технологиялари асосида маърузалар ташкил этиш бошланди.

«Менинг юртим» (MY5) телеканалида ҳафтанинг душанбадан жума кунига қадар соат 10:30дан соат 12:00га қадар олий таълим муассасалари талабалари учун «Психология» ва «Инглиз тили» фанларидан маъруза машғулотлари ўтказилиши йўлга қўйилди.

Moodle, масофавий малака ошириш ва ОТМлар томонидан ишлаб чиқилган масофавий таълим платформаларига фанлар бўйича ўқув ресурслари жойлаштирилмоқда. Ҳозирда олий таълим бўйича ўқитиладиган 7395та фандан 2147тасини масофавий таълим ресурслари яратилган. Ҳозирда бошқа фанлар бўйича ресурсларни жойлаштириш ишлари давом эттирилмоқда», дея Холиқовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қўшимча қилинишича, республикадаги барча академик лицейларининг 1-2 босқич ўқувчиларига ҳамда умумтаълим мактабларининг 10-11 синф ўқувчиларининг ўқув режаларидан ўрин олган қуйидаги умумтаълим фанларидан UzReport телеканали билан ҳамкорликда жонли эфирда «Теледарс» лойиҳаси йўлга қўйилган. Унда география, математика, физика, информатика, инглиз тили, рус тили, оила психологияси, математика, инглиз тилида SAT дарсликлари ўрин олган.

Бу дарслар дам олиш кунларидан ташқари ҳар куни соат 9:25, 10:25, 11:25да телеканал орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилмоқда. Теледарслар Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти «International House» – Тошкент академик лицейининг халқаро тажрибага эга ўқитувчилари томонидан ташкил этиляпти.

Мавзуга оид