10:57 / 05.01.2021
18066

Ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари дуч келаётган асосий муаммо ва тўсиқлар маълум қилинди

Фото: РИА Новости

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россия ва Қозоғистонда ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари дуч келаётган асосий муаммо ва тўсиқларни маълум қилди.

Биринчи муаммо – бу патент олиш харажатларининг юқорилиги ва тартиб-тамойилларнинг мураккаблиги. Россияда меҳнат қилаётган фуқароларнинг 30 фоизидан ортиғи ишлаш ва яшаш учун расмий рухсатнома (патент) олмаган ҳолда ишламоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири бу патент олиш харажатларининг юқорилиги ва тартиб-тамойилларнинг мураккаблиги ҳисобланади.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон фуқаролари Россияда ишлаш ҳуқуқини қўлга киритиш мақсадида рухсатнома олиш учун мурожаат қиладиган бўлса, уларга фақат 1 йил муддатга патент берилади. Бунинг учун тахминан 500 АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан тўғри ва билвосита сарфланадиган маблағ керак бўлади.

«Бундан ташқари, ҳар ойда тахминан 50–125 АҚШ доллари миқдоридаги мажбурий тўловлар тўланиши ва бошқа сарф-харажатлар эътиборга олинса, ҳар йили бир киши 1700 АҚШ долларининг баҳридан ўтиши керак», - дейилади маълумотда.

Қозоғистонда эса, рухсатнома олиш билан боғлиқ харажатлар йилига 200-1000 долларни ташкил этиб, уни даставвал иш берувчи тўлаб беради, кейинчалик ишчи-мигрантнинг ойлиги ҳисобидан қоплаб олинади.

Иккинчи муаммо - касб-ҳунарга оид тақиқларнинг мавжудлиги. Ўзбекистонлик мигрантларга дорихоналар, чакана турғун бўлмаган чакана савдо шохобчалари ва бозорларда ишлаш тақиқланади.

Ўзбекистонлик мигрантлар ихтисослашган дўконларда алкогол ва тамаки сотиш каби соҳаларда ишлаши мумкин, аммо улар ташкилот ходимлари умумий сонининг 15 фоизидан кўп бўлмаслиги керак. Спорт соҳасида мигрантлар кўпи билан 25 фоиз, қуруқликдаги йўловчи ва юк ташиш транспортида эса корхона ходимлари сонининг энг кўпи билан 26 фоизи бўлиши керак.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида мазкур чегара 50 фоизни, қурилиш соҳасида эса 80 фоизни ташкил қилади.

Учинчи муаммо - Ўзбекистонлик мигрантлар ЕОИИ давлатларидан бирига келганидан сўнг олти ой ўтгач, солиқ тўловчилар тоифасига ўтказилади, яъни масалан Россияда улар жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқ ставкасини 13 фоиз ўрнига 30 фоиз миқдоридаги солиқни тўлайдилар.

«Шу ва бошқа масалалар ўзбекистонлик мигрантларнинг эркин меҳнат фаолиятини олиб бориши учун етарли шароит яратиш бўйича мавжуд имкониятларни батафсил ўрганиб чиқиш ва кенг таҳлил қилиш зарурлигини келтириб чиқармоқда», - дейилади Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги маълумотида.

Top