19:00 / 04.07.2020
23587

Аянчли аҳволдаги 149 та мактаб филиалларининг фаолияти тугатилди, яна 1179 тасиники босқичма-босқич тугатилади – ХТВ

Халқ таълими вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, охирги икки йилда ҳолати қониқарсиз, мавжуд синфхона ва ўқувчилари саноқли бўлган 149 та мактаб филиалларининг фаолияти тугатилган, яна 1179 тасининг фаолиятини босқичма-босқич тугатиш режалаштирилган.

«Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда баъзи мактабларнинг ачинарли ҳолати танқид қилинаётгани ҳам кузатилмоқда. Энг оғир масала бу мактаб филиалларидир. Аксарият ҳолатларда улар аҳоли томонидан ҳашар йўли билан қурилиб асосий мактабга қатнаш ўрнига ўша ерда ўқиш ташкил этилган.

Улардаги аҳвол ачинарлилиги билан биргаликда, ўқувчи сони жуда кам бўлганига сифатли таълимни ҳам ташкил этиб бўлмайди. Одатда 1-2 синфхонадан иборат ва бир синфда 2-3 тадан 1-3-синф ўқувчилари ҳам ўқийдиганлари анчагина.

Охирги 2 йилда 149 та мактаб  филиаллари фаолияти тугатилди, улардан 125 тасига мактаб мақоми берилди. Лекин, ҳозирги кунда ҳам 1 179 та мактаб филиаллари ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Уларнинг ҳам босқичма-босқич фаолияти тугатилиши, аҳоли ўсадиган ҳудудларда тўлақонли мактабга айлантирилиши зарур», дейилади ХТВ ахборот хизмати томонидан тарқатилган хабарда.

Вазирликнинг маълум қилишича, охирги 2 йилда 80 та янги мактаб қурилган, 806 та мактаб реконструкция  қилинган, 1224 та мактаб мукаммал таъмирланган, 2551 та мактаб буржўй печлардан халос бўлган, 775 та мактаб тоза ичимлик суви билан таъминланган.

«Шунга қарамай, ҳали қилиниши керак бўлган ишлар жуда кўп, мактабларнинг умумий сони 10 мингга яқин. Мактабга сармоя энг муҳим сармоялардан бири эканлигини Халқ таълими вазирлиги охирги 2 йил давомида давлат бюджетини тасдиқловчи Олий Мажлисга, маҳаллий бюджетларни тасдиқловчи маҳаллий кенгашлар ва ҳокимликларга ҳамда бошқа ҳомий ва битирувчиларга мурожаат қилиб келганлиги туфайли, охирги 2 йилдаги қурилиш, таъмирлаш ва жиҳозлашга сармоялар миқдори сезиларли равишда ортди.

Шундай бўлса-да, мактабларнинг аҳволини яхшилашни янада тезроқ амалга ошириш учун, албатта, қўшимча маблағлар зарур. Шунинг учун, мактабларга ёрдам учун марказлашган давлат инвестиция маблағлари, маҳаллий бюджет ҳамда ҳомийлик маблағлари жалб этилишида жойлардаги мутасаддиларнинг ҳам ёрдами муҳим. 

Соҳада йиллар давомида йиғилиб келган, ўз ечими кутаётган талайгина муаммолар мавжудлигини барчамиз биламиз. Уларни бартараф этишда биргаликда амалий ҳаракатлар билан ёндошсак, унинг ечими устида бош қотирсак, мактабларга кўмаклашиш масаласини умуммиллий ҳаракатга айлантирсак, албатта қўйилган мақсадга эришамиз», дея вазирнинг матбуот котиби Лайло Рустамованинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Сенатининг 5-ялпи мажлисида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов мактаблардаги муаммоларни ҳал қилиш учун ҳар қандай ёрдам муҳим эканини таъкидлаган эди.

Top