Халқ таълими вазирлиги ҳамда тегишли мутассаддиларга ўқитувчилар зиммасига юклатилган барча ортиқча вазифаларни инвентаризация қилиш ҳамда уларни тақиқлаш юзасидан администрация томонидан тегишли кўрсатма берилди. Бу ҳақда Президент Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжонов телеграм-каналида хабар берди.
Бундан олдинроқ блогер Никита Макаренко ўқитувчиларга таяниб шу борадаги муаммоларни ёритганди.
«Бу ишларнинг барчаси мактаб директорлари ва туман халқ таълими бўлимларининг сиртдан берилган буйруқлари асосида содир бўляпти. Бу ҳолатда Халқ таълими вазирлиги бефарқ. Эҳтимол вазирлик муаммодан хабардор ва оммавий баёнотларга қарамасдан, замонавий қулликнинг ушбу шаклига самарали барҳам бериш қўлидан келмайди», деб ёзган у.
Блогер муаммо тизимли эканини қайд этиб, бутун мамлакат бўйлаб барча мактабларнинг ўқитувчилари қуллик ва ҳақ тўланмайдиган меҳнатга кенг жалб этилаётганини таъкидлаб ўтган.
«Бу ҳолат Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 14 августда қабул қилинган ПҚ–3907-сонли қарорида ўқитувчиларни бундай ишларга жалб қилиш тўғридан тўғри тақиқланганига қарамай содир бўлмоқда. Тўпланган далиллар Президент қарори амалга оширилмаётгани, масъул идоралар томонидан ўқитувчилар ўртасида оммавий қулликка қарши самарали кураш олиб борилмаётганини кўрсатиш имконини беради», деб ёзади Макаренко.
Ўқитувчиларни вазифасидан ташқаридаги юмушларга ноқонуний мажбурлаш борасида Саида Мирзиёева ҳам ўз муносабатини билдириб ўтди:
«Ўқитувчиларни худди йигирма йил олдинги каби яна хонадонларни айланиб чиқишга ва ўқувчилар рўйхатини тузишга мажбур қилишаётгани ҳақида эшитиб, жуда хафа бўлдим.
Мен ўқитувчиларга бўлган муносабатни қайта кўриб чиқиш ўта зарур деб ҳисоблайман ва мутасаддилардан уларнинг зиммасига кераксиз ва ноқонуний вазифалар юклашни бас қилишларини сўраб қоламан.
Ўқитувчиларнинг асосий вазифаси — фарзандларимизга билим бериш орқали мамлакатимиз келажагини таъминлашдир.
Бунинг ўзи жуда мураккаб вазифа. Таълим йўналишида шундоқ ҳам муаммолар ғиж-ғиж бўлиб турганида, устига-устак ўқитувчилар гарданига яна қандайдир қўшимча вазифалар юклаш — бу энди ортиқча.










