15:48 / 07.03.2019
11929

​Россия шакарининг Ўзбекистонга импорти учун алоҳида квота сўралмоқда

Фото: ТАСС

Россия Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Сергей Левин РФ Ўзбекистонга ҳар йили 750 минг тонна шакар етказиб бераётгани, аммо жорий йилда бу кўрсаткич кескин тушиб кетганига эътибор қаратди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда. 

6 март куни қишлоқ хўжалиги масалаларида айрим ҳолатларни муҳокама қилган Россия Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Сергей Левин рус шакарининг Ўзбекистонга импорти нега тушиб кетаётганини маълум қилган.

«Ўзбекистонда шакар ишлаб чиқариш заводлари ишга тушди. Бундан ташқари, Покистон, Эрон, Украина ва Беларусдан маҳсулот етказиб бериш ҳажми ошяпти»,​ —​ дейди у. 

Маълум қилинишича, Россия томони ўрнатилган тарихий муносабатлар ва келгусида ҳамкорлик истиқболини инобатга олиб, рус шакарининг Ўзбекистонга экспорт қилишда 200 минг тонна миқдорида квота ажратишни сўраган.

Аввалроқ, Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчиси Дилёр Ҳакимов ​ Тошкент вилояти ҳудудида шакар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича лойиҳани амалга ошириш истиқболларни Бельгиянинг DSEC компанияси раҳбарияти ​муҳокама қил​гани ҳақида хабар берилганди.

Президентнинг 12 декабрдаги фармони билан импорт қилинадиган шакарга 20 фоизлик ҚҚС жорий этилганди.

Шу билан бирга, шакар ишлаб чиқарувчиларни импорт хом ашёси асосида ишлаб чиқарилган ҳажмлар қисмига қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш муддати 2020 йил 1 январга қадар узайтирилди.

Экспертнинг изоҳ беришича, импорт қилинувчи шакарга (асосан Украинадан) 20 фоизлик ҚҚС жорий этилишидан кўзланган мақсад - «маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга оёққа туришга ёрдам бериш».​

Top