07:21 / 16.05.2024
4403

Тошкентда чорраҳалар ва кўчаларни таъмирлаш бўйича кенг кўламли ишлар бошланади

Ишларнинг асосий қисми май ойидан сентябр ойигача – мактаблар ва олий ўқув юртларида таътил кунларида амалга оширилади.

Фото: Kun.uz / Нуриддин Нурсаидов

Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахтнинг қатор чорраҳалари ва кўчаларини таъмирлаш ва реконструкция қилиш бўйича кенг кўламли ишлар бошланиши тўғрисида маълумот берди.

Ишларнинг асосий қисми жорий йилнинг май ойидан сентябригача – мактаблар ва олий ўқув юртларида таътил кунларида амалга оширилади.

Ишлар асосан тунги вақтда бажарилади. Пойтахтдаги пиёдалар ва ҳайдовчилар бу ишларнинг оғирлигини ҳис қилмаслиги учун барча имкониятлар ишга солиниши айтилган.

Иш биринчи марта кенг кўламда, янги қоплама (ШМА) турларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Шу билан бирга, ерости коммуникациялари ҳам текширилади.

“Ҳурматли фуқаролар, иш жараёнида ҳайдовчилар учун ҳам, пиёдалар учун ҳам ноқулайликлар туғилиши муқаррар. Биз олдиндан узр сўраймиз ва вазиятни тушунишингизни сўраймиз, чунки бу қисқа муддатли қийинчиликлар узоқ муддатли қулайлик учун хизмат қилади”, дейилади хабарда.

Top