Тошкент метросининг “Миллий боғ”, “Ғафур Ғулом”, “Ўзбекистон”, “Юнус Ражабий” ва “Машинасозлар” бекатларидаги иккинчи кириш-чиқиш жойлари ҳамон очилгани йўқ. Улар бетонлар ва панжаралар билан тўсиб қўйилган. Kun.uz бу ҳақда анча аввалроқ ҳам ёзганди.

2024 йилнинг февралида ерости метро бекатларида ўрнатилган эскалаторларнинг хизмат муддатини ўтаб бўлганларини босқичма-босқич равишда янгиларига алмаштириш режалаштирилгани маълум қилинганди.

Биринчи босқичда “Халқлар дўстлиги” метро бекатининг иккинчи вестибюли, Tashkent city мажмуасига олиб чиқувчи томони 10 февралдан 20 мартга қадар ёпилганди. Унинг эскалаторлари янгисига алмаштирилгач чиқиш жойи 20 мартдан ишга тушиши белгиланган, аммо бу бекат ҳанузгача очилгани йўқ. У ҳам тўсиқлар билан ёпиб қўйилган.

2023 йил октябрида Тошкент метрополитени қошида очилган “Тошметротранс” МЧЖ лойиҳа институти томонидан барча ёпиқ вестибюлларни ишга тушириш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилиб, давлат экспертизасига топширилгани маълум қилинганди. Ўшанда масъуллар экспертиза хулосаси олинганидан кейин, босқичма-босқич таъмирлаш ишлари билан барча ёпиқ вестибюллар 2024 йилнинг май ойигача очиб қўйилиши ваъда қилганди. Бироқ бугун, 2 июл вестибюлларнинг ҳеч бири очилгани йўқ.

Kun.uz бу бўйича Тошкент метрополитени матбуот хизматига бир неча маротаба сўров юборди. Аммо ахборот хизмати сўровларга жавоб бермади.