18:10 / 01.04.2018
12083

Тиббиёт ходимлари Тошкентдаги паркда мажбуран ишлатилгани ҳақидаги хабарлар рад этилди

2018 йилнинг 30 март куни хорижий нашрларда Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги «Ашхобод» парки ҳудудида ободонлаштириш ишларига мажбурий тарзда йўлланган тиббиёт ходимлари тўғрисидаги мақола нашр этилганди. Мақолада тиббиёт ходимлари кечгача ишлашга мажбур қилингани ва хайрия фонди учун 13 миллион сўм миқдорида маблағ йиғишлари талаб этилгани таъкидланганди. 

Мазкур вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳри ҳокимлигининг ахборот хизмати тегишли саволлар билан 2-болалар жарроҳлик шифохонаси бош шифокори Дониёр Собировга мурожаат қилди. 

Маълум бўлишича, шу куни турли тиббиёт муассасаларининг бир неча нафар тиббиёт ходимлари ҳудудларни тозалаш ишларига жалб қилинган, бироқ ОАВда айтилганидек «Ашхобод» парки ҳудудида эмас, унинг ёнида жойлашган Яшнобод туман марказий поликлиникаси ҳудудида.

«Поликлиника ҳудудидаги ободончилик ишлари тиббиёт муассасаси ҳудудида ўтказилиши режалаштирилаётган «Сумалак» тадбирига тайёргарлик ишлари муносабати билан амалга оширилган. Маълумки, ўзбек халқининг севимли тадбирларидан бири бўлган «Сумалак» баҳор мавсумида маҳаллалар билан бирга давлат муассасалари ҳудудларида ўтказилади. Қоидага кўра, «Сумалак»ни тайёрлаш эрталабгача давом этади ва у турли қўшиқ ва рақслар, ҳазил-мутойибаларга бой бўлади. Байрам тадбири ўтказиладиган ҳудудда эса олдиндан тозалаш ишлари ўтказилади», дейилган хабарда.
 
2-болалар жарроҳлик шифохонаси бош шифокори Дониёр Собировнинг таъкидлашича, у «Ашхобод» парки ҳудудида йирик кўламли тозалаш ишлари амалга оширилаётганидан хабардор бўлган, парк ҳудуди қўриқланади. Бегоналар парк ҳудудига кириши тақиқланган.

«Бошқа томондан, «Ашхобод» парки маъмуриятининг ўз ресурслари етарли ва қўшимча ёрдамга эҳтиёж йўқ», дейди у. 

Шунингдек, фондларга мунтазам пул маблағлари йиғилишига доир хабар ҳам тасдиқланмади.

Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари Улуғбек Эгамбердиевнинг таъкидлашича, республика давлат муассасалари ходимларининг бир кунлик даромадларини ушлаб қолиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш тўғрисида»ги кўрсатмасига мувофиқ йилда бир марта, кўрсатилган тадбир вақтида «ихтиёрий равишда» амалга оширилади.

«Бир кунлик иш ҳақи ўтказилишини рад этган ишчилардан пул воситалари ушлаб қолинмайди. Бу нормал тажриба. Йиғилган маблағлар «Маҳалла» фондига ўтказилади ва улар хайрия мақсадларида сафарбар этилади. Қолган барча йиғимлар ноқонуний ҳисобланади», дейди Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари.

Top