Ўзбекистон | 15:08 / 05.04.2024
13276
1 дақиқада ўқилади

“Ташаббусли бюджет”да овоз йиғишга мажбурлаган ҳоким ўринбосари жаримага тортилди

Қизилтепа тумани ҳокими ўринбосари Ўлмас Истамов тумандаги ташкилотлар раҳбарларини “Ташаббусли бюджет”да овоз йиғишга мажбурлагани учун жаримага тортилди. Бу ҳақда Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия маълум қилди.

Фото: Қизилтепа тумани ҳокимлиги

Прокуратура ва меҳнат инспексияси ўтказган ўрганишда ҳоким ўринбосарининг ҳаракатларида ҳуқуқбузарлик аниқланиб, унга нисбатан МЖтКнинг 51-моддаси 1-қисми билан жарима жазоси тайинланган.

51-модданинг 1-қисмига кўра, меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш 50–100 БҲМ (17 млн сўмдан 34 млн сўмгача) жарима солишга сабаб бўлади. Ҳоким ўринбосари айнан қанча жаримага тортилгани маълум қилинмади.

“Миллий комиссия барча масъулларни, шунингдек, иш берувчиларни, ҳудуд раҳбарларини ходимларнинг конститутсиявий ҳуқуқларини таъминлашга чақиради.

Шу ўринда Конституциямизга мувофиқ ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун адолатли ҳақ олиш ҳуқуқига эгалиги, шунингдек, мамлакатимизда мажбурий меҳнат тақиқланганлиги ҳамда миллий қонунчилигимизда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланганлиги ҳақида эслатиб ўтамиз”, – дейилади комиссия баёнотида.

Мавзуга оид