10:40 / 15.05.2023
31116

Туркиядаги сайлов. Томонлар иккинчи турга тайёрланмоқда

Мухолифатчилар учта асосий шаҳар - Истанбул, Анқара ва Измирда устун келишди.

Фото: Hakan Akgun / dia images via Getty Images

Якшанба куни Туркияда бўлиб ўтган президентлик сайловларида номзодларнинг ҳеч бири биринчи турда ғалаба қозониш учун зарур бўлган 50 фоиздан ортиқ овозни тўплай олмади. Айни вақтга келиб сайлов бюллетенларининг 99 фоизи ҳисоблаб бўлинган ва энди натижаларда жиддий ўзгариш бўлиши кутилмаяпти. Эндиликда ғолиб 28 май куни бўлиб ўтадиган иккинчи турда аниқланади.

Туркияда президентлик ва парламент учун ўтказилган сайловлар тарихий деб аталмоқда, чунки Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг 20 йиллик бошқарувидан кейин илк бор мухолифатда муваффақият учун имкон пайдо бўлди.

Сайлов қутиларининг 99 фоиз қисми очилганидан кейинги натижаларга кўра Эрдўған 49,35 фоиз овозга эга бўлган. Унинг асосий рақиби - мухолифатдаги олти партия ташкил этган «Миллий алянс»нинг ягона номзоди Камол Қиличдорўғли эса 45 фоиз овоз жамғарган. Президентликка номзод бўлганларнинг яна бири Синан Ўғанда - 5,22 фоиз. «Ватан» партияси етакчиси, 11 май куни пойгадан чиқишини эълон қилган Муҳаррам Инжега ҳам барибир овоз берганлар топилган - 0,43 фоиз.

Икки асосий номзод ҳам дастлабки натижалар юзасидан муносабатини билдирди.

Эрдўған биринчи турдаёқ ғалаба қозонишига умид билдирди, шу билан бирга, халқ хоҳиш-иродаси иккинчи тур бўлишини кўрсатса, у бунга қарши бўлмаслигини қўшимча қилди.

«Якуний натижалар аниқ бўлмаса ҳам, биз яққол устунлик қилмоқдамиз. Сайловлар биринчи турда тугайдими ёки йўқми, ҳали билмаймиз. Лекин агар халқ бизни иккинчи турга юборса, биз бу қарорни ҳурмат қиламиз», деган у Адолат ва тараққиёт партияси штаб-квартираси балконидан туриб тарафдорларига мурожаат қилар экан.

Унинг рақиби, мухолифат номзоди Камол Қиличдорўғлининг иккинчи турда ғолиб чиқишига ишончи комил.

«Келгуси 15 кун ичида халқимиз билан биргаликда адолат қарор топиши учун бор кучимизни ишга соламиз. Халқимизнинг ишончи комил бўлсинки, биз албатта ғалаба қозонамиз. Жамиятда ўзгаришлар истаги 50 фоиздан юқори», деган сиёсатчи.

Қарийб барча ижтимоий сўровлар иккинчи тур бўлишини башорат қилганди, аммо кўпчилик биринчи турда Эрдўған эмас, Қиличдорўғли устун келишини кутганди.

Сайловлардаги учинчи номзод Синан Ўған иккинчи турда қайси номзодни қўллаши борасида тез орада бир қарорга келишни ваъда қилмоқда.

Қайд этиш керакки, кўп аҳоли яшовчи йирик шаҳарлардаги овозларни ҳисоблаш бошлангач, икки номзод ўртасидаги фарқ аста-секинлик билан қисқара борди.

Эрдўған ҳамон олдинда бораётганига қарамай, мамлакатнинг учта йирик шаҳри - Истанбул, Анқара ва Измирда мухолифатчилар устун келмоқда, бу эса сайловларнинг якуний натижаларига яна таъсир ўтказиши мумкин.

Истанбулда 16 миллион, пойтахт Анқара ва ғарбий соҳилдаги Измирда 10 миллиондан одам яшайди. 

Истанбулда овозларнинг 99,99 фоизи ҳисоблаб чиқилганидан кейин Қиличдорўғли 48,55, Эрдўған 46,68 фоиз овоз олгани маълум бўлди.

Анқарада 100 фоиз бюллетенлар саноқдан ўтказилган, якуний натижаларга кўра, мухолифатчилар 47,32, амалдаги президент 46 фоиз овоз жамғарган.

Азалдан камолчиларники бўлиб келган Измирда эса Қиличдорўғли мутлақ устунликка эришган - 63,29 фоизга қарши 31,48 фоиз.

Парламент сайловлари натижаларига кўра, ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси устунликка эришган.

Сайловда давомат тарихий рекорд даражада 93 фоизни ташкил этди.

Туркия олий сайлов кенгаши (YSK) якуний натижаларни 19 май куни расман эълон қилади.

Мавзу
Туркия-2023
14 май куни Туркияда президентлик сайловлари бўлиб ўтади. Асосий кураш мамлакатни 20 йилдан буён бошқариб келаётган Ражаб Эрдўған ва мухолифатчилар номзоди Камол Қиличдорўғли ўртасида кечади.
Барчаси
Top