11:40 / 23.11.2018
39544

Корхона эшигига қулф осилди: Андижон шаҳри марказида электр йўқ

«Kun.uz»га йўлланган навбатдаги мурожаат ҳам тадбиркорнинг муаммоси ҳақида.

Агар бир дона ишлаб чиқариш корхонасининг иши юришса, қанча инсон ишли бўлади. Ишбилармонлик эса - ўзи алоҳида иқтидор. Корхонани юргизиш, бозорда рақобатга дош берувчи маҳсулот ишлаб чиқариш, мижоз топишнинг ўзи минг машаққат. Тадбиркор минг бир чиғириқдан ўтиб, лойиҳани амалга оширмоқчи бўлганида, энг катта тўсиқ пайдо  бўлади...

Бобуржон Рустамов, Андижон шаҳридаги Саноат кўчасида жойлашган собиқ Улгуржи база биносини қайта таъмирлаб, картон қутилар ва қандолатчилик ишлаб чиқариш учун Хитойдан дастгоҳлар олиб келишга киришди.

Хитойга борганида эса айнан ўзи олиб келаётган дастгоҳларнинг ишлаш жараёнини ўрганди. Бор сармоясини режа бўйича ишлатишга уринди. 38 минг долларга қандолатчилик дастгоҳлари, 35 минг долларга эса картон қутилар ишлаб чиқарувчи дастгоҳлар харид қилиб, олиб келди.

Энди, корхона учун таъмирланган жойга электр токи олиб келишга уннади. Янги трансформатор ва кабелларга 95 млн. сўм сарфлади. Электрни олиб келиш учун техник шартларга ҳужжатларни тўплашнинг ўзи ҳам алоҳида ғавғо. Уни ҳам эплади. 20-30 нафар ишчи билан фаолиятни бошлай деганида энг асосий муаммо – «ЭЛЕКТР ТОКИ ТАНҚИСЛИГИ» даҳмазаси бошланди.   

«Kun.uz» сайтига мурожаат қилишдан олдин, минг ўйланганим, ечим топишга уринганимни айтишим керак. Охири бўлмади. Электрдаги узилишлар бўйича  муаммолар қандолатчилик дастгоҳларини ўрнатаётганимизда бошланди. Шаҳар ва вилоят электр тармоқларига мурожаат қиламиз ва «Қачон ёнишини айта олмаймиз. Линияда «Ограничение бор!», деган жавобни эшитамиз. Эрталаб, соат 9да ўчса, кундузи соат 12да ёнади. Сўнг, соат 13:00да ўчиб, 16:00да ёнади. Бу шароитда ишлаб бўлмаслигини билиб, тўхтатдик-қўйдик. Чунки, зиёнга киришимиз аниқ-ку?

Дейлик, қандолатчилик дастгоҳида қанд хом ашёсини қоришни бошладик. Ток ўчади. Қанд қайласи қотади ва қайтиб ишлатиб бўлмайдиган чиқиндига айланади. Бу 800 минг сўмлик маҳсулот ахлатга айланди дегани. Картон қутиларда ҳам шу аҳвол. Уни тайёрлашда ҳам, қоғоз қизитилиб шаклга келтирилади. Бир марта ток ўчса, 1 миллионлик хом ашё увол. Кундузлари ҳеч бўлмаса, олти соат узлуксиз жадвал бўйича ток беришса ҳам майли эди. Пала-партиш ўчиришларнинг охири йўқ.  Аҳвол чатоқ. Зиёнга киряпмиз. Шунинг учун иккинчи картон ишлаб чиқарувчи линияни ўрнатишга ҳам бош қотган», дейди тадбиркор.

Тадбиркорнинг билдиришича, у ишлаб чиқарадиган қандолатчилик маҳсулотлари муқобили водийда йўқ экан. Ўша болажонлар суядиган «чупа-чупс»га ўхшаш маҳсулот, карамеллар бизда фақат қўл меҳнати билан тайёрланади. Тадбикорда эса автоматлашган тизим орқали, замонавий дастгоҳларда. Айнан мана шу маҳсулотларга қўшни Қирғизистон ва Тожикистонда ҳам талаб бор.

Ҳар икки линияда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга талаб етарли. Энг асосийси, 35-40 нафар киши муқим  ишли бўлиб, ички бозор маҳаллий маҳсулот билан тўлдирилади.

Ишбилармоннинг кредит бўйича ҳам муаммолари бор. Вилоят марказий банки ваъда берган бўлсада, ҳали ҳам бажаргани йўқ.

Миниб турган автомашинасигача сотиб, иш бошлаган йигит ҳозир танг аҳволга тушиб қолган. Вилоят ва шаҳар электр тармоқлари 40 нафар кишини иш билан таъминламоқчи бўлган йигитга ўнг кўзи билан қараб, корхонага иккита линия тортиб беришни ҳам ўйласа унинг иши ҳам «қанддек» бўлиб кетармиди?  

Мақола, баланпарвоз сўзлар билан тугаши керак эди. Ундай  бўлмади.

Фақат биттагина изоҳ...

«Ўзбекнинг тадбиркорига кўмак берманг! Фақат ишлаш учун шароит яратиб беринг! Қолганини ўзи уддалайди».

Ҳозирча, унинг корхонаси эшигида катта қулф осиғлиқ...

Элмурод Эрматов, Андижон

Kun.uz мухбири

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top