19:59 / 18.05.2021
9145

«Обнал иши» бўйича Бухородаги иккита судда тадбиркорларнинг қўли баланд келди

Бухоро вилоят солиқ бошқармасининг икки нафар тадбиркорга нисбатан «обнал иши» доирасидаги хатти-ҳаракатлари судда ноқонуний деб топилди. Тадбиркорлар қарийб 164 млн сўмлик асоссиз солиқ юкидан халос бўлди.

Фото: Kun.uz

Бухоро шаҳар маъмурий суди обнал иши бўйича иккита ишда Бухоро шаҳар солиқ органининг тадбиркорга нисбатан хатти-ҳаракатини ғайриқонуний деб топган. Бу ҳақда тадбиркорларнинг солиқ маслаҳатчиси Олимжон Зарипов Кun.uz'га маълум қилди.

«Обнал иши бўйича суднинг ҳал қилув қарори 11 май куни эълон қилинди. Иккита ишда тадбиркор зиммасига юклатилган солиқ суммаси бекор қилиниб, солиқ органининг хатти-ҳаракати ноқонуний деб топилди.

Даъво предметимиз Бухоро вилоят давлат солиқ бошқармасининг тадбиркор(лар)га нисбатан хатти-ҳаракатини ноқонуний деб топиш бўйича эди. Судлар давом этмоқда, навбатдаги ишлар адлия органларининг даъволари бўйича кўрилади», – деди у Кun.uz билан суҳбатда.

Биринчи ҳолатда вилоят солиқ бошқармаси тадбиркорни гумонлар асосида шубҳали корхоналар билан ҳамкорлик қилган, деб топиб, унинг зиммасига 39 842 277 сўмлик қўшимча қиймат солиғини юклаган. Иккинчи ишда эса солиқ бошқармаси бошқа бир тадбиркорнинг зиммасига 124 272 118 сўм ҚҚС бўйича қарздорлик юзага келтирган.

Солиқ органининг хатти-ҳаракати қуйидаги асосларга кўра ноқонуний деб топилган:

  • Солиқ кодексининг 266-моддасига мувофиқ, агар ҳисобга олиш ҳуқуқи товарни (хизматларни) олиш бўйича қалбаки ёки кўзбўямачилик учун тузилган битим натижасида вужудга келганига оид далиллар мавжуд бўлса, солиқ органлари ҳисобга олишни бекор қилишни ва унга тузатишни амалга оширишга ҳақли;
  • Мазкур кодекс (266-моддасининг 14-қисми)га биноан, ушбу моддада кўрсатилган ҳуқуқни суиистеъмол қилиш, битим қалбакилиги (кўзбўямачилик учун тузилгани) ҳолатларини аниқлаш, шунингдек, уларнинг оқибатларини қўллаш солиқ органлари томонидан, солиқ тўловчи норози бўлган тақдирда эса, солиқ органларининг даъвоси бўйича суд томонидан амалга оширилиши кўрсатилган.

Шунингдек, Солиқ кодекси 266-моддасининг 14-қисмига биноан, солиқ органлари ҳисобга олишни бекор қилишни ёки унга тузатиш киритишни амалга оширишга ҳақли. Лекин, унинг учун ҳисобга олиш ҳуқуқи товарларни (хизматларни) олиш бўйича қалбаки ёки кўзбўямачилик учун тузилган битим натижасида вужудга келганига оид далиллар мавжуд бўлиши лозим.

Суд бу ҳолатда солиқ органи тадбиркор ва унинг контрагенти ўртасидаги шартнома бўйича судга даъво ариза билан мурожаат қилиши лозим ва бундай ҳаракат амалга оширилмаган тақдирда ҳам, солиқ органлари солиқ текширувларининг бирини амалга ошириши ва унинг натижаси бўйича қарор қабул қилиши лозим эди, деган қарорга келиб, солиқ органининг хатти-ҳаракатини ноқонуний деб топган.

Эслатиб ўтамиз, Давлат солиқ қўмитаси феврал ойида нақдлаштирувчи фирмалар билан кураш бошлаб, 10 мингга яқин тадбиркорлик субъекти зиммасига бюджетга тўланмаган 1 триллион сўм ҚҚС суммасини юклаган, бу эса резонанс келтириб чиқарганди.

Апрел ойида Тошкентдаги шу масала юзасидан судда Тошкент шаҳар туманлараро маъмурий суди тадбиркор фойдасига ҳал қилув қарорини чиқариб, солиқ органининг хатти-ҳаракатини ноқонуний деб топди.

ДСҚ Бухородаги 900 нафар тадбиркордан «обнал иши» бўйича ундирувни бекор қилиш ҳақидаги ҳукумат комиссияси қарорини бажармаётгани айтилмоқда.

Мавзу
«Обнал» можароси
Давлат солиқ қўмитаси нақдлаштирувчи фирмалар билан кураш бошлаб, 2021 йил феврал ойида 10 мингга яқин тадбиркорлик субъекти зиммасига 1 триллион сўм ҚҚС суммасини юклади.
Барчаси
Top