Жаҳон | 11:18 / 07.10.2021
11978
2 дақиқада ўқилади

АҚШ 5 йил ичида биринчи марта ўз ядровий жанговар каллаклари сонини маълум қилди

АҚШ давлат департаменти 5 йил ичида биринчи марта АҚШда нечта ядровий жанговар каллак борлиги ҳақидаги маълумотни очиқлади. Гап шундаки, АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп ушбу маълумотни очиқлашни тақиқлаб қўйганди.

Фото: topwar.ru

2020 йил 30 сентябрь ҳолатига кўра, АҚШ қуролланишида 3750та фаол ва нофаол ядро каллаклари мавжуд. Бу 2019 йилга нисбатан 55та, 2017 йилга нисбатан эса 72та каллакка камроқ.

“Ушбу кўрсаткич АҚШ ядро қуроли собиқ иттифоқ билан 1967 йилда совуқ урушнинг авж палласида энг чўққига етган даврдан бери энг паст кўрсаткичдир. Ўшанда АҚШда 31 мингдан кўпроқ ядро заряди бўлган”, дейилган хабарда.

Давлат департаментида таъкидланишича, ушбу статистиканинг эълон қилиниши амалдаги президент Жо Байден маъмурияти Трамп вақтида боши берк кўчага кириб қолган Россия билан ядровий қуролсизланиш бўйича музокараларни тиклашга уринаётганидан дарак беради.

АҚШ ва Россия ўртасида стратегик ҳужумкор қуролларни янада қисқартириш ва чеклаш бўйича келишув (СНВ-III) икки давлатдаги ядро каллаклари сонини чеклайди. Бироқ томонлар келишув муддати тугагунгача янги келишувга эриша олмасалар, унда икки томон ҳам ядро қуролини чеклашдан бош тортишига олиб келиши мумкин.

Келишувга кўра, икки давлат ядро зарядлари сонини 1550тагача, қитъалараро, сувости ва оғир бомбардимончилар баллистик ракеталари сонини эса 700тагача қисқартириши кўзда тутилган. 

Ўтган ҳафта Россия ва АҚШ вакиллари Женевада СНВ-III ўрнига келадиган келишувни тайёрлаш бўйича учрашув ўтказган. Оқ уйда музокаралар “сермаҳсул” ўтгани маълум қилинган.

Тинчлик муаммоларини тадқиқ қилиш бўйича Стокҳолм халқаро институти (SIPRI) маълумотларига кўра, 2021 йил январда АҚШда 5550та, Россияда 6255та, Хитойда 350та, Британияда 225та, Францияда эса 290та ядровий жанговар каллак бўлган. Ушбу статистика фойдаланишдан чиқарилган каллакларни ҳам ўз ичига олади. 

Институт, шунингдек, “ядро клуби”га кирмайдиган давлатлар — Ҳиндистон, Покистон, Исроил ва Шимолий Кореяда умумий ҳисобда 460та ядровий жанговар каллак борлигини маълум қилган.  

Мавзуга оид