13:00 / 02.02.2020
11
62047

Монополиянинг яна бир зарарли оқибати: Самарқандда пул тўлаган юзлаб харидорлар автосалондан машиналарини ололмаяпти

«Ўзавтосаноат» таркибидаги корхоналар монополист эканлиги, бунинг оқибатида истеъмолчилар маҳсулот нархи, сифати, хизмат кўрсатиш даражасидан азият чекиб келаётгани матбуотда бот-бот такрорлаб келинмоқда.

Кейинги йилларда соҳада вазият бирмунча ислоҳ қилинаётгани рост, бироқ кўнгилни хижил қилувчи ҳолатлар ҳамон кузатилиб турибди. Ана шундай ҳолатлардан бири Самарқанд шаҳрида рўй бермоқда. Таҳририятга машина харид қилиш истагида пул тўлаб, сарсон бўлаётган харидорлар мурожаат қилишди.

Маълум бўлишича, Самарқанд шаҳридаги авто етказиб берувчи корхона — «Самарқанд автотеххизмат» МЧЖ билан шартнома имзолаган мижозларнинг машиналари берилмай турилибди. Биз иш вақти тугаётган чоғда бу масканга бориб, шундай харидорларнинг икки нафарини учратдик. Аслида, бундай ҳалак бўлаётган харидорлар сони камида 300 нафарлигини айтишмоқда.

Мижозлардан бири Тўти Шермамедова вазиятни тушунтиришича, у 4-позициядаги «Кобальт» автомашинасига ноябрь ойида банкдан кредит расмийлаштириб, тўлиқ тўлов қилган. Шартнома шартларига кўра, 31 январь кунигача автомашина етказиб берилиши керак эди. Бироқ, шартнома шартлари бажарилмаган. Машина етказилмаган. Унинг машинага ишониб бошламоқчи бўлган иши тўхтаб турибди.

Бошқа бир мижознинг машинаси эса автосалон ҳовлисида 20 кундан бери қолмоқда. У ҳам машинани банкдан кредит расмийлаштириб олган. Тўловларни қилмоқда. Лекин машинасини ололмаяпти.

«Самарқанд Автотеххизмат» МЧЖ бош муҳандиси Шарофиддин Пардаев вазиятга изоҳ берди.

«Ўзавтосаноат» АЖ текширув ўтказиб, автосалонимизда айрим камчиликларни аниқлаган ва 2020 йил 7 январдан буён фаолиятимизни чеклаб қўйган. Биз далолатномада кўрсатилган камчиликларни бартараф этмоқдамиз. Мижозларнинг барчасига автомашиналари етказиб берилади. Қолиб кетмайди», дейди у.

Унинг айтишича, автосалон тураргоҳида айни дамда 61та машина эгаларига тарқатилишини кутиб турибди. Мижозларнинг машиналари Бухоро ва Ангрендаги тураргоҳларда ҳам сақланмоқда.

Мижозлар «Ўзавтосаноат»нинг 141-77-77 рақамли ишонч телефонига ҳам мурожаат қилишган. У ердан автосалон «Ўзавтосаноат»га қандайдир ариза бериши кераклигини айтишган.

Шарофиддин Пардаев бу борада ўз фикрини билдирар экан, Самарқанддаги бошқа автосалонлар орқали бўлса-да, автомашиналарни ўз эгаларига тарқатишлари, керак бўлса кечиктирилган кунлар учун шартномага асосан ҳисобланадиган жарималар ҳам тўлаб берилишини айтиб ўтди.

Шунингдек, автосалон бош муҳандиси «Ўзавтосаноат» комиссияси томонидан автосалонда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан ишлар олиб борилаётгани — пешлавҳалар ўзгартирилаётгани, кузовлар учун алоҳида усти ёпиқ бостирма қурилаётгани, банк бўлими очилганини гапириб берди.

Ушбу масалада энг қизиғи — мижозларнинг барчаси тўлаган пуллар шартномага кўра тўлиғича «ЎзАвтоМоторс»нинг ҳисоб рақамига бориб тушган. Автосалон фақат маржа олади. Модомики, автосалоннинг фаолият кўрсатилиши тўхтатилган экан, нега бундан якунда истеъмолчи, яъни фуқаролар азият чекиши керак?

Хўп, автосалонда маълум бир камчиликлар бор экан, улар аниқланибди ҳам дейлик — уларни бартараф этиш учун мижозларнинг ҳуқуқлари топталмайдиган жазо чоралари қўлланса бўлмайдими? Айтайлик, маржадан маҳрум қилиш. Ёки «Ўзавтосаноат»га автомашина учун тўлиқ пул тўлаб берган мижозларнинг автомашиналари бошқа автосалонлар орқали эгаларига етказилиши чораси кўрилмайдими?

Мана шундай — машина сотувчи дилерларни жазоловчи, харидорларни юракўйноғи қилувчи «Ўзавтосаноат» ўзи керакми бизга; у ерда халқни ўйлайдиган, рози қила оладиган одамлар ишлаяптими ўзи, деган ўринли саволлар туғилаверади.

Қизиқ, ушбу ҳолат юзасидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги қандай чоралар кўрар экан?.. Кузатамиз.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz мухбири.

UPD: Танқиддан сўнг: Самарқанддаги автосалонда машиналар ўз эгаларига тарқатилмоқда

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top