14:52 / 20.11.2018
57358

Фермер 1 миллиард сўм қийматга яқин наслли қорамол олиб келди. Ҳокимиятнинг уни қўллаб-қувватлашга тоқати йўқми?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг январь ойида Қашқадарё вилоятига қилган ташрифи давомида вилоятда чорвачиликни ривожлантириш, соҳага наслдор қорамоллар олиб кириш, уларни замонавий технологиялар асосида парваришлаш, етиштирилган қорамолларни жойида қайта ишлаш ва бунинг учун зарур шарт-шароитлар яратиш ҳақида сўзлаганди. Айтиш мумкинки, бу борада вилоят миқёсида анча-бунча ишлар амалга оширилди.

Аммо вақти-вақти билан шундай ҳолатлар ҳам учраб турадики, эшитган ёки кўрган одамнинг дилини ғаш этади. Янада аниқроқ айтиладиган бўлса, яхши ниятлар билан ва шу билан бирга катта маблағлар эвазига хориждан наслдор чорва олиб кирган фермерлар қийин ҳолда қолса, уларнинг талаблари қонун доирасида қаноатлантирилмаса? Бундан кўп нарса зарар кўради, айниқса, фермер. Бу зарарлар нималардан иборат? KUN.UZ’га йўлланган навбатдаги мурожаатда айнан мана шу саволларга жавоб қидирилади.

Қашқадарё вилоятининг Касби туманида фаолият олиб борувчи «Денов Насл Чорва» МЧЖ бугунга келиб қийин ҳолга тушиб қолган. Гап шундаки, мазкур фермер хўжалиги чорвачиликни ривожлантириш бўйича Касби туманининг 2017-2021 йиллар ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига киритилган. Мазкур дастурни амалга ошириш мақсадида «Денов Насл Чорва» фермер хўжалиги Касби Халқ банкидан 117 минг АҚШ доллари миқдорида кредит олади ва пулларга Украинадан 2018 йилнинг 2 сентябрь куни 69 бош наслли қорамол олиб келинади. Жами қорамол бош сони эса 100 бошдан ошади. Бу ҳақда мазкур фермер хўжалиги раҳбари Акромжон Новотов шундай дейди.

— Бир неча марта Касби тумани ҳокими номига чорва молларига озуқа захираси яратиш учун ер сўраб ариза билан мурожаат қилдик. Ёзган аризамиз туман ҳокими томонидан виза қўйилиб, тегишли мутахассисларга ўтказилган, лекин ушбу мутахассислар томонидан на амалий ёрдам кўрсатиляпти, на бизга ҳеч қандай жавоб хати берилмасдан қолиб кетди.

Шундан сўнг, Қарши шаҳрига ташриф буюрган президент виртуал қабулхонаси ишчи гуруҳига мурожаат қилдик. Ушбу мурожаатимиздан сўнг, Касби туман ҳокимлигининг мутасадди вакиллари туман ҳудудидан чорва моллари учун озуқа етиштиришнинг имкони йўқ бўлган жойдан, муаммони босди-босди қилиш мақсадида, хўжакўрсинга ер ажратиб беришмоқчи бўлишди. Аслида, ажратиб беришмоқчи бўлган ер майдонида экинларни суғориш учун сув олиб боришнинг имкони йўқ, сув насосларини ишлатишнинг ҳам умуман имкони йўқ, чунки электр тармоғи ўтмаган.

Акромжон Новотовга ажратиб берилган ер 687-контурда жойлашган. Фермер сўраётган ер майдони 671, 678 ва 679-контурларда. Унинг айтишича, 671-контурдаги ер укасининг номида. Шу сабаб туман ҳокимидан ушбу ер захирага олиш мақсадида сўралган. 678 ва 679-контур ер эгалари билан ҳам шундай келишиб қўйилган. Энг қизиғи, олиб келинган қорамоллар сақланаётган ер ушбу контурларнинг шундоқ биқинида – 669-контурда турибди. А.Новотовнинг таъкидлашича, у ҳокимиятдан сўраётган ерлар ҳам «шоколад» ерлар эмас. У жойларга ҳам ишлов бериш, техника, ишчи кучи жалб этиш лозим. Тадбиркорнинг айтишича, унда айнан мана шу ерларга ишлов бериш имконияти бор. Имкон беришса бас, ўзини-да, туманни-да обод этади.

Маълум бўлишича, Акромжон Новотовга ажратиб берилган мазкур ердан илгари ҳам айрим фермерлар фойдаланган, аммо ишлата олмай ташлаб кетишган. Бундан нимани тушунса бўлади, ҳайронсан киши... Бу борада юқори турувчи ташкилотларга мурожаат этилганми?

— Бўлаётган қаршилик ва қийинчиликлар юзасидан вилоят ва туман прокуратурасига қилган мурожаатларимиз ҳам эътиборсиз қолдирилиб, бирорта ҳам амалий ёрдам кўрсатилмасдан келинмоқда. Ҳокимиятдагиларнинг айтишича, зотли сигирлар туғмаса ҳисоб эмас эмиш. Қачон болаласа бир шартли мол ҳисобланар, ана шундагина 0.60 га ер берилармиш. Мана, сигирлар туғишни бошлади. Янги йилгача барчаси болалайди. 81 бош сигирдан, насиб, яна 81 бош бузоқ туғилади, — дейди А.Новотов.

Бугунга келиб мазкур фермер хўжалигидаги наслли чорва қорамолларни боқиш учун ем-хашак йўқ, кучли озуқа йўқ. Бу ҳолат давом этадиган бўлса, деярли 1 миллиард сўмга олинган чорва нобуд бўлмайдими? Эгаси уни сотолмаса (чунки банкнинг кредити эвазига олиб келинган), нима қилиш зарур? Амаллаб ички бозорда сотилгани билан уларни ярим пулига баҳолашади. Оқибатда нима бўлади, фермер хўжалиги касодга учрайди, банкнинг қарзлари қайтарилмайди, гаровга қўйилган мол-мулк мусодара қилинади, Худо кўрсатмасин, фермер хўжалиги эгаси қонуний жавобгарликка ҳам тортилиши мумкин.

Ўрганишларимиз давомида мазкур масала юзасидан Касби туман ҳокимлиги мутасаддиларидан изоҳ олишнинг имконияти бўлмади. Ўйлаймизки, туман мутасаддилари бу ишларга бефарқ бўлмайди, ўзининг қонуний ҳуқуқларини рўёбга чиқармоқчи ва туманнинг фаровонлигига ўз ҳиссасини қўшмоқчи бўлган фермерни нотўғри тушунишмайди. Зеро катта ўзгаришлар кичик яхшиликлардан бошланади.

Сарвар Анвар ўғли,
KUN.UZ мухбири

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top