57 йилдан сўнг қайта “тирилган” боғча: Тошкентдаги муассаса таъмирдан сўнг қандай ўзгарди?
Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида жойлашган 71-сонли мактабгача таълим ташкилоти 1966 йилда қурилган. Шундан буён муассаса умуман капитал таъмирланмаган эди. 2023 йилдаги 4 млрд сўмлик капитал таъмирдан болалар боғчаси бутунлай ўзгарди.
Бинонинг деворлари эскирган, пойдеворида захлаш аломатлари юзага келган. Ойналар эски ёғоч ромларга михлангани сабаб, хоналарга шабада кириб турган. Натижада қишда хоналар яхши исимаган. Боғча ички қисмидаги ёғоч поллар нимжонлашиб, баъзи жойлари чўкиб кетган. Ҳожатхона ҳамда ювиниш хоналари яроқсиз ҳолга келган.
Муассаса ҳовлисидаги асфалтланган пиёда йўлларида чўнқирлар ҳосил бўлган ва тарбияланувчиларнинг эркин ҳаракат қилишига тўсқинлик қилган.
Мавжуд ҳолатлар ҳисобга олиниб, Шайхонтоҳур туманида жойлашган 71-сонли мактабгача таълим ташкилотида 2022 йил 19 декабр санасидан капитал таъмирлаш ишлари бошланди. Ташкил этилганидан буён роппа-роса 56 йил ўтиб, илк бор тўлиқ таъмирдан чиққан ушбу даргоҳни сайқаллаш ишлари 2024 йил бошида якунланди. 4 млрд сўм ҳиcобига таъмирланган мазкур мактабгача таълим муассасаси жорий йил февраль ойидан болажонларни ўз бағрига чорлай бошлади.
– Боғча қуввати 360 та болага мўлжалланган. Жами 12 та гуруҳ очилади. Ҳар бир гуруҳга 30 нафардан бола қамраб олинади. Ёшига қараб, болалар кичик, ўрта, катта ва тайёрлов гуруҳларига ажратилади. Кичик гуруҳга 2020-2021 йилда, ўрта гуруҳга 2019 йилда, катта гуруҳга 2018 йилда, тайёрлов гуруҳларига 2017 йилда туғилган болалар қабул қилинади.
Тўловлар битта болага 246 минг, агар бир оиладан иккита бола қатнайдиган бўлса, 175 мингдан. Кам таъминлаган ва боқувчисини йўқотганларга имтиёзлар ҳам бор. 1 феврал санасидан қабулни очиқ деб эълон қилдик, ҳозиргача 145 болани олдик, – дейди мактабгача таълим ташкилоти мудираси Шоҳида Қодирова.
Муассасада болаларнинг ижодий қобилиятини ўстиришга қаратилган турли бурчаклар яратилган. Ҳар бир гуруҳ замонавий ўқув қуроллари билан жиҳозланган. Ўқув майдонлари – ёруғ, ётоқхоналар шинам ва тоза, ювиниш хоналари гигиена талабларига мувофиқ тарзда таъмирланган.
Бундан ташқари, мактабгача таълим ташкилотида сайр қилиш учун боғ, ўйин аттракционлари, футбол майдони, сузиш ҳавзаси барпо этилган.
Муассасада болаларга 3 маҳал, махсус рецепт асосида таомнома тортиқ этилади. Таомлар СЭС томонидан тасдиқланган 10 кунлик овқатлар режаси асосида тайёрланади.
Мактабгача таълим ташкилоти мудирасининг айтишича, аввал 3 та ташкилот битта иситиш тизимидан фойдаланар эди. Капитал таъмирдан сўнг, боғча учун алоҳида қозонхона қурилган ва шу орқали электр ёки газ бўлмаганда, кўмир билан боғчани иситиш имконияти яратилган.
Маълум қилинишичa, таълим ташкилоти ҳовлисида мевали боғ ташкил этиш режалаштириляпти. Ҳозирда боғча ҳудудига жами 700 та ниҳол қадалган.
Боғчага фарзандларини олиб келаётган ота-оналар янги таъмирланган муассасада хоналар иссиқ ва замонавий талабларга мослигини таъкидлашган.
Диёрахон Набижонова тайёрлади.
Оператор: Жавоҳир Ғайратов
Монтаж устаси: Низомжон Тошпўлатов
Мавзуга оид
21:07 / 28.12.2024
Байрам кунлари Тошкентда автобуслар қисқартирилган жадвал асосида ҳаракатланади
18:14 / 27.12.2024
Дунёдаги ҳавоси энг ифлос шаҳар – Тошкент ҳавосида PM2,5 заҳарли заррачалари меъёрдан 29 марта ошди
08:01 / 27.12.2024
Тошкент ҳавосининг ифлослиги бўйича дунёда 2-ўринни эгаллаб турибди
19:52 / 26.12.2024