15:00 / 24.01.2019
7543

Тошкентдан Мюнхен, Тбилиси ва Карачига рейслар йўлга қўйилади

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси ташкил топганининг 27 йиллиги муносабати билан авиакомпания матбуот хизмати томонидан ҳисобот эълон қилинди. Унда амалга оширилган ишлар билан бирга келажакдаги режалар тўғрисида ҳам маълумот берилган.

Авиакомпания пресс-релизида сўнгги уч ойда Ҳиндистоннинг Мумбай, Россиянинг Владивосток ва Саудия Арабистонининг Жидда шаҳарларига учта янги йўналиш очилгани қайд этилган.

2019 йилда эса Тошкентдан Грузиянинг Тбилиси, Германиянинг Мюнхен ва Покистоннинг Карачи шаҳарларига парвозлар йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Қайд этилишича, ўтган йил авиакомпания амалга оширган умумий рейслари сони 21 мингдан ортиқни ташкил этди.

Энг талабгир рейс Тошкент—Москва йўналиши бўлиб қолмоқда, ўтган йилда парвозлар сони ҳафтасига 27тага етган, Самарқанд, Бухоро, Урганч, Термиз, Наманган ва Фарғона шаҳарларидан Москвага амалга оширилган парвозлар билан қўшиб ҳисоблаганда эса жами 49тани ташкил қилган.

Бугунги кунда энг машҳур йўналишлардан бири бўлиб қолаётган Тошкент—Истанбул йўналишида ҳафтасига 10та ва Самарқанд—Истанбул йўналишида эса ҳафтасига 2та рейс амалга оширилмоқда.

Шунингдек, 2018 йилда Тошкент—Сеул, Тошкент—Душанбе, Тошкент—Бишкек, Тошкент—Минск, Тошкент—Ростов-Дон, Тошкент—Астана ва Тошкент—Новосибирск йўналишларида ҳам парвозлар сони ошган.

Top