2018 йилнинг 18 январь куни Қозоғистон Республикаси Ақтўбе областида содир бўлган фожиали воқеадан сўнг Ўзбекистон ҳукумати давлат чегарасидан ташқарига чиқаётган фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга доир шошилинч чора-тадбирлар тўғрисида махсус қарор қабул қилган, унда авиация ва темир йўл чипталар нархи арзонлаштирилиши ҳақида сўз борганди. Шундан сўнг Ўзбекистонда миллий лоукостер ташкил этилиши, Москвага учиш 100 долларга тушиши мумкинлиги айтилганди.

25 ноябрь куни АОКАда Транспорт вазирлиги мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида Kun.uz мухбири бу борада қандай ишлар қилингани билан қизиқди.

Транспорт вазирлиги ҳаво транспортини ривожлантириш департаменти бошлиғи Улуғбек Бекташев Қозоғистондаги фожиадан сўнг «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясига, ҳозирги «Uzbekistan Airways» акционерлик жамиятига ўша пайтда шундай топшириқ берилганини айтиб ўтди.

«Меҳнат вазирлиги билан биргаликда меҳнат муҳожирлари учун 20 фоизли чегирма билан махсус тарифлар ишлаб чиқилган. Бугунги кунгачаям шу механизм ишлаб келяпти ва меҳнат муҳожирлари арзонлаштирилган тарифлардан фойдаланиб келмоқда», дея Улуғбек Бекташевнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Тадбирда биргина Туркияга авиақатновлар мисолида чипталарнинг нархи бўйича аниқ мисоллар келтирилиб, 10 сентябрь ҳолатига бир тараф учун Истанбул–Тошкент чиптаси нархи «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК томонидан 581 доллар этиб белгиланган бўлса, Истанбулдан Остона орқали Тошкентга келиш 303 доллар («Air Astana», Қозоғистон), Истанбулдан Остона ва Олмаота орқали Тошкентга парвоз қилиш 317 доллар («Air Astana», Қозоғистон), Истанбулдан Москва орқали Тошкентга келиш 320 доллар («Аэрофлот», Россия), Истанбул–Чимкент авиачиптаси нархи 178 долларни («SCAT Airlines», Қозоғистон) ташкил этгани айтилиб, авиачипталар меҳнат муҳожирларига 20 фоизли чегирма билан сотилаётгани муаммо ечими бўлолмаслиги, хорижга ишлашга кетаётган ўзбекистонликлар авиачипта учун пул тополмаганидан ҳалигача поезд ёки автобусларда Россияга кетаётгани, қачон масала тизимли равишда ҳал қилиниши, нима учун айни пайтда мавжуд самолётлар парки билан лоукостер бизнес моделини амалга ошириб бўлмайди, деган хулосага келингани сўралди.