18:30 / 17.01.2020
19
57453

Янгиланаётган Сенат аъзолари: Ҳокимлар, оқсоқоллар ва тадбиркорлар

16-17 январь кунларида Ўзбекистон Республикасининг барча вилоятларида, Тошкент шаҳрида ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида Олий Мажлис Сенати аъзоларини сайлаш жараёни бўлиб ўтмоқда. 

Сенатга сайлов Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси асосида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан ўтказилмоқда. Жами 14та ҳудуд — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги маҳаллий кенгашлар томонидан 6 нафардан жами 84 нафар сенатор сайланиши кўзда тутилган.

Сайловчи депутатни бевосита сайлаган бўлса, Сенат аъзоси сайловчи ишонч билдирган вакили – депутат томонидан билвосита сайланади.

Сайлов кодексининг 75-моддасига мувофиқ, Сенатнинг 16 нафар аъзоси фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати тўғрисида»ги қонунга кўра, сайлов куни йигирма беш ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Сенат аъзоси бўлиши мумкин. Айни бир шахс бир пайтнинг ўзида Сенат аъзоси ва Қонунчилик палатаси депутати бўлиши мумкин эмас.

Сенатор дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланади.

«Сенат аъзоси дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланади. У Сенатнинг розилигисиз, Сенат мажлислари оралиғидаги даврда эса, Сенат Кенгашининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас».

Кейинги беш йилликда қуйидаги сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари сифатида фаолият кўрсатади.

Андижон вилоятидан сенатор бўлганлар:

1. Шуҳратбек Абдураҳмонов (1969), Андижон вилояти ҳокими;

2. Равшанбек Алимов, Ташқи ишлар вазирлигининг МДҲ  давлатлари билан ишлаш бошқармаси бошлиғи;

3. Матлуба Ғаниева, Андижон тумани Орол маҳалла фуқаролар йиғини раиси;

4. Одилжон Иминов, аввалги чақириқдаги Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги  масалалари ва экология қўмитаси раисининг ўринбосари;

5. Толибжон Мадумаров (1959), аввалги чақириқдаги Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раисининг  ўринбосари;

6. Акром Ғаниев, «Nil-granit» МЧЖ ишлаб чиқариш бўйича директор ўринбосари.

Бухоро вилоятидан сенатор бўлганлар:

1. Ўктам Барноев, Бухоро вилояти ҳокими;

2. Абера Ҳусейнова, республика «Оила» илмий- амалий тадқиқот марказининг Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи;

3. Нурмуҳаммад Очилов, Олот туманидаги «Парвоз Ҳумо Равнақ Транс» масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси;

4. Эркин Гадоев, республика Молия вазирлиги департаменти директорининг биринчи ўринбосари;

5. Муртазо Раҳматов, «Бухоро Коттон Текстил Кластер» пахта - тўқимачилик кластери таъсисчиси;

6. Шуҳрат Чўллиев, Олот туман кенгаши депутати, муқаддам Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раисининг ўринбосари лавозимида ишлаган.


Жиззах вилоятидан сенатор бўлганлар:

1. Эргаш Солиев, вилоят ҳокими;

2. Холида Алимова, вилоят болалар кўп тармоқли болалар шифохонаси бош шифокори;

3. Назира Мухторова, вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси;

4. Нусратулло Пардаев, касаба уюшмалари вилоят кенгаши раиси;

5. Рисқул Сиддиқов, Дон ва дуккакли экинлар илмий тадқиқот институтининг Ғаллаорол илмий тажриба станцияси директори;

6. Санобар Суярова, халқ таълими бошқармасига қарашли «Умид» мактаб интернати директори.

Навоий вилоятидан сенатор бўлганлар:

1. Қобил Турсунов (1964), Навоий вилоят ҳокими;

2. Зиба Тулекова, Томди тумани ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси;

3. Дилбар Орзиева, Навоий шаҳар «Меҳрибонлик уйи» директори;

4. Баҳодир Шарипов, «Навоийазот» акциядорлик жамияти бошқарув раиси;

5. Улуғбек Файзиев, «ZARAFSHAN GOLDEN GROUP» МЧЖ таъсисчиси.

6. Жамшид Хўжаев, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Навоий вилояти Кенгаши раиси;


Наманган вилоятидан сенатор бўлганлар:

1. Хайрулло Бозоров (1976), Наманган вилояти ҳокими;

2. Носирбек Абдуллахонов, Наманган шаҳридаги «Anamed» диагностика маркази раҳбари;

3. Анна Добрих, «Ифтихор кийим саноат» МЧЖ раҳбари;

4. Икромхон Нажмиддинов, «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими раиси;

5. Маҳмуджон Парпиев, «Наманган ҳақиқати» вилоят газетаси бош муҳаррири;

6. Бахтиёр Умаров, «Истиқлол текстиль дизайн» МЧЖ директори.


Самарқанд вилоятидан сенатор бўлганлар:

1. Эркинжон Турдимов (1969), Самарқанд вилояти ҳокими;

2. Рустам Холмуродов, Самарқанд давлат университети ректори;

3. Гавҳар Алимова, вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси;

4. Ҳасан Нормуродов, «Нуроний» жамғармаси Самарқанд вилоят бўлими раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони;

5. Фармон Тошев, «Зарафшон" ва «Самаркандский вестник» газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири;

6. Шавкат Жалолов, «Agromir group» директорлар ассоциацияси Кенгаши раиси.


Сирдарё вилоятидан сенатор бўлганлар:

1. Ғофуржон Мирзаев (1964), Сирдарё вилояти ҳокими;

2. Дилфуза Уралова, Сирдарё вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.

3. Фарҳод Боқиев, Сирдарё вилояти Ахборот ва оммавий коммуникациялар ҳудудий бошқармаси бошлиғи;

4. Хайтхан Артукбоева, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими масъул раҳбари;

5. Улуғбек Сотиболдиев, «BEK Сluster» масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси бош директори;

6. Анвар Туйчиев, Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Сирдарё вилояти Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари;


Сурхондарё вилоятидан сенатор бўлганлар:

1. Тўра Боболов (1970), Сурхондарё вилояти ҳокими;

2. Бахтигул Бўтаева, Қизириқ туманидаги 17- умумий ўрта таълим мактаби директори;

3. Баҳодир Қодиров, «Сурхон саноат қурилиш» компанияси бошқаруви раиси;

4. Абдуғани Сангинов, «Ўзбекгидроэнергия» АЖ бошқаруви раиси;

5. Арзиқул Соатов, ФЎЎБОФМБ Сурхондарё вилояти кенгаши раисининг кексалар ва фахрийлар билан ишлаш бўйича ўринбосари;

6. Абдуқодир Тошқулов, Термиз давлат университети ректори.


Тошкент вилоятидан сенатор бўлганлар:

1. Рустам Холматов (1961), Тошкент вилояти ҳокими;

2. Қутбиддин Бурхонов, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази директори;

3. Малика Қодирхонова, Тадбиркор аёллар уюшмаси Тошкент вилоят бўлими раҳбари;

4. Зайниддин Низомхўжаев (1954), аввалги чақириқдаги Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси;

5. Маҳмуд Тоир (1952), Ўзбекистон халқ шоири;

6. Абдулла Хурсанов, Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати бош директори.


Тошкент шаҳридан сенатор бўлганлар:

1. Жаҳонгир Ортиқхўжаев (1975), Тошкент шаҳар ҳокими;

2. Танзила Норбоева (1956), 25-Себзор сайлов округидан депутат, аввалги чақириқдаги Сенат раиси;

3. Рустам Калонов, «Нуроний» жамғармасининг Тошкент шаҳар Кенгаши раиси;

4. Азамат Зиё (1963), Ўз ФА Тарих институти директори;

5. Шамансур Сагдуллаев, ЎзФА Ўсимлик моддалари кимёси институти директори;

6. Дилором Тошмуҳаммедова (1962), «Оила» илмий-амалий маркази директори.


Фарғона вилоятидан сенатор бўлганлар:

1. Шуҳрат Ғаниев (1968), Фарғона вилояти ҳокими;

2. Лола Муротова, «Нурли Обод» фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони;

3. Робахон Маҳмудова, Президентнинг Фарғона вилояти Халқ қабулхонаси мудири;

4. Иброҳимжон Султонов, «Иброҳимжон гиламлари» хусусий ишлаб чиқариш  корхонаси раҳбари;

5. Топволди Холдоров, «Нуроний» жамғармаси Фарғона вилояти бўлими раиси;

6. Энахон Сиддиқова (1954), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раиси.


Хоразм вилоятидан сенатор бўлганлар:

1. Фарҳод Эрманов (1958), Хоразм вилояти ҳокими;

2. Гавҳар Дурдиева, Хоразм Маъмун академияси илмий ишлар бўйича раис ўринбосари;

3. Равшанбек Қурбанов, Республика кардиология маркази директори;

4. Фарохат Саъдуллаева, «Урганч миллий тикувчилик» оилавий корхонаси раҳбари;

5. Баҳодир Тожиев (1958), аввалги чақириқдаги Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги ва экология қўмитаси раиси;

6. Умарбек Шарипов, «Тилло домор» хусусий корхонаси раҳбари.


Қашқадарё вилоятидан сенатор бўлганлар:

1. Зойир Мирзаев (1968), Қашқадарё вилояти ҳокими;

2. Абдураҳим Иркаев, Қарши давлат университети миллий ғоя ва маънавият асослари кафедраси доценти;

3. Шермат Шамсиев, «Муборак газни қайта ишлаш заводи» МЧЖ директори;

4. Илҳом Қурбонов, «Аму-Қашқадарё» ИТХБ бошлиғи;

5. Хуршид Фозилов, Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази Қарши филиали директори;

6. Феруза Эшматова, аввалги чақириқдаги Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро масалалари Қўмитаси раиси ўринбосари.


Қорақалпоғистон Республикасидан сенатор бўлганлар:

1. Муса Ерниязов (1947), Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси;

2. Гулистан Аннақличева (1948), «Қорақалпоқ адебияти» газетаси бош муҳаррири;

3. Орал Атаниязова (1956),  Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиали директори;

4. Абат Данияров (1987), Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг раиси;

5. Батир Матмуратов (1960), аввалги чақириқдаги Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси;

6. Шарап Уснатдинов (1941), «Нуроний» жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлимининг раиси.


Ижтимоий тармоқда сайланган сенаторлар орасида ёшлар деярли йўқлиги кинояларга сабаб бўлмоқда.

Жумладан, @davletovuz канали муаллифи янгиланаётган Сенатга «Олий Мажлис Эҳтиром палатаси» деб ном берган.

«Янги шаклланаётган Сенатнинг сифат таркибига қарайдиган бўлсак, у кейинги беш йилда кўпроқ оқсоқоллар кенгаши вазифасини бажарадиганга ўхшайди. Олий Мажлис Эҳтиром палатаси, деса ҳам бўлар экан», деб ёзади у.

«Ўзбекистон аҳолисининг учдан икки қисми — ёшлар. Ўзбекистондаги амалдорларнинг учдан икки қисми — кексалар. Ажойиб!», дея муносабат билдирган «Меҳрибон пиарчи» канали муаллифи.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top