Жорий йилги мавсумда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан, шунингдек, вазирлик ва идораларда фаол 45 нафар хотин-қизлар саралаб олинди ва 1 апрелдан бошлаб икки ойдан кўпроқ вақт давомида ўқув режа асосида касбий ва малакавий билимларини оширди.

22 июн куни Сенат раиси Танзила Норбаева ушбу курс тингловчилари билан учрашув ўтказди. Учрашувда ёш раҳбар аёллар учун муваффақиятга эришиш йўллари, ижтимоий ва иқтисодий ривожланиш ҳамда жамиятдаги ролини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Танзила Норбаева раҳбар аёллар мактаби аёллар етакчилигини қўллаб-қувватлашда ва уларнинг имкониятларини кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Учрашув давомида давлат бошқарувидаги раҳбар аёллар ҳаётидаги бурилишлар, тажрибалари, турли вазиятларда тўғри қарорлар қабул қилиш маҳорати ҳақидаги ҳаётий мисоллар келтирилди. Тингловчилар турли соҳаларни ривожлантириш бўйича таклиф ва ташаббусларини илгари сурди.











