15:03 / 03.03.2021
30574

Молия вазири ўринбосари лавозимидан озод этилди

Аввалроқ, Бош прокуратура Абдумухтор Эргашевнинг коррупциявий ишга алоқадорлигини ўрганиши ҳақида хабар берилганди. Вазир ўринбосари укасининг компаниясига банк кредити ажратилишига эришиш мақсадида «Агробанк» раҳбариятига босим ўтказгани иддао қилинганди.

Фото: Молия вазирлиги

Молия вазири ўринбосари Абдумухтор Эргашев эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Таъкидланишича, Эргашевнинг истеъфоси унинг бошқа лавозимга ўтказилиши билан боғлиқ. У шу пайтгача Молия вазирлигида Агросаноат мажмуаси ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш молияси, яширин иқтисодиётга қарши курашиш ва комплеанс-назорат, ахборот технологиялари ва хавфсизликни таъминлаш масалаларига масъул бўлган.

А. Эргашев 1977 йили Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида туғилган. Дастлаб, Термиз давлат университети, 2004 йили Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва 2009 йилда Давлат ва жамият бошқаруви академиясини тамомлаган.

Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев 2020 йилнинг 11 ноябр куни бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровга йўллаган хатида Бош прокуратура томонидан Давлат молиявий назорати департаментининг жорий йилда етиштирилган ғалла ҳосилини молиялаштириш жараёнида қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилгани масаласи ўрганилаётгани билдирилган. Ушбу хат нусхаси Kun.uz'да мавжуд.

Ушбу масалага молия вазири ўринбосари ҳам аралашган бўлиши мумкин, шу туфайли Бош прокуратура текширув ўтказиб, ҳолатга аниқлик киритишни ният қилганди. Аммо текширув натижаси бўйича жамоатчиликка ахборот берилмаган.

Top