2021 йил 12 июлда биринчи марта Ўзбекистон Республикасининг “Барқарор ривожланиш мақсадлари” (БРМ)га эришишга йўналтирилган 2,5 трлн сўм миқдорида миллий валютадаги халқаро суверен облигациялари халқаро молия бозорига жойлаштирилган.
БРМ облигациялари ўзи нима, ундан ўзбекистонликларга нима фойда? Шу каби саволлар юзасидан Молия вазирлиги Давлат қарз департаментининг Ташқи молия бозорларидан қарз жалб қилиш бўлими бошлиғи ўринбосари Шерзод Комилов Kun.uz'га гапириб берди.
— Облигация нима?
— Облигация – бу ҳукумат ёки компания томонидан чиқариладиган қарз қимматли қоғози ҳисобланади. Облигация эгасига, яъни уни сотиб олган инвесторга облигацияни чиқарган эмитент (облигация чиқарувчи) томонидан белгиланган вақт давомида белгиланган миқдорда ўзгармас фоиз тўлови амалга ошириб борилади ва муддати тугаши билан асосий қарз ҳам облигация эгасига қайтарилади.
Оддий тилда тушунтирсам, бундай қимматли қоғознинг харидори қимматли қоғоз чиқарувчининг кредиторига айланади, яъни қарз берувчисига. Ҳудди банк кредити каби, кредиторга маълум миқдорда йиллик фоиз тўлови тўлаб борилади. Кредитдан фарқли жиҳати шундаки, асосий қарз облигация муддати тугаганида харидорга қайтариб берилади.
Еврооблигациялар ёки евробондлар деб эмитент учун хорижий бўлган валютада чиқариладиган облигацияларга айтилади. Мисол учун, Ўзбекистоннинг АҚШ долларида халқаро молия бозорларига жойлаштирган облигациялари еврооблигациялар деб аталади. Миллий валютада халқаро молия бозорларига жойлаштирган облигацияларимиз эса суверен халқаро облигациялари ҳисобланади.

— Ўзбекистон облигация чиқарди деганда нимани тушунсак бўлади?
— Ўзбекистон облигация чиқарди ва халқаро молия бозорига жойлаштирди дегани оддий қилиб айтганда бу – Ўзбекистон инвесторлардан маълум йиллик фоиз тўловини тўлаб бориш ва асосий қарзни белгиланган муддат охирида қайтариш шарти билан қарз маблағини жалб қилди дегани.
Бизнинг мисолимизда, 2021 йилда 2,5 трлн сўм миқдорида 3 йил муддатга йиллик 14,0 фоиз билан облигация чиқардик, яъни халқаро инвесторлардан 3 йил давомида ҳар йили фақатгина 350 млрд сўм миқдорида фоиз тўловини тўлаб бориш, 2,5 трлн сўм миқдоридаги асосий қарзни эса 3 йил ўтгач қайтариб тўлаб бериш шарти билан қарз олдик.




















