16:57 / 30.04.2021
9769

Қаршида муҳокамага сабаб бўлган флагшток ўрнига ётоқхона таъмирлаб бериладиган бўлди

Қашқадарё вилояти маркази Қарши шаҳрида ўрнатиладиган флагшток устунининг ўзига 1,35 миллиард сўм сарфланиши маълум қилингач, бу ижтимоий тармоқларда кескин муносабатларни қўзғади.

Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев бу борада ўз фикрларини баён этди:

«Аввало, ушбу масалани кенг жамоатчилик эътиборига олиб чиққан ОАВларга раҳмат. Ҳар биримизнинг Ватанга бўлган муҳаббатимиз чексиз. Рамзлари ҳам қадрли. Лекин, бунинг учун халқдан, тадбиркорлардан келаётган маблағ эвазига бу қийматдаги қурилишни бугунги вазиятда сарфлаш бефойдадек, чоғи. Бу фикрни ижтимоий тармоқларда кўпчилик юртдошларимиз ҳам билдириб ўтишибди.

Ўзим ҳам даволанишда бўлганим сабабли, шифохонада ушбу хабарни ўқиб қолдим. Муҳтарам юртбошимизнинг талаб ва мақсадлари халқни рози қилиш, халқнинг яшаш шароитларини яхшилашдан иборат бўлиб турган бир пайтда, бу каби қурилиш ишларига ўзим ҳам қаршиман.

Ўзим ҳам ҳар куни аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида туман ва шаҳарларда бўламан. Яқинда Қарши шаҳридаги 136-сонли оилавий ётоқхонага бориб уйсиз фуқароларимизни мажбурликдан харобага айланган бинода қўним топгани мени қийнади.

Мен билан ҳамроҳ бўлиб борган раҳбарларнинг ҳам озроқ бўлса-да, виждони қийналган бўлса керак. Айримлари ҳаёт синовларини енгиб ўта олмаган бўлса ҳам, уларнинг шириндан-шакар фарзандларида нима гуноҳ? Улар ҳам бахтли яшашга ҳақли.

Ёнимиздаги ётоқхона хароба аҳволда бўлса-ю, биз «устун қурамиз», деб халқнинг жиғига тегиб ўтирсак.

Ушбу хароба ётоқхонани таъмирлаш учун 2,5–3 млрд сўм атрофидаги маблағнинг манбасини қаердан топишни билмай тургандим.

Устун учун сарфланаётган 1,35 млрд. сўмни ушбу ётоқхона таъмирига йўналтирамиз. Қолган сумманинг ҳам манбасини топиб, ушбу ётоқхонани катта тантана билан топширамиз. Мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрамига устун эмас, фуқароларимиз учун шинам хонадонлар туҳфа қиламиз.

Устун масаласига келсак, бирор ҳомий томонидан ихтиёрий қўллаб-қувватлансагина қурилади. Давлат бюджетидан маблағ сарфланмайди», деган айни пайтда коронавирус инфекциясидан даволанаётган Зойир Мирзаев.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг бир нечта шаҳарларида флагштоклар ўрнатилган. Уларнинг энг баланди Урганч шаҳрида бўлиб, унинг баландлиги 66 метрни ташкил этади ва жаҳонда 15-ўринни эгаллайди. Урганчдаги байроқ Тошкент ва Гулистон (65 м), Бухоро (60 м) ва Нукус (55 м) даги байроқлардан баландроқ жойлашган. Қаршидаги байроқнинг баландлиги 62,5 метр бўлиши режалаштирилган эди.

Top