2024 йил 10 июн куни кечқурун ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида жойлашган Ҳисорак сув омборининг тўғони ёрилгани ва катта миқдорда сув оқиб кетаётгани ҳақида ваҳимали хабарлар тарқалди.
Бунинг ортидан ижтимоий тармоқларда сув омбори атрофида яшайдиган аҳоли ваҳимага тушиб, ўз уйларини тарк эта бошлагани акс этган видеолар пайдо бўлди.
Шунда зудлик билан Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Ҳасанов ҳамда Қашқадарё вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Фарҳод Мирзаев Ҳисорак сув омбори олдида туриб, ҳолат бўйича аҳолига видео мурожаат йўллади.
Мутасаддилар сув омборида жиддий ҳодиса юз бермагани, ваҳимага ўрин йўқлигини айтиб, аҳолидан ўз уйларини тарк этмасликни сўрашди.
Маълум бўлишича, 10 июн куни «Ҳисорак ГЭС» УК бошқармасига қарашли сув омбори тўғонининг чап тарафидан қўшимча туннел очиш мақсадида олиб борилаётган муҳандислик техник тадбирлари вақтида сув сизиб чиқиши ҳолати кузатилган.
Шундан сўнг ҳолат дарҳол Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва бошқа тегишли ташкилотлар томонидан назоратга олинган. Сув омборига ҳеч қандай шикаст етмаган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмган ва ҳалок бўлмаган.
Ҳодиса юз берган заҳоти авария оқибатини бартараф этиш мақсадида «Ўзбекгидроэнерго» АЖ бошқаруви раиси раҳбарлигида вилоят ҳокими, ФВБ, ИИБ бошлиқлари ва бошқа мутасадди ташкилотлардан иборат тезкор штаб тузилиб, махсус техникалар ёрдамида барча зарур муҳандислик тадбирларини бажариш ишлари бошлаб юборилган.
Сув омбори тарихи
Ҳисорак сув омбори Шаҳрисабз шаҳридан 35 км, Мироқи қишлоғидан 1,5 км масофада жойлашган. Унинг қурилиши 1977 йилда бошланган. Ушбу сув омборининг асосий сув манбайи Ҳисор тоғ тизмаларидан оқиб келувчи Оқсув дарёси ҳисобланади.

Сув омборини қуришдан асосий мақсад – куз, қиш ва баҳор пайтларида Оқсув дарёсининг суви беҳуда оқиб кетишининг олдини олиш ва уларни тўплаб ёзги вегетация даврида қишлоқ хўжалигида фойдаланиш бўлган.
Қурилиш 10 йилдан ошиқроқ давом этган ва сув омбори 1988 йилда битказилган. Синовлар ва тўғонни қўшимча мустаҳкамлаш ишларидан сўнг Ҳисорак 1990 йилда фойдаланишга қабул қилинган.
Сув омборининг лойиҳавий сув сиғими 170 млн метр куб бўлиб, у Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз, Китоб, Чироқчи ва Яккабоғ туманларида жойлашган 49 минг гектар экин ер майдонини суғориш имкониятига эга.









