07:30 / 19.09.2023
3515

АҚШ компанияси Тошкент инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштиради

Шавкат Мирзиёев Oppenheimer компанияси билан биргаликда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ню-Йоркда Oppenheimer инвестиция компанияси бошқарувчи директори Жон Тонелли билан учрашув ўтказди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Активлари қиймати 36 миллиард доллар бўлган ушбу йирик инвестиция банкининг сармоясини жалб қилган ҳолда мамлакатда лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Жон Тонелли мамлакатда саноат қувватларини ташкил этиш ва модернизация қилиш бўйича йирик лойиҳаларга хусусий инвестицияларни жалб қилиш юзасидан келишувлар эришилганини қайд этди.

Биринчи босқичда тўқимачилик кластерлари, қурилиш материаллари саноати корхоналарини ривожлантириш, Тошкент шаҳри инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштириш мўлжалланган.

Бундан ташқари, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга инвестиция йўналтириш кўзда тутилган.

Президент ушбу режаларни маъқуллаб, мутасаддиларга тез фурсатда амалий ишларни бошлашга топшириқ берди.

Top