Ўзбекистон | 12:33 / 13.02.2021
39526
2 дақиқада ўқилади

«Агар битта дарахтга тегилса, ўша куни ишдан кетаман» — Ортиқхўжаев «Мовий гумбазлар»даги қурилиш ҳақида

«Мендан кейинги ҳоким бу жойни меҳмонхона қурилишига бериб юборади. Шунинг учун мустақиллик рамзи шу ерда қурилиши керак», – деди Тошкент шаҳар ҳокими.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев «Истиқлол» мажмуасининг қурилиши масаласида жамоатчилик билан учрашди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Ҳоким мустақилликнинг 30 йиллигига аталган мажмуа қурилиши учун танланган Марказий универмаг ёнидаги хиёбонда бирорта ҳам дарахтга зиён етказилмаслигини таъкидлади.

«Агар бу ерда ўша мажмуа қурилса, 100 йиллар давомида бу паркка ҳеч ким тегмайди. Мен ҳозир шаҳар ҳокимиман. Бу боғни сақлаб қолишим мумкин. Аммо мен кетганимдан кейин келадиган ҳоким бу жойни меҳмонхона қурилишига бериб юборади. Шунинг учун мустақиллик рамзи шу ерда қурилиши керак.

Агар боғдаги бир дона дарахт кесилса, мен ўша куниёқ ариза ёзиб лавозимимдан кетаман», – деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев 13 февраль куни хиёбондаги учрашувда.

Эслатиб ўтамиз, шаҳар ҳокимлиги янги мажмуа қурилиши учун Марказий универмаг (ЦУМ) ёнидаги сердарахт боғни танлагани эътирозларга сабаб бўлди.

Мажмуа лойиҳаси учун танлов эълон қилингач, кўп ўтмай бир гуруҳ фаоллар бунга қарши петиция бошлашди. Онлайн петицияда 7 мингдан ортиқ киши овоз берган, бевосита 5 мингдан ортиқ фуқародан йиғилган имзолар президентнинг Халқ қабулхонасига топширилган.

Эътирозлардан сўнг, хиёбондаги барча дарахтлар хатловдан ўтказилди, ҳокимлик улар ҳимояга олинишини билдирди.

Ёдгорлик композицияси «мустақиллигимизнинг мазмун-моҳияти ва тарихий аҳамиятини акс эттирадиган» бўлади. Мажмуанинг лойиҳа концепцияси бўйича танлов 7 март куни якунланади.

Мавзуга оид