16:50 / 10.07.2019
4473

Ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламга эътибор қай даражада?

10 июль куни Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг 2019 йил биринчи ярмидаги фаолияти юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда мамлакатда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари билан ишлашда йўл қўйилаётган камчиликлар хусусида сўз борди.

Анжуманда қайд этилишича, ногиронлар истиқомат қиладиган турар жойлар, имконияти чекланганларга ажратилаётган уйларда уларнинг кириб чиқиши, ҳаракатланиши учун керакли шароит яратилмаган.

Шунингдек, ногирон болаларнинг таълим муассасасида таҳсил олишининг имкони бўлмай, уйда таълим олишига тўғри келган тақдирда ота, она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга моддий ёрдам ва имтиёзлар бериш тартиблари ишлаб чиқилмаган.

«Республикадаги мурувват ва саховат уйларида яшаётган ногиронлар ва кексаларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар ҳолати қониқарли эмас. Бундай интернат уйларига керакли маиший маҳсулотлар махсус ахборот портали орқали харид қилингани боис маҳсулотнинг сифатини текшириш имконияти мавжуд эмас. Натижада сифати жуда паст бўлган маҳсулотлар олиб келинмоқда. Айниқса, озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳолати ачинарли аҳволда», ─ дейди Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш қўмитаси раиси Зайниддин Низомхўжаев.

Қўмитанинг ўрганиш хулосаларига кўра, мурувват уйларида сил касаллигига чалинганларга ихтисослаштирилган тиббиёт муассасасида тиббий кўмак кўрсатилиши белгиланган бўлса-да, бундай беморлар интернат уйларнинг ўзида даволаняпти. Интернатда биронта ҳам силни даволашга ихтисослашган тиббиёт ходими йўқ.

Шунингдек, мурувват уйларида ўринлар сонининг камлиги боис бугунги кунда 200 нафар руҳий хаста бемор узоқ йиллардан бери навбат кутмоқда. Хусусан, Бухоро, Қарши, Тошкент, Нукус мурувват уйларида бундай навбатларнинг мавжудлиги аниқланган.

Молиявий маблағлар ўз вақтида ажратилмаётгани боис бир неча интернат уйлари капитал таъмирга муҳтож. Жумладан, Тошкент шаҳридаги 340 ўринли эркаклар мурувват уйи таъмирталаб ҳолатда. Ургут туманидаги аёллар мурувват уйида ҳамда Наманган саховат кексалар ва ногиронлар уйларида қурилиш ишлари чала ташлаб кетилган. 

«Чет эл мамлакатларидан беғараз кўмак сифатида келадиган техника воситаларидан олинадиган божхона тўловлари республика Васийлик кенгаши молиявий аҳволига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Мисол учун, 2018 йил давомида беғараз ёрдамнинг божхона тўловига 11 млрд сўм ушлаб қолинган. Бу қанақаси? Ўзи беғараз келаётган ёрдам бўлса, унга 11 млрд харажат қилгандан кўра, уни ногиронларнинг эҳтиёжларига сарфланса фойдалироқ бўлади-ку. Маҳсулотларни хавфсизлик назоратидан ўтказиб, божхона тўловисиз киритиш керак», ─ дея таъкидлайди Низомхўжаев.

Маълум қилинишича, мамлакатда имконияти чекланган ёшларни таълим билан қамраб олиш қувватининг пастлиги боис, айрим мактаб интернатларда белгиланган миқдордан кўп одам қабул қилинганлиги аниқланган. Мисол учун, Тошкент шаҳридаги кўзи ожизлар учун мактаб интернат 220 ўринга мўлжалланган, лекин 350 кўзи ожиз ногирон бу ерда таълим оляпти. Кўзи ожиз ёшларни ёзиш мосламаси билан таъминлаш ишлари ҳам тизимли равишда йўлга қўйилмаган. Бундай мосламалар чет элдан ҳомийлик асосида келтирилгани боис мактаб интернатлар уларни ўзининг мулки ҳисоблайди, ёшлар битириб кетаётганда мосламани ташлаб кетади, олий ўқув юртига эса бундай воситалар ажратилиши кўзда тутилмаган, шунинг учун улар яна шу муаммога дуч келади.

Шунингдек, анжуманда ўқув бинолари ва талабалар турар жойларида имконияти чекланган талабаларнинг ҳаракатланиши учун керакли шароитлар яратилмагани, ҳожатхона ва ювиниш хоналари турли категориядаги ногиронлар учун мослаштирилмагани қайд этилди.

Top