Ўзбекистон | 15:33 / 13.04.2022
6924
3 дақиқада ўқилади

Ижтимоий ҳолати оғир бўлган аҳолига “квартплата” қоплаб берилади, субсидия олиш тартиби қандай?    

Кўп квартирали уйлардаги турар жойларнинг мулкдорларига мажбурий бадал (квартплата)ни тўлаш учун субсидия ажратилади. Субсидия кимларга, қандай тартибда берилади?

Фото: KUN.UZ

Ижтимоий ҳимояга муҳтож мулкдорларга мажбурий бадалларни тўлаш учун субсидия ажратилади. Субсидия «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида кам таъминланган оила сифатида рўйхатга олинган кўп квартирали уйларнинг мулкдорларига ажратилади. Ушбу тартиб борасида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Кun.uz’га батафсил маълумот берди.

Улар қандай тартибда аниқланади?

Молия вазирлиги ҳар ойнинг 2-санасига қадар жорий ой ҳолати бўйича реестрга киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож мулкдорлар тўғрисидаги маълумотларни Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига ахборот алмашуви тизими орқали электрон шаклда юборади. Вазирлик келиб тушган маълумотларни “Mening uyim” биллинг-ахборот тизимидаги маълумотлар билан умумлаштиради ва тафовутлар юзага келган тақдирда, уларни 5 иш куни давомида бартараф этиш бўйича чоралар кўради.

Субсидия ажратиш тартиби қандай?

1. Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари томонидан умумлаштирилган якуний маълумотлар асосида икки иш куни давомида:

- махсус ҳисобварақлар очилади;

- туман (шаҳар) ҳокимликларига субсидия ажратиш бўйича сўровномалар юборилади.

2. Туман (шаҳар) ҳокимликлари беш иш куни давомида сўровномада кўрсатилган маблағларни “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган оилалар, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган молиялаштириш манбалари ҳисобидан тегишли ғазначилик бўлинмаларида очилган махсус ҳисобвараққа ўтказиб беради. Бунда, туман (шаҳар) ҳокими субсидия учун зарур маблағлар тегишли молиялаштириш манбаларидан сарфланишини таъминлайди.

3. Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари биллинг тизими орқали мажбурий бадал учун субсидия тўловини икки иш куни давомида махсус ҳисобвараққа келиб тушган маблағлар ҳисобидан ижтимоий ҳимояга муҳтож мулкдорларга хизмат кўрсатувчи кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг ҳисобварағига ўтказиб беради.

Бунда, мажбурий бадални қоплаб беришга мўлжалланган субсидия миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 фоизидан кўп бўлмаган ҳолда тегишли мулкдорнинг кўп квартирали уйни бошқариш органидаги шахсий ҳисобварағига ўтказиб берилиши лозим.

4. Субсидия ажратилган ҳар бир мулкдорга биллинг тизими орқали тегишли ой учун субсидия ажратилганлиги тўғрисида SMS-хабарнома юборилади.

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид