Янгийўлда тадбиркорнинг «газ заправка»сини бузишга уринганлар ким? Ҳокимлик ҳақиқатни яширишга уриняпти
Тошкент-Термиз автомобил йўли (М-39)нинг Янгийўл туманидан ўтган қисмида АГТКС ва автосервис қурилиши деярли якунига етиб қолган. Аммо маҳаллий раҳбарлар бу бино-иншоотларни бузишга кўрсатма берган кўринади. Бузишга уринган махсус техника ҳайдовчиси буйруқни ички ишлар ходимидан олганини айтган.
Янгийўл туман ҳокимининг 2019 йил октябр ойидаги қарорига асосан, тумандаги Mирзо Улуғбек массивидан ўтган Тошкент-Термиз (М-39) автомобил йўли ёқасидан 40 сотих ер майдони автомобилларга газ тўлдириш компрессор станцияси ва техник хизмат кўрсатиш шохобчаси қуриш учун «Real Golden Max» МЧЖга бириктирилиб, лойиҳалаштиришга рухсат берилади.
Тадбиркорнинг айтишича, бу ер дастлаб МЧЖ таъсисчиларидан бирининг номига «газ заправка» қуриш учун ажратилган. Кейинчалик (2019 йил) туман ҳокимининг қарори билан «Real Golden Max» МЧЖга бириктириб берилган.
«Бизга ажратилган ҳудудда ҳужжатларга мос равишда қурилиш ишларини олиб боряпмиз. Жорий йил 12 март куни кечга яқин бир гуруҳ шахслар келиб, ўзларини туман прокуратураси ходимлари деб таништирган ҳолда, ҳеч қандай ҳужжат тақдим қилмасдан, ўзбошимчалик билан бино-иншоотларни бузишга ҳаракат қилишди.
Гап шундаки, 2020 йил 6 январ куни туман прокуратураси ва туман ҳокимлиги ўзаро келишиб, ерни биздан олиб қўйишди.
Шундан сўнг, ҳокимнинг қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраб, маъмурий судга ариза киритдик. Чиноз туман маъмурий судининг 2020 йил 12 августдаги ҳал қилув қарори билан аризамиз қаноатлантирилди ва ҳокимнинг ерни олиб қўйиш тўғрисидаги қарори тўлиқ ҳақиқий эмас, деб топилди.
Аммо, шунга қарамай, бирор бир ҳуқуқий асослар бўлмай туриб, еримизни тортиб олиш ва бино-иншоотларни бузиб ташлашга уринишлар давом этмоқда», – дейди МЧЖ раҳбари Рустам Улданов.
Тадбиркорнинг қўшимча қилишича, айни вақтда қурилиш ишлари тўхтаб қолган. Ҳокимлик бир неча бор бузишга одам йўллаган. Ҳатто кечаси ўз техникаси билан бузишга келган ҳайдовчи билан суҳбатлар видеога ёзиб олинган. Улардан бирида махсус техника ҳайдовчиси бузиш учун буйруқни ички ишлар органи ходимидан олганини айтади.
Ҳоким ўринбосари: «Ҳеч қандай бузилиш бўлмаган»
Aйни масала юзасидан изоҳ олиш мақсадида Янгийўл туман ҳокимлигига бордик. Туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Мажид Қаюмов «ҳоким ўринбосарлари йиғилишига кетаётгани сабабли» саволларимизга жавоб бера олмаслигини маълум қилди. Шунга қарамай, ўзимизни қизиқтирган бир нечта саволлар беришга улгурдик.
«Бу объектда ҳеч қандай бузилиш ишлари бўлмаган. Прокуратура «газ заправка» ҳужжатларини ўрганиш учун олган. Ҳозирда ҳужжатлар ўрганиляпти», деган жавоб олдик Мажид Қаюмовдан.
Йиғилиш, мажлис, селектор…
Биз Янгийўл туман ҳокимлигига 13 март куни бордик. Ҳоким ўринбосари йиғилишга кетгани сабабли ҳолат бўйича изоҳни ҳокимнинг ўзидан сўрамоқчи бўлдик. Aфсуски, ўша куни ҳоким ёшлар масалалари бўйича йиғилиш ўтказаётгани маълум қилинди. «Йиғилиш» узоқ чўзилди, кун кеч бўлиб қолгани сабабли ҳоким қабулига кира олмадик.
15 март, душанба куни ҳокимнинг қурилиш бўйича ўринбосари Мажид Қаюмовга қўнғироқ қилиб, тўлиқроқ изоҳ сўрамоқчи бўлдик. Бу гал эса «мен селектордаман» деган жавобни эшитдик.
Йиғилиш, мажлис, селектор... Қизиқ, бу аҳволда ҳоким ва унинг ўринбосарлари қачон ўз вазифаларини бажаради, ёки уларнинг вазифалари йиғилишларда ўтиришдан иборатми?
Ҳокимликнинг ҳақиқатга мос келмаётган изоҳи
Шундан сўнг Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Ҳамза Жумаев ёрдамида Янгийўл туман ҳокимлиги билан боғланишга эришдик.
«REAL GOLDEN MAX» МЧЖга ер ажратиш тўғрисидаги қарорга тегишли ҳужжатларда камчиликлар бўлгани учун қурилиш ишларини вақтинча тўхтатиш бўйича бир неча бор огоҳлантириш хати берилган. Бироқ тадбиркорга ҳеч қандай тўсқинлик қилинмаган.
Тадбиркордан ҳудуд ҳозирда суғориладиган ер майдонида тургани (ҳозирги кунда буғдой сепилган) айтилиб, ҳужжатларни тўлиқ қилиб қонунийлаштириш сўралган. Юқоридагиларни инобатга олиб, ҳужжатлари тўлиқ йиғилгандан сўнг қўшимча маълумот берилади», – деди туман ҳокимлиги масъул ходими.
Ҳокимлик «газ заправка» суғориладиган ерга қурилганини айтяпти. Аммо бу маълумот ҳақиқатга мос келмайди. Чунки Ўзбекистон ер тузиш илмий-лойиҳалаш институти Тошкент вилояти бўлинмасининг тадбиркор томонидан таҳририятга тақдим этилган хатида туман ҳокимининг қарори билан тадбиркорга ажратилган 40 сотих ҳудуд бўз ерлар экани кўрсатилган.
Оғзаки буйруқлар қачонгача ёзма қонунлардан устун бўлади?
Мансабдорлар берган оғзаки буйруқларнинг ёзма қонунлардан устунлиги – ривожланишимизга асосий ғовлардан бири бўлиб қолмоқда.
Айниқса, бу каби ҳолатлар сўнгги вақтларда маҳаллий ҳокимликларнинг тадбиркорлар мулкига панжа солишида авж олди. Қуйида тадбиркор ва унинг мулкига нисбатан бундай ибтидоий муносабат ўзгармас экан, президент бошлаган ислоҳотлар амалга ошиши даргумон.
Тадбиркорлар ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга масъул давлат органларини масалага бефарқ бўлмасликка чақириб қоламиз.
Раҳматилло Исроилов,
Kun.uz мухбири
Тасвирчи – Отахон Юсупов
Мавзуга оид
16:19 / 24.12.2024
Танқиддан сўнг: 2 боланинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди
21:02 / 12.12.2024
Янгийўлда 5 болани босиб кетиб, икки нафарининг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи ахлоқ тузатиш жазосини олди
13:53 / 28.11.2024
Янгийўлда бир оиланинг 5 аъзосини ўлдирган шахс умрбод озодликдан маҳрум қилинди
20:35 / 07.11.2024