18:38 / 17.04.2018
36000

Ҳокимлик ва аҳоли ўртасида можаро. Муаммо қандай ҳал этилади?

Мамлакатимизда аҳоли ижтимоий ҳаётини яхшилаш, ҳудудларда маҳаллаларнинг янгича кўринишдаги гузарларини бунёд этиш бўйича кўплаб ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 3 февралдаги «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижроси доирасида фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилиши белгилаб ўтилган. Афсуски, бу ишларда ҳам бир қанча соҳага оид келишмовчиликлар, масъулиятсизлар ва муаммолар кузатилмоқда.

Мамлакатимиз раҳбари оммавий ахборот воситаларидаги чиқишларида энг аввало халқнинг ишончини таъкидлаган ҳолда, уларнинг тинч-тотув яшашида доимо адолат ҳукм суриши кераклигини қайта-қайта такрорламоқда. Яна бир муҳим жиҳати, одамлар давлат бошқарувига, президентнинг ҳудудлардаги вакилларига ишонсагина халқ рози бўлиши айтилмоқда.

Лекин айрим жойларда бундай бўлмаяпти. Хусусан, Тошкент шаҳри Миробод тумани, Миробод маҳалла фуқаролар йиғини 3-, 5-, 88- ва 90-уйларда истиқомат қилувчи кишилар замонавий маҳалла гузари қурилишидан норозилик билдириб, «Kun.uz»га мурожаат йўллашган. Бу ерда аҳоли норозилигига қарамай қурилиш ишлари бошланган. Шундай сўнг аҳоли қурилиш ишларини тўхтатишга уринган. Қурувчилар ва аҳоли ўртасида зидддиятлар келиб чиқиб, йиғилганлар ҳаётига хавф солувчи хатти-ҳаракатлар содир бўлган. Айни манзара аҳоли томонидан тасвирга ҳам туширилган. Шу куни оқшом пайти ижодий гуруҳимиз воқеа жойига чиқди. Қурувчилар гуруҳи бизни кўриб, қурилиш объектини тарк этишмоқчи бўлишди. Биз эса улардан қурилиш ишлари борасида ахборот олишга уриниб кўрдик. Аммо улар аввалига ёлғон ахборот беришди, сўнг мавҳум жавоблар билан ҳудудни тарк этишди.

У ерда яшовчи маҳаллий аҳоли вакилларидан бири шу воқеа хусусида шундай дейди: «Бу ерда қурилиши режалаштирилган бино намунавий маҳалла гузари эмас, балки манфаатдор тадбиркорларнинг савдо комплексидир».

Аслида лойиҳалар халқнинг тинч-тотув ва фаровон яшашига хизмат қилиши керак эмасми?

Таъкидлаш керак, участка нозирлари бугунги кунда худудда тинчликни асраш, турли зиддиятларнинг олдини олиш, ноқонуний хатти-ҳаракатларни расмийлаштириб, тегишли чора кўриши лозим. Бироқ Миробод маҳалла фуқаролар йиғини учатка нозирлари аҳоли ва қурувчилар ўртасида зиддиятнинг бевоcита гувоҳи бўлишсада, ҳеч қандай чора кўришмаган. «Kun.uz» ижодкорлари воқеа жойига борганида ҳам участка нозирлари вазиятга аралашмади. Аксинча, воқеа жойида камера объективига тушиб қолмаслик учун объектни тарк этди. Ижодий гуруҳимиз қурилиш ишлари юзасидан аҳоли билан суҳбатлашди.

«Бу ерда 180 хонадон истиқомат қилади, фараз қилинг 150 хонадоннинг оиласида автомашина бор. Улар қаерга ўз машинасини қўйсин? Уйлар асосий трассада бўлса, йўллар ҳар куни машиналардан тозаланса, нима қиламиз?», – дейди шу ерда яшовчи маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.

Англаганингиздек, ушбу ҳудудга замонавий маҳалла гузари «фонида» иккита бино, яъни савдо комплекси ва бизнес марказ қурилиши режалаштирилган. Ушбу масала юзасидан тегишли тартибда жамоатчилик розилиги олинмаган. Маҳаллий аҳоли тегишли тартибда ҳудудий ва республика давлат органларига мурожаат билан чиққан. Аҳоли қаршилигига қарамай, лойиҳа қурилиши бошлаб юборилган. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси эса умуман кўриниш бермади. Маҳалладаги можарони қўшни маҳалла билгану бироқ раиснинг хабари йўқ. Аслида маҳалла фуқаролар йиғини раиси бу каби ҳолатларда аҳолини тинчлантириши, аҳоли билан тушунтириш ишларини олиб бориши керак эмасми?

Аҳолининг сўзларига кўра, ушбу ҳудудда дастлаб худди шундай «ташаббус» билан бино қурилиши амалга оширилган. Лекин бино ишлари битказилгандан сўнг, маҳалла учун каттагина тўрт қаватли бинодан бор йўғи иккита хона ажратиб берилган. Ҳозирда маҳалла фуқаролар йиғини учун фойдаланилмоқда ва қолган қисми хусусий тадбиркорлар тасарруфига ўтиб кетган. Ушбу фикрни айтишдан мақсадимиз шуки, бу бино қурилган жойда аввал маҳаллий аҳоли учун байрамлар, турли зиёфатлар ва бошқа тадбирларни ўтказиш учун ҳам гузар мавжуд бўлган.

Маҳалладаги можаро кейинги куни ҳам давом этди ва оқшом пайти Миробод тумани ҳокими Шуҳрат Пўлатов аҳоли норозилиги бўйича очиқ мулоқот ўтказди. Дастлаб лойиҳа ҳақида қисқача тушунтириш бериб ўтилди. «Миробод туманида худди шундай иккита хона мавжуд. Замонавий маҳалла гузарида эса бир қанча қулайликларга эга хоналар барпо этилади», – деб қурилиши режа қилинган лойиҳа тушунтириб берилди. Шундан сўнг туман ҳокими аҳоли эътирозларига жавоб бериб ўтди. Хусусан, аҳолининг қурилиш ҳудудида болалар майдончаси ва автомобиллар турар жойлари борасидаги эътирозга қуйидагича жавоб берди: «Болалар майдончаси ҳақида эътироз билдирдингиз, қурилишга ажратилган ҳудудда болалар майдончаси кўряпсизми? Автомобиль турар жойлари бўйича эътирозингиз ўринли, бунинг учун лойиҳа биносининг ертўла қисми автомобил турар жойига ажратилади». Шундан сўнг аҳоли  ўз эътирозларини қонуний томондан асослаб берди. Масала юзасидан бир қанча камчиликлар кўриниб қолди. У ерда аҳоли учун ёнғин хавфсизлиги, эвакуация, қуёшнинг тушиши ва болалар атрофда бехавотир ўйнаши масалалари кўтарилди. Ҳар ҳолда ислоҳот аввало инсон учун хизмат қилиши керак.

Шу тарзда давом этган баҳс ва мунозара ҳокимлик ва аҳоли ўртасидаги келишув билан якун топди. Қурилиш тўхтатиладиган бўлди, энди Президент қарорида қайд этилган кўрсатмалар бўйича замонавий маҳалла гузарини маҳалла аҳли ўз лойиҳаси асосида амалга оширади. Фақат бир шарт билан. У ҳам бўлса 1 ой муддат ичида замонавий маҳалла гузари бўйича Миробод туман ҳокимлигига маҳалла аҳолисидан таклиф киритилиб, лойиҳани тасдиқлатиш шарти билан. Агар бир ой муддат ичида мазкур шарт бажарилмаса, ҳудудда айни қурилиш ишлари давом этадиган бўлди.

Миробод тумани ҳокими Шуҳрат Пўлатов

Аввало, Миробод туман ҳокимининг аҳоли билан бу келишуви қонун ҳужжатларига тўғри келадими? Иккинчидан, қурилиш ишларини бошлашда қонун бузилиш ҳолатлари бўйича тегишли чора кўриладими? Президент қарори ижроси фонида бу каби хатти-ҳаракатлар аҳолининг кучли норозилигига сабаб бўлаётгани мусаддиларнинг хатосими ёки манфаатлар самарасими?

Нима учун бу саволларга жавоб олишга уриняпмиз. Ёдингизда бўлса, Миробод туманидаги Шароф Рашидов номли маҳалла гузари бўйича ҳам аввалига ҳокимнинг қарори чиққан, шундан сўнг тадбиркор қурилиш лойиҳасини тайёрлаган. Лойиҳа бўйича қурилиш ишлари бошланган. Бироқ аҳоли норози бўлганди. Шундан сўнг махсус комиссия тузилиб, лойиҳадаги айрим камчиликлар аниқланган. Тадбиркор лойиҳани қайтадан тайёрлаган. Бироқ туман ҳокими ўз қарорини ўзи бекор қилган. Тадбиркор эса сарфлаган маблағига куйиб қолган. Кейинчалик ҳокимлик ва тадбиркор ўртасида можаро чиққан. Можаро сабабли Миробод тумани ҳокими ва тадбиркор ўртасида судлашиш бўлган.

Хуллас, бир сўз билан айтганда бугунги кунда Тошкент шаҳрида замонавий маҳалла гузари қуриш бўйича ажратилаётган ҳудудлар аксар аҳоли ўртасида кучли норозилик уйғотмоқда. Бу барча туманларда учраб турибди. Таъкидлаб айтамиз, Президент қарори жуда тўғри ва бу халқимизнинг азалий қадриятларини тиклаш, уларни асраб авайлашда катта рол ўйнайди. Бироқ ижрода шошмашошарлик, турли манфаатларни халқ розилигидан кўра устун қўйиш, маъсулиятсизлик каби иллатлар афсуски учраб турибди.

«Kun.uz» халқ овозини тинглашга доимо тайёр!

Хуршид Далиев

Kun.uz мухбири

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top