12:59 / 15.05.2024
5171

Тожикистон Марказий Осиё ягона энергетика тизимига қўшилади

Май ойининг охиригача Тожикистон ҳам Марказий Осиё ягона энергетика тизимига қўшилиши мумкин. Айни пайтда Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон ушбу тизимда аъзо ҳисобланади.

© РИА Новости / Илья Наймушин

Тожикистон май ойи охиригача Марказий Осиёнинг ягона энергетика тизимига қўшилиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовга таяниб, Gazeta.uz хабар берди

«Биз минтақалараро савдо ва ҳамкорликни ривожлантирмоқдамиз, қўшниларимиз — Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон билан электр энергиясини етказиб бериш, экспорт, импорт қилиш ва транзити бўйича жуда яқин ҳамкорлик давом этмоқда. Бу ой Тожикистон ҳам ягона Марказий Осиё энергетика тармоғимизга қўшилишини кутяпмиз», - деган вазир.

Марказий Осиё ягона энергетика тизими ҳақида

Собиқ иттифоқ вақтида Марказий Осиёнинг гидроэнергетикаси ва деҳқончилигини ривожлантириш ягона тизимга бирлаштирилган эди. Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Жанубий Қозоғистонни қамраб олган Марказий Осиё энергетика тизими оператори ролини Тошкент бажарган. Айнан Ўзбекистон бошқа тўрт давлат билан чегарадош бўлиб, бу ҳол уни табиий равишда минтақавий энергия ҳабига айлантирган. СССР парчаланганидан кейин 1997 йилда Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ўртасида энергия тизимларининг параллел ишлаши тўғрисида шартнома имзоланади. Мураккаб тизим бешта давлатнинг 83 та электр станциясини бирлаштирган ва Тошкентдаги Мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик маркази томонидан бошқарилган.

Тизим электр энергияга мавсумий талаб ва сувга эҳтиёжлар ўзгаришларини мувозанатлаштиришга имкон берган. Тожикистон ва Қирғизистон қишки вақтда ўзидаги сув омборларида сув йиғиб, Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан электр энергия ва энергия захиралари (кўмир ва табиий газ) олган. Ёзги вақтда Тожикистон ва Қирғизистон йиғилган сувни Ўзбекистон ва Қозоғистонга ерларни суғориш учун йўналтирган.

Аммо 2003 йилда Туркманистон электрга бўлган эҳтиёжини ўзи қондиришга қарор қилиб, ягона тизимдан чиқади. 2009 йил декабр ойида Марказий Осиёнинг энергетик ҳалқаси ўз фаолиятини тўхтатади. Асосий сабаб сифатида Ўзбекистоннинг тизимдан чиқиши келтириб ўтилган (минтақадаги бошқа давлатлар тармоқдан автоматик равишда узилиб қолган). Бунга кўпчилик мутахассислар томонидан Тошкент ва Душанбе ўртасида Роғун ГЭСининг қурилиши туфайли юз берган зиддиятлар сабаб сифатида кўрсатилган.

Тизимнинг қайта тикланиши

Ягона энергетика тизимини тиклаш зарурати биринчи марта 2014 йилда Ўзбекистон ва Қирғизистонда юзага келган электр энергияси тақчиллиги туфайли муҳокама қилинган. Аммо бу кутилган натижа бермаган. 2017 йилда Остона шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари энергетика идоралари раҳбарларининг йиғилиши бўлиб ўтган ва улар ўртасида ягона энергетика тизимини тиклаш масаласи кўриб чиқилади.

2018 йилда Тошкентда Ўзбекистон ҳукуматининг ташаббуси билан Энергетика ислоҳотлари бўйича Марказий Осиё биринчи конференцияси ўтказилади. 2019 йилда Истанбулда ўтказилган иккинчи конференцияда минтақа давлатлари ягона электр энергияси бозорини яратиш бўйича декларация имзолайди. Ўтказилган музокаралардан кейин Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон бирлашган энергия тизимига қайтишга қарор қилади. Энергия ҳалқаси учун инфратузилмалар сақланиб қолингани бу ташаббусни амалга оширишда ортиқча муаммоларни юзага келтирмайди. Бирлашган энергия тизимлари иқтисодий нуқтайи назардан барча томонларга фойда келтиради, сабаби бир мамлакатлардаги узилишлар бошқа томоннинг профицитлари ҳисобига қопланади.

2021 йил декабрь ойи бошида Москвада бўлиб ўтган Евросиё конгрессида Тожикистон саноат ва янги технологиялар вазири Шерали Кабир 2022-2023 йилларда Тожикистон ҳам ягона “энергетика ҳалқаси”га қайтишни режалаштираётганини айтиб ўтган.

Мутахассисларга кўра, агар бир мамлакатда электр энергиясига бўлган талаб кескин ошиб кетса, тизимга оғир юк тушмаслиги ва носозлик юз бермаслиги учун ўзининг захира қувватидан фойдаланиши керак (Ўзбекистонда улар катта эҳтимол билан мавжуд). Агар захира қуввати бўлмаса (эҳтимол Қирғизистонда), истеъмолчиларнинг муайян қисми учун электр таъминотини вақтинча ўчириш лозим.

Top