Ўзбекистон | 19:32 / 18.12.2020
9229
2 дақиқада ўқилади

Вазир ҳокимларнинг ер участкалари ажратиш бўйича қарор қабул қилиш институтини бекор қилиш таклифини билдирди

Адлия вазири Русланбек Давлетов Сенат ялпи мажлисида қишлоқ хўжалиги инвестиция объектига айланиши кераклиги, бунинг учун эса ерга бўлган ҳуқуқлар барқарор бўлиши лозимлиги ҳақида гапирди.

Фото: Сенат матбуот хизмати

«Қишлоқ хўжалиги соҳаси инвестиция объектига айланиши керак. Бунинг учун ерга бўлган ҳуқуқлар барқарор бўлиши керак. Шундагина ўзимизнинг фуқаролар ҳам инвестиция киритади, тупроқ ва ҳосил унумдорлиги ошишига ҳаракат қилади.

Ерни олиб қўйиш жуда қаттиқ бюрократик жараён бўлиши керак. Треспасс – АҚШда бекорга ривожланмаган.

Қишлоқ хўжалиги кўп йиллар давомида кўплаб салбий ҳолатлар манбайи бўлиб келган: мажбурий меҳнат ҳам бўлган, барча давлат органларини ҳам пахтага жалб қилиш бўлган ҳуқуқини поймол қилиш ҳам, ерларни талон-торож қилиш ҳам.

Мана энди янги муносабатлар шаклланяпти, кластерлар, кооперациялар. Энди уларни ҳам ҳуқуқий ягона ва аниқ тартибга солиш керак. Фикримизча, шартнома бунинг энг мақбул механизмидир», дея Русланбек Давлетовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Вазир бу борада бир неча таклифларни илгари сурди:

  • ҳокимларнинг ер участкаларини ажратиш бўйича қарорлар қабул қилиш институтини бекор қилиш.
  • ер участкаларини тоифасига қараб тадбиркорлар ва фуқароларга электрон онлайн-аукцион, танлов, энг яхши таклифни танлаш орқали (йирик инвестиция лойиҳаси бўйича) ҳамда давлат-хусусий шериклик битими асосида ажратиш.
  • ер қонунчилигини бузганлик учун биринчи навбатда иқтисодий ҳамда маъмурий чоралар қўллаш;
  • ер участкасига бўлган ҳуқуқларни тугатишнинг асосларини кескин камайтириш керак.

Мавзуга оид