21:59 / 07.06.2021
27655

«Четда ўқиш учун илк қадамни ташлай олиш муҳим» – Япониядаги ўзбек оиласи таълим ва японлар характери ҳақида

UzbekLife’нинг навбатдаги суҳбатдоши бир неча йилдан буён Японияда ўз оиласи билан яшаб келаётган Барно Сулаймон бўлди.

У билан суҳбатимиз Япония таълим имкониятлари, оилавий ҳаёт учун қулайликлар, японлар характери, блогерлик фаолияти ва шу каби бошқа мавзуларда кечди.

Болалигимдан хорижий университетда таҳсил олиш ниятим бўлган

Мен 2014 йилдан бери Японияда яшайман. Бу давлатга дастлаб олий таълим олиш мақсадида келганман. Ўшанда япон университети таълим грантини ютиб олгандим. 4 йил давомида АPU (Asia Pacific University) университетининг Халқаро муносабатлар факультетида 80 фоизлик грант асосида ўқидим. 

Японияга келишдан аввал интернетдан Япониядаги ўзбеклар, яшаш шароити ҳақида барча ёшлар сингари саволларимга жавоб излаб маълумотлар қидирганман. Болалигимдан хорижий университетда таҳсил олиш ниятим бўларди. APU университети 80дан ортиқ миллат вакиллари билан бирга мутахассислигимни янада кенгроқ ўрганишимда ва дунёқарашим ўсишида катта ёрдам берди.

Муваффақиятли таълимдан сўнг Японияда қолишга қарор қилдим. Бунга шунингдек, университетда бирга ўқиган ҳамюртимиз билан турмуш қурганим ҳам сабаб бўлди.

Ижтимоий қўллаб-қувватлаш яхши йўлга қўйилган

Бу давлат чет элликларга ўқиш учун катта имкониятлар беради, қолаверса, мигрантлар яшаши учун ҳам жуда қулай деб ҳисоблайман. Чунки бошқа давлатларга нисбатан бу ерда салбий қараш деярли йўқ. Японлар умуман ҳурмат-эътиборни юқори нотада ушлайдиган миллат.

Давлат хизматларидан ҳам барча япон фуқаролар сингари мигрантлар ҳам фойдаланиши мумкин, ҳеч қачон одам ажратишганини кўрмаганман. Япония ХХ аср бошларигача ёпиқ давлат бўлиб келган, шу сабабли ҳам айрим чекка қишлоқ жойларида чет элликларни учратмаган кекса ёшдаги японлар бошқа давлат одамларидан бироз хавфсираши мумкин, лекин бу ҳол жуда кам учрайди.

Оилавий яшашга ҳам анча қулай, вакцина олиш, болалар учун тиббий хизматлар текин, бу ёш оилалар фарзандларини улғайтириб олишда катта ёрдам беради.

Ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳам яхши йўлга қўйилган. Коронавирус пандемияси даврида давлат ҳар бир фуқаросига, уларнинг даромади ва мавқейи, шунингдек, ёш ёки кексалиги ва бошқа жиҳатларга қарамасдан 100,000 ¥ (иен) миқдорида ёрдам кўрсатди. Эътиборлиси, бу имкониятлардан мигрантлар ҳам фойдаланди.

Видеоконтентларимни инглиз тилида тайёрлайман

Ҳозир фарзандим парвариши билан машғулман. Шу билан бирга ўзим қизиққан видеоблогерлик бўйича турли видеолар олиб кузатувчиларимга тақдим этиб бораман. Турмуш ўртоғим дўстлари билан хусусий Felicity компаниясини очиб медиа соҳасида фаолият юритишади. Бу ерда таълим ва бошқа турли мавзуларда профессионал видеоконтент тайёрлашади.

Университетда ўқиб юрган пайтларимданоқ турли давлатларга саёҳатлар,  талабалар конференцияларига бориб турардим. Ва бу саёҳатлар таассуротларини, саёҳатнинг жонли завқини кўпинча ота-онам ва дўстларимга қандай улашиш эҳтиёжидан аста-секинлик билан видеоларни тасвирга олиш, монтаж қилишни ўрганиб бордим. Шу тарзда YouTube’да ўз саҳифамни юрита бошладим. Бу блогда саёҳат, интервьюлар, Японияда ўқиш, яшаш имкониятлари ва бошқа қизиқарли дастурлар мавжуд.

Видеоконтентларимни инглиз тилида тайёрлайман. Негаки, таҳсил олиш давомида кўп чет эллик танишлар орттирдим. Ўзбекистонда ҳам инглиз тилини ўрганиб шу тилдаги видеоларни кўрувчилар, қолаверса, Япония ҳақида қизиққан бошқа миллатлар ҳам кўришини мақсад қилдим, шу маънода контентимни инглиз тилида юритиб келаман.

Ҳар бир университетнинг ўз талаблари мавжуд

Японияда ўқишни истаган ёшлар аввало бу ердаги университетлар билан яхшилаб танишиб чиқишини маслаҳат бераман. Кўпинча саҳифамдаги видеоларни кўриб кейин ўзимга ҳам қанақа қилиб ҳужжат топширилади, қандай борилади каби саволлар йўллашади. Бунақа саволлар берган одам нафақат Японияга, балки умуман чет элга боришга тайёр эмас деб ўйлайман. Чунки университетга кирмоқчи бўлган одам биринчи навбатда қайси соҳага қизиқади, бу йўналиш қайси университетларда мавжуд – шу нарсаларни аниқлаб олиши керак. Ундан кейин ҳар бир университетнинг ўз талаблари мавжуд, бу эса уларнинг веб-сайтларида кўрсатилган бўлади. Кейинги босқичда ўзи танлаган университет ёки мамлакат ҳақида қўшимча маълумотлар билиб олиши учун юртдошлардан ёрдам сўраши мумкин.

Японияга келиб шу ерда яшаб қолиш ҳақида келишдан аввал ўйламаслик керак деб ҳисоблайман. Чунки бу ер кимгадир ёқади, кимгадир ёқмайди, ўзимнинг ҳам кўп танишларим Японияни ёқтиришмаган ва ўқишларини бошқа давлатга ёки Ўзбекистонга кўчиришган эди. Яна баъзиларга Японияда инглиз тили кўп ишлатилмагани ёқмасдан кетиб қолади. Чунки таълим инглиз тилида бўлгани билан кундалик ҳаётда япон тилида муомала қилишга тўғри келади.

Диний эътиқодимга мос шароитлар яратиб беришган эди

Японлар барча дин вакилларига ва турли миллатлар маданиятларига яхши муносабатда бўлади. Талабалик давримда хусусий компанияда ҳам ишлардим ва диний эътиқодимга мос шароитлар яратиб беришган эди. Компанияда тушлик учун ҳалол маҳсулотлардан менга алоҳида таом тайёрланарди ва намоз ўқиш учун ҳам алоҳида жой ажратилганди.

Авваллари Японияда ҳалол маҳсулотларни топиш қийин эди. Ҳозирда ҳалол озиқ-овқат маҳсулотларини топиш Японияда анча осонлашган. Ҳатто онлайн буюртма бериш ҳам мумкин.

Биров гапириб турганда, эшитувчи буни тасдиқлаб бошини силкиб “ҳай” деб туриши керак

Бу давлатга янги келган одам бу ерларни унчалик ёқтирмайди. Бу бир томондан тил билан боғлиқ, юқорида айтганимдек, японлар билан кундалик ҳаётда мулоқот қилиш учун ўз тилларида мурожаат қилиш сизга устунликлар беради. Иккинчидан, японлар маданиятига, жумладан ўзаро муносабат маданиятига кўникиш керак. Кўпчиликда дастлаб келганда буларни тушунмасдан руҳий тушкунлик бўлиши учраб туради. Эътиборга олиш лозим бўлгани шуки, ҳар бир давлат ёки миллатнинг ёзилмаган қоидалари бўлади. Ўзимдан ҳам бу ўйлар ўтган, бошқа давлатларга конференцияларга борганимдан кейин Япония анча яхши мамлакат эканига амин бўлдим.

Фурсатдан фойдаланиб ўзим бошимдан ўтказган воқеани айтиб бермоқчиман. Ўқишдан ташқари ишлашни бошлаган пайтларим япон тилида гаплаша олсам-да, лекин эркин мулоқот қилишда қийналардим. Дастлабки кунларда компания менежери ҳар доим бирор топшириқ берар экан, қайта-қайта тушундингми деяверар, мен эса унинг гапини бўлмай деб гапирмай турардим. Кейин ўйлардим, нега қайта-қайта тушундингми деб сўраяпти. Кейин билсам, японларда шундай бир одат бор бўлиб, биров гапириб турганда, эшитувчи буни тасдиқлаб бошини силкиб “ҳай” деб туриши керак экан. Бу нарса мен учун янгилик бўлган, чунки бизда гапирилаётганда гапини бўлмай эшитиб турилади. У эса мени тушунмаяпти деб такроран сўрайверган.

Яна японларнинг бир одати эътиборимни тортади. Бирор масалада мурожаат қилсангиз ёки ёрдам сўрасангиз, тўғридан тўғри йўқ деган жавоб беришмайди, балки “ўйлаб кўраман” деб қўяди ва бу японларда “йўқ” деган маънони англатади. Бунга ўхшаш муомаладаги ёзилмаган қоидалари жуда кўп. Шу сабабли ҳам бошида кўникиш қийин кечади.

Японларда бир-бири билан ўзбеклардаги каби қўшничилик ёки меҳмондўстлик алоқалари жуда кам. Кўпинча ўзлари учун кўпроқ вақт ажратишни хуш кўришади. Барча катта шаҳарларда бўлгани каби кўп қаватли уйларда яшовчилар бир-бирини унчалик танишмайди.

Ёш ўзбекистонлик қизларга ҳаётий 3та маслаҳат

Ёшлар, хусусан қизларга маслаҳат маъносида айтишим мумкинки, таълим жуда муҳим. Ўқиш деганда вақтида дарсларга қатнашни эмас, мактабда ўтиладиган фанларни янада қизиқиш билан чуқурроқ эгаллашни тушуниш керак.

Иккинчиси исталган бир ҳунарга қизиқиш ва ҳобби. Кимдир олий таълимда аниқ бир ихтисосликда ўқийдими ёки ўқимасдан бирор касб билан шуғулланадими – ундан ташқари ўзи қизиққан ва ҳобби деб қабул қиладиган севимли машғулоти бўлиши зарур, бу бирор ҳунар ҳам бўлиши мумкин.

Қизлар учун муҳимлиги шундаки, шундай вақт бўладики, ўз карьерасидан, ишидан бироз четлашиб, танаффус қилиб туришга тўғри келади. Шунда ўзи ўрганган ҳунари ёки ҳоббиси унга энергия бериб туради, деб ўйлайман. Бундан ташқари, келажакда хорижий давлатга оиласи билан борганда ўз соҳасида ишлай олмаса, ҳунари қўл келиши турган гап.

Учинчиси кўплаб одамлар билан мулоқот қилиб, ҳаёт ҳақида кўп маълумотга эга бўлиш, ҳозирги тил билан айтганда networking. Кўплаб танишлар орттириш нафақат қизларга, умуман барчага фойда келтиради.

Таржимонлик фаолияти билан шуғулланишни режа қилганман

— Юқорида айтиб ўтганимдек ҳозирда оналик таътилидаман, лекин бу билан ишларим тўхтаб қолгани йўқ. Келажакда таржимонлик фаолияти билан шуғулланишни режа қилганман, шу мақсадда япон тилини янада мукаммал ўрганиб боряпман.

Икки йил аввал япон компаниясида стажировка ўтаган эдим, унда дунё бўйлаб саёҳат қиладиган кемада турли глобал мавзуларда семинарлар ўтказилади, экспертлар слайд-тақдимотлар қилишади. Мен шу компанияда 6 ой малака оширдим, рус тилидан таржима қилиб ёрдам бериб тургандим. Декрет даври тугагандан сўнг яна ўша компанияда инглиз-япон тилидан таржимонлик қилиш ниятим бор.

Оилавий режаларимиз доимо ўзгариб туради. Лекин битта аниқ мақсадимиз бор, бу дунёнинг турли минтақаларида, давлатларида яшаб кўриш. Яъни Япония оиламизнинг сўнгги манзили эмас. Шунақа ҳаёт тарзини турмуш ўртоғим билан бирга хоҳлаймиз. Бу фарзандларимиз келажаги учун ҳам аҳамияти катта деб ҳисоблайман.

Йигитали Маҳмудов суҳбатлашди.

Top