Фан-техника | 20:42 / 07.06.2024
10110
2 дақиқада ўқилади

Япония компанияси коинотгача лифт қуришни режалаштирмоқда

Юк ва одамларни орбитага етказиш арзонроқ бўлади, аммо бир қатор технологик қийинчиликлар мавжуд. 

Фото: Obayashi Corporation

Япониянинг Obayashi Corporation компанияси 2050 йилгача коинотга қадар лифт қуришни режалаштирмоқда. 

Компания вакиллари ҳозир лифтни лойиҳалаш, тегишли тадқиқотлар, корпорациялар ва муассасалар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш билан шуғулланмоқда. Қайд этиш жоиз, Obayashi бир қанча ҳайратланарли лойиҳаларни амалга оширган, жумладан, дунёдаги энг баланд Tokyo Skytree телеминорасини қурган.

Компаниянинг таъкидлашича, коинот лифтини қуриш қиймати 100 миллиард доллардан ошади ва қурилиш ишларининг ўзи 20 йилдан кўпроқ вақт олиши мумкин. 

Илмий ва муҳандислик ҳамжамиятида коинот лифти ғояси бўйича фаол мунозаралар мавжуд. Кўпчилик ҳозир техник жиҳатдан бундай тузилмани қуриш мумкинлигига шубҳа билан қарайди. Биринчи навбатда материаллар билан боғлиқ муаммолар туфайли. 

Obayashi корпорацияси углеродли наноқувурлардан фойдаланмоқчи, бироқ ҳозирча улар етарли даражада узунроқ қилиб ишлаб чиқарилмаган. Бошқа материаллардан фойдаланиш истисно қилинмайди. Ахир, лифт камида геостационар орбитага, яъни 36 минг километрга чўзилиши керак. Бу Ернинг айланиши билан ҳамоҳанг бўлишига имкон беради. 

Бундай улкан қурилмага об-ҳаво таъсир қилиш хавфини ҳам ҳисобга олиш керак. Шунингдек хавфсизлик тизимларини ҳам алоҳида тарзда ўйлаб кўриш керак. 

Obayashi корпорацияси ушбу муҳандислик муаммоларининг барчасини ҳал қилиш мумкинлигига ишонмоқда. Коинот лифти ғояси жозибали иқтисодий самарага ҳам эга. Ундан фойдаланиш юкларни орбитага етказиш харажатларини сезиларли даражада камайтиради. Ҳисоб-китобларга кўра, 1 кг юкни жўнатиш нархи 50 дан 500 долларгача бўлади. Таққослаш учун, ҳозир Space X ўзининг Falcon 9 ракетасида 1 кг юкни 2500 долларга ташимоқда. 

Бундан ташқари, Obayashi корпорациясининг таъкидлашича, коинот лифти ракеталарга қараганда анча хавфсизроқ бўлади, шунингдек, атмосферага зарарли чиқиндиларни камайтиради.

Мавзуга оид