20:19 / 09.11.2019
0
22016

«Загранпаспорт» вақтинча прописка қилинган жойдан ҳам берилиши мумкин

Фақатгина хорижга чиқиш ҳужжати вақтинча ҳисобга олиш жойларидан бериш масаласи кўриб чиқилмоқда. ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бўлим бошлиғи Фахриддин Турсунов 7 ноябрь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, эски намунадаги паспортни биометрик паспортга алмаштиришда, шунингдек, 16 ёшга тўлганда ёки амал қилиши муддати тугаганда биометрик паспорт олишда фуқародан доимий рўйхатга олинган жойига бориш талаб этилади.

Фахриддин Турсунов
Фото: Kun.uz

“Масалан, Қорақалпоғистонда доимий рўйхатда турадиган фуқаро Тошкент шаҳрида вақтинча яшаб, вақтинча ишлаяпти дейлик. У хизмат сафари, дам олиш ёки даволаниш учун хорижга чиқадиган бўлиб қолди. Ўша одам Чилонзор туманида турадиган бўлса, шу ерда вақтинчалик рўйхатга олинган бўлса, у хорижга чиқиш ҳужжатини Қорақалпоғистонга бормасдан Чилонзордаги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимидан олиши мумкин бўлади. Айни пайтда қонун ҳужжатларига шу бўйича тегишлик ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда”, дея Фахриддин Турсуновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Матбуот анжумани давомида нима учун биометрик паспортни олишда  ҳудудий чекловни олиб ташланмаётганига ҳам ойдинлик киритилди.

Фахриддин Турсуновнинг таъкидлашича, биометрик паспортга фуқаронинг доимий яшаш жойи ҳақидаги штамп босилади, хорижга чиқиш ҳужжатига эса доимий ёки вақтинча пропискага қўйилган жойи ҳақидаги штамп босилмайди. Шу сабабга кўра биометрик паспорт фақатгина фуқаронинг доимий рўйхатдан ўтган ҳудуддан берилади.

ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Нодир Зияев паспортни пропискадан қатъи назар исталган ҳудуддан олиш тартиби кўзда тутилган ҳужжат лойиҳаси тайёрланиб, 2 ноябрь куни вазирлик ва идораларга келишиш учун юборилганини маълум қилди. Унинг қўшимча қилишича, лойиҳа жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари порталига ҳам жойлаштирилган.

Нодир Зияев
Фото: Kun.uz

«Лойиҳага кўра, нафақат доимий рўйхатга қўйилган фуқаролар, балки вақтинчалик рўйхатдан ўтиб яшаётган фуқаролар ҳам расмийлаштириш мумкинлиги назарда тутилган. Тез кунда ушбу лойиҳа тасдиқланиб, оммага батафсил, содда тилда тушунтириш берилади», деб айтган Нодир Зиёев.

Аввалроқ нафақат “загранпаспорт”ни, балки фуқаролик паспортини пропискадан қатъи назар исталган ҳудуддан олиш тартиби жорий этилиши ҳақида хабар қилинган эди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top