Иқтисодиёт | 22:04 / 31.01.2022
33567
7 дақиқада ўқилади

Инфляция, монополиялар ва давлат қарзи: 2022 йилги давлат дастурининг иқтисодий мақсадлари

Президент Тараққиёт стратегиясининг 2022 йилги давлат дастурини тасдиқлади. Бу йил иқтисодиёт йўналишида қандай мақсадлар қўйилган?

Фото: Shutterstock

“Тараққиёт стратегияси”нинг Миллий иқтисодиётни ривожлантириш бўлимида келгуси 5 йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни – 1,6 баробар (1750 доллардан 2800 долларга) ва 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг АҚШ долларидан ошириш ҳамда “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига кириш учун замин яратиш мақсад қилинган.

Мазкур мақсадга эришиш учун, 2022 йилга қуйидагилар режа қилинган.

Ялпи ички маҳсулот

Халқаро молия институтлари билан биргаликда келгуси 5 йил учун бир нечта сценарийли макроиқтисодий прогноз (макромодел) ишлаб чиқилади. Бунда:

  • ялпи ички маҳсулотни 100 млрд АҚШ долларига етказиш ва аҳоли даромадларининг юқори ўсиш суръатларини таъминлаш;
  • таркибий ислоҳотларни амалга оширишда иқтисодиётга таъсирини баҳолаш;
  • иқтисодий ўсиш учун зарур бўлган энергия манбалари билан таъминлаш;
  • ташқи бозорлардаги ўзгаришларни прогнозлаштириш ва иқтисодий ўсишга ташқи омиллар таъсирини юмшатиш;
  • ҳудудлар ва тармоқларнинг иқтисодий ўсишдаги ҳиссасини аниқлаш орқали “ўсиш нуқталари”ни белгилаш ва бошқалар.

Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров зиммасига 2022 йил август ойигача асосий макроиқтисодий йўналишлар бўйича аниқ чоралар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.

2023-2025 йиллар учун асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози ишлаб чиқилади, бунда:

  • иқтисодий ўсиш даражасининг ўртача 6,5 фоиздан юқори бўлиши;
  • инфляциянинг 2024 йилдан 5 фоиз таргет кўрсаткичи даражасида ушлаб туриш;
  • пул-кредит, бюджет-солиқ сиёсатлари ва таркибий ислоҳотларни ўзаро мувофиқлаштириш кўзда тутилган.

Инфляция

Инфляциянинг монетар омилларини пасайтириш ҳисобига доимий инфляцион мақсадга (таргет) эришиш бўйича чоралар кўриш кўзда тутилган. Бунда:

  • қатъий пул-кредит шароитларини сақлаб қолиш, шу жумладан, иқтисодиётга кредит қўйилмалари ўсиш суръатини (16-18 фоиз) ялпи ички маҳсулот номинал ҳажми ўсиш суръатлари билан мутаносиб бўлишини таъминлаш;
  • пул-бозоридаги операциялар бўйича 2-3 фоизлик реал ижобий фоиз ставкалари шаклланишини таъминлаш;
  • Марказий банкнинг пул-кредит инструментларининг инфляцияга таъсирини кучайтириш;
  • иқтисодиётда инфляцион кутилмаларни пасайтиришга қаратилган коммуникация сиёсатини такомиллаштириш мақсад қилинмоқда.

Монополиялар

2022 йилда Истеъмол бозорларида рақобатни ривожлантириш ва монополияга қарши таъсирчан чоралар кўриш кўзда тутилган. Бунда:

  • ички истеъмол бозорида рақобат муҳитига салбий таъсир этувчи омилларни бартараф этиш ва импортда концентрациялашув даражасини пасайтириш;
  • озиқ-овқат ва ноозиқ овқат маҳсулотлари бозорларида таклифни ошириш ва мавсумий тақчилликларни бартараф этиш;
  • тариф ва нотариф тартибга солишнинг инфляция даражасига таъсирини ҳисобга олиш ва оқибатларини юмшатиш;
  • жаҳон бозорларидаги вазиятдан келиб чиқиб, ички бозорда талаб юқори бўлган товарларни хориждан олиб киришда уларга нисбатан мақбул божхона ставкаларини қўллаш чоралари кўрилади ва 2022 йил сентябрга қадар Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Ҳудудларда савдо инфратузилмаси ривожлантирилади

Бунда:

  • ҳар бир ҳудудда йирик улгуржи-савдо марказлари, жумладан логистика, музлатгич, омборхоналарни ташкил этиш;
  • йирик туман/шаҳарларда камида 3 тадан замонавий савдо марказларини ташкил этиш;
  • қишлоқ жойларда кўчма савдо нуқталарини кўпайтириш;
  • аҳолига эркин савдони амалга ошириш имконини берувчи чегараолди ҳудудларда савдо марказларини ташкил этишни назарда тутилган.

Ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш ва нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси” амалга оширилади.

Бунда ҳудудлар кесимида:

  • озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини яратиш ва ички бозорда интервенция қилиш ҳажмлари кўрсаткичлари;
  • ҳудудий ҳокимликларнинг ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш борасидаги вазифаларини аниқ белгилаш;
  • асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини барқарорлаштириш захираларни шакллантириш ва улардан фойдаланиш қоидаларини ишлаб чиқиш (истеъмол бозорларига интервенсиялар қилиш) бўйича чораларни назарда тутиш борасида 2022 йил апрелгача Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Шунингдек, Халқаро молия институтларининг тавсияларини назарда тутган ҳолда “Ўрта муддатли даромадлар стратегияси”ни ишлаб чиқиш бўйича ишларни бошлаш ва 2022 йил 1 сентябрга қадар Стратегия лойиҳасини 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгашга киритиш ҳам мақсад қилинган.

Ташаббусли бюджет

Ҳар бир туман бюджетининг камида 5 фоизини “Фуқаролар бюджети” дастури доирасида аҳолининг таклифлари асосида энг долзарб муаммоларни ечишга сарфлаш кўзда тутилмоқда.

Туман ва шаҳарлар бюджетлари параметрларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун ажратиладиган маблағларнинг камида 50 фоизи “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида аниқланган ички йўлларни таъмирлашга йўналтириш тартибини жорий этиш жорий йил февралдан бошлаб амалий чоралар кўрилади.

Давлат қарзи

Давлат қарзини бошқаришда йилига янги жалб қилинган ташқи қарз миқдори 4,5 млрд АҚШ долларидан ошиб кетмаслиги таъминланади.

Ўрта муддатли давр учун фискал стратегия доирасида давлат қарзини бошқариш стратегиясини ишлаб чиқилади. Бунда:

  • давлат қарзининг жорий ҳолати ва кўп прогноз сценарийларни орқали ўрта муддатда давлат қарзини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 60 фоиз даражасидан ошмаслик чораларини;
  • давлат қарзи портфелининг структурасида фоиз хатарларни самарали бошқариш чораларини назарда тутиш борасида 2022 йил давомида амалий чоралар кўрилади.

Давлат кафолати асосида қарз олишда, Ўзбекистон Республикаси кафолатларини бериш тартиби такомиллаштирилади. Бунда:

  • лойиҳани амалга ошириш учун қарз олувчи корхоналарнинг молиявий ҳолати, лойиҳанинг ҳаётийлиги, пул оқимлари ва лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ бошқа хатарлар таҳлили асосидаги давлат кафолатини беришнинг мақсадга мувофиқлиги юзасидан Вазирлар Маҳкамасига Молия вазирлигининг хулосасини киритиш;
  • давлат кафолати учун тўловларни қарз олувчи корхоналарнинг молиявий ҳолати бўйича хатарлар даражасидан келиб чиққан ҳолда белгилаш;
  • давлат кафолати тақдим этишда корхоналарига молиявий шарт ва талабларни белгилаш тартибини жорий этишни назарда тутишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси жорий йил сентябргача ишлаб чиқилади.

Келгуси йилда давлат қарзи ва давлат кафолати остида жалб қилинадиган хорижий кредитлар ҳисобига амалга ошириладиган лойиҳалар рўйхатини тасдиқлашга оид Президент қарори 2022 йил 15-декабргача ишлаб чиқилади.

Мавзуга оид