23:59 / 03.05.2019
25061

Хан академияси: ҳар ким ҳар ерда бепул таълим олиши мумкин. Энди бу имконият Ўзбекистонда ҳам мавжуд

Онлайн таълим олишга қизиқувчилар учун Khan Academy (Хан академияси) платформаси яхши таниш. У математика, физика, кимё, биология, иқтисодиёт, инглиз тили грамматикаси, тиббиёт, астрономия, молия, тарих каби фанлар бўйича 10 мингдан зиёд видеодарслар ва 100 мингдан ортиқ мавзулаштирилган интерактив машқларни жамлаган жуда катта қамровли платформа бўлиб, ҳар ким ўзи истаган тилда, қулай вақт ва жойда керакли фан бўйича билимларни олиши мумкин.

Бутун дунёда фан иштиёқмандлари орасида катта резонансга сабаб бўлган Хан академияси маълумотларидан энди ўзбек тилида ҳам фойдаланиш мумкин. Ўзбекистонлик бир гуруҳ кўнгиллилар платформа контентини маҳаллийлаштириш – ўзбек тилига ўгиришга бел боғлашган. Платформанинг қулайликлари ҳамда уни маҳаллийлаштириш жараёни ҳақида лойиҳа муаллифлари сўзлаб беришди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Барчаси қандай бошланган?

Хан академиясига 2006 йилда америкалик Салмон Хон томонидан асос солинган. У бошқа штатда истиқомат қиладиган жиянига математика бўйича масофадан туриб сабоқ бериш учун дарсларни видео шаклида ёзиб, youtube тармоғига жойлаштириб боради. Бу орада унинг видеосабоқлари бошқа фойдаланувчилар орасида ҳам кенг тарқалади. Шу тариқа академиянинг илк асоси қўйилган.

Хан академияси онлайн тарзда мустақил билим олишга мўлжалланган платформа ҳисобланади. Унда тизимлаштирилган видео ва машқлар мавжуд. Видеолар 5-6 дақиқалик микромаърузалардан иборат. Ҳар бир видео муайян фан бўйича битта тушунчани тушунтиришга йўналтирилган. Мазкур мавзу юзасидан билимларни синаш учун интерактив машқлар ҳам тақдим этилади.

Хан академияси контенти бугунги кунда 36та тилга таржима қилинган бўлиб, ундан 190дан ортиқ давлатда 63 миллионга яқин одам фойдаланади. Энг аҳамиятлиси, платформадан фойдаланиш мутлақо бепул.

«2014 йилда илк маротаба математика бўйича билимларимни янгилаш мақсадида мазкур платформадан фойдаланганман. Платформа маълумотларини ўзбек тилига ҳам ўгириш мумкинлигини билгач, уни кўнгилли тарзда таржима қила бошладим. 2018 йилгача баъзи таржимонлар билан 20 мингга яқин сўзни таржима қилганмиз. 2018 йилда ўзбекистонлик тадбиркор Ботир Орифжонов шу платформани маҳаллийлаштиришга амалий кўмак бериши ҳақида билдирди» , – дейди жамоа аъзоси Сеҳроб Иброҳимов.

Бу платформа нега керак?

Муҳаммаджавоҳирбек Суръатов, жамоа аъзоси:

– Мактабларда ўқув йили давомида фанлар бўйича мавзулар белгиланган режа асосида ўтиб кетилаверади. Ўрганган ўрганади, ўргана олмаган қолиб кетаверади. Ўзлаштира олмаганлар учун ортга қайтиб, қайта мавзу тушунтирилмайди. Масалан,7-синфда бирон сабаб билан ўқувчи физика фанининг қайсидир жиҳатини тушунмаслиги мумкин. Лекин у кейинги синфга ўтади. 8-синфда ҳам физика билан боғлиқ муаммоларга дуч келади. Қизиқса ҳам мустақил тарзда тушунмай қолган мавзуларни ўргана олмайди. Хан академияси шундай муаммоларга ечим бўлиши мумкин.

Элбек Баҳромов, жамоа аъзоси:

– Республика бўйича нечта математика ўқитувчиси бўлса, уларнинг барчаси деярли бир хил вазифани бажаради. Мисол учун, 5-а синфига ҳам 5-б синфига ҳам бир хил мавзуни тушунтириб чиқади. Худди шу ишни бошқа ўқитувчилар ҳам такрорлашади. Бу вақтдан самарасиз фойдаланишдан бошқа нарса эмас. Онлайн таълим эса бу ҳолатга ечим бўла олади.

Жараён қандай кечмоқда?

«2019 йилда «Билим онлайн»  нодавлат-нотижорат ташкилоти тузилди. У Хан академияси контентининг ўзбек тилига таржима қилинишини ташкиллаштиради. Ҳозирда 54 нафар таржимон ва муҳаррирлардан иборат катта жамоа меҳнат қилмоқда. Ҳар бир таржимон уйда ўтириб белгиланган фан бўйича мавзуларни таржима қилиб бориши мумкин. Бутун жараён онлайн тарзда амалга оширилади. Ҳар куни битта таржимон ўртача 400та сўз таржима қилиб боради» , – дейди жамоа аъзоси Отабек Жўраев.

Ҳозиргача умумий контентдан 1,300,000та сўз таржима қилинган. 115та видео қайта ишланган. Бошланғич математика фани бўйича маълумотлар тўлиқ ўзбекчага ўгирилган. Тайёр материаллардан xanakademiyasi.uz манзили орқали фойдаланиш имконияти мавжуд.

«1,5 йил ичида бутун контентни таржима қилишни режалаштирганмиз. Чунки ўзбек тилида яратилиши керак бўлган бошқа ресурслар ҳам талайгина. Бошқа платформаларни ҳам ўзбек тилида тайёрлашни мақсад қилганмиз» , – дейди Элбек Баҳромов.

Сиз ҳам ўз ҳиссангизни қўшишингиз мумкин

Ўзбек тилида фойдали билимлар контентининг яратилишига сиз ҳам ўз ҳиссангизни қўшишингиз мумкин.

Бунинг бир неча усуллари мавжуд.

1. Оригинал контентни ўзбек тилига ўгириш жараёни молиявий таъминотни талаб қилади. Вақт ва меҳнат сарфлаб, таржима қилаётганларни рағбатлантириш, ўзбекча платформанинг техник асосини яратиш молиявий ресурсларга боғлиқ. Бунинг учун Европа тикланиш ва тараққиёт банки 50 минг евро грант ажратган. Бу грантни қўлга киритиш учун эса аҳоли томонидан ҳам худди шунча миқдорда маблағ йиғилиши керак. Истовчилар молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга ёрдам бериши мумкин (пул ўтказмалари учун маълумотлар қуйида келтирилган). Ўтказилган ҳар 61 минг сўм 1000та сўзнинг таржима қилинишига сабаб бўлади. Келишувга кўра, белгиланган маблағ 6 май санасига қадар йиғилиши лозим.

2. Агар сиз чет тилини яхши билсангиз ва ўзбек тилида бехато ёза олсангиз, таржимон сифатида бевосита жараёнда иштирок этишингиз мумкин. Бунинг учун лойиҳа ташкилотчилари билан боғланиб, кичик синовдан ўтишингиз ва ўзингиз истаган йўналиш бўйича таржима билан шуғулланишингиз мумкин. Шунингдек, ижтимоий медиамаркетинг, дизайн, таҳрир қилиш орқали ҳам жамоага кўмаклашиш мумкин.

3. Шунчаки тарғибот қилиш орқали ҳам бу фойдали лойиҳани оммалаштиришга кўмаклашишингиз мумкин. Молиявий ёрдам ҳақида хабарларни тарқатиш билан ҳам барча учун фойдали платформанинг яратилишига ҳисса қўшган бўласиз.

Маълумот учун, мазкур лойиҳа тижорий характерга эга эмас, у молиявий фойда кўришни мақсад қилмайди.

Khan Academy Uzbek бўйича қўшимча маълумотларни қуйидаги манзиллар орқали топишингиз мумкин:

Телеграмдаги расмий канал: @khanacademyuzbek

Телефон рақам: (+99897) 130-90-50

Фейсбукдаги расмий саҳифа: facebook.com/KhanAcademyUzbek

Инстаграмдаги саҳифа: instagram.com/khanacademyuzbek

Электрон почта манзили: team@bilimonlayn.uz

Сайт: xanakademiyasi.uz

Лойиҳага молиявий жиҳатдан ёрдам бериш учун маълумотлар:

Click ва PayMe тизимлари орқали пул ўтказиш:

Иловаларнинг «Хайрия»  (Благоготворительность) бўлимидан Хан академияси жойини танланг.

VISA/MasterCard ёки PayPal орқали қуйидаги саҳифага ўтиб, пул ўтказиш мумкин:

bit.ly/xa_gofoundme

Банк орқали сўмда пул ўтказиш учун:

Ҳисоб рақам: 20212000400980475001

СТИР: 207290667

Ташкилот номи: «Билим онлайн»  ННТ

Манзил: Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Абдулла Қодирий кўчаси, 11-б уй.

Қабул қилувчи банк: «Алоқабанк»  АТБ

МФО: 00401

СТИР: 200829053

Манзил: Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Амир Темур шоҳ кўчаси, 4-уй.

АҚШ долларида пул ўтказиш учун:

Ҳисоб рақам: 20212000400980475001

СТИР: 207290667

Ташкилот номи: «Билим онлайн»  ННТ

Манзил: Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Абдулла Қодирий кўчаси, 11-б уй.

Қабул қилувчи банк: «Алоқабанк»  АТБ

МФО: 00401

СТИР: 200829053

Манзил: Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Амир Темур шоҳ кўчаси, 4-уй.

SWIFT: SCLUZ22

Саодат Абдураҳмонова тайёрлади

Top