Ўзбекистон | 10:40 / 31.05.2024
8875
12 дақиқада ўқилади

“Айрим синфларда 40-50 нафар бола ўқияпти” — мутахассислар мактаб таълимидаги муаммолар ҳақида

“Тараққиёт стратегияси” мактаб таълими ҳақидаги изланишларини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистонда педагоглик касби жозибадор эмас, мактабларда малакали ўқитувчилар кам. Синфларда болалар сони кўп, ўқув материалларида қўпол хатоликлар бор. Шаҳар ва қишлоқдаги болаларнинг ўқишдаги имкониятлари нотенг. Ота-оналар эса фарзандларининг таълимига бефарқ. Мутахассислар мактаб таълимидаги шу каби муаммоларни ўрганиб, уни бартараф қилишдаги ўз ечимларини тақдим қилишди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази мактаб таълимининг ривожланишига халал берувчи асосий 6 та муаммоларни ўрганиб, ўз таҳлилларини эълон қилди.

Малакали кадрлар етишмайди, касб жозибадор эмас

Дастлаб, муаммонинг асосий сабабларидан бири сифатида ўқитувчилик касбининг кутилган ва ҳақиқий шароитлар ўртасидаги фарқи келтирилган. Таъкидланишича, соҳа кам иш ҳақи ва оғир меҳнат шароитларини ўз ичига олган ва бу омиллар юқори малакали номзодларни ўқитувчиликни танлашдан қайтаради.

2023 йил августдаги маълумотларга кўра, 220 минг нафар ўқитувчининг 86 минг нафари, 37 фоизининг малакаси “қониқарсиз” деб баҳоланган. Айниқса, талаб юқори бўлган информатика, инглиз тили, физика, математика ва кимё фанлари бўйича ўқитувчилар орасида вазият жуда ташвишли.

Марказнинг ёзишича, соҳада малакали кадрларнинг етишмаслиги ўқитувчиларни танлашнинг шаффоф тизими йўқлигидан ҳам бўлиши мумкин. Қайд этилишича, 2024 йилга мўлжалланган давлат дастури лойиҳаси муҳокамасида касб эгаларининг аксарияти ишга қабул қилиниш жараёнида адолатсиз ҳолатларга дуч келиши айтилган. Яъни мактаб раҳбарлари ўқитувчиларни лавозимга тайинлашда кўпинча таниш-билиш ёки коррупцион усуллардан фойдаланган шахсларга устунлик бериши, касбий маҳорат ва адолат тамойиллари бузилаётгани таъкидланган.

Синфларда ўқувчилар сони кўп

Синфдаги ўқувчилар сонининг кўплиги ўқитиш жараёнида ҳар бир ўқувчига индивидуал ёндашиш ва эътибор беришни қийинлаштириши, бу эса таълим сифатини пасайтириши – кўп жиҳатдан исботланган факт. Мутахассисларга кўра, мактабларда ўринлар етишмаслиги сабаб республикадаги айрим синфларда болалар сони ўртача 40–50 нафарни ташкил этади, гарчи расмий тартибга кўра синфдаги ўқувчилар сони 35 кишидан ошмаслиги керак бўлса ҳам.

Соҳа вакиллари муассаса қувватидан ҳам кўпроқ болалар ўқиётганини қабул жараёнига турли шахсларнинг аралашуви борлиги билан боғлаган. Масалан, Тошкент шаҳридаги бир мактаб директори ўқувчилар сони икки баравар кўп бўлишига қарамай, бир йилда юзта болани қабул қилиш бўйича илтимослар келиб тушишини айтган.

АҚШнинг Миллий мактаб кенгашлари ассоциацияси томонидан ўтказилган тадқиқотларга кўра, синфлардаги ўқувчилар сонининг кўпайиши болаларнинг таълимдаги муваффақият даражасига салбий таъсир кўрсатади ва хулқ-атвор муаммоларини кучайтиради. Бундан ташқари, ўқувчилар зичлиги юқори бўлган мактабларда дарсларни қолдириш ҳолатлари кўпроқ кузатилади.

Янги технологиялар ва инновацион имкониятларга эътибор кам

Ўрганишларга кўра, Ўзбекистондаги кўплаб таълим муассасалари технологик янгиланиш ва жиҳозларни яхшилаш, шунингдек, замонавий ўқув ресурсларидан фойдаланиш заруратига дуч келмоқда. Бу нафақат компьютер техникаси ва дастурий таъминотни янгилаш, балки ўқув материалларини, яъни уларни замонавий таълим стандартларига мослаштиришни ҳам ўз ичига олади.

Ўқув материалларининг сифати ҳам таълим жараёнининг муҳим қисмини ташкил этади. Қайд этилишича, тарихий ёки географик объектларнинг нотўғри жойлашуви каби дарсликлардаги хатолар таълим самарадорлигини сезиларли даражада пасайтириши мумкин. Ташкилот вакиллари мисол тариқасида 3-синф ўқувчилари учун ўқиш саводхонлиги дарслигида Ичан-Қалъанинг Бухорода жойлашган деб кўрсатиб ўтилганини келтиришган. Бу ўқувчиларни чалғитиши, ўз мамлакати тарихи ва географияси ҳақидаги тушунчаларини бузиши мумкинлиги таъкидланган.

Болалар боғча таълими билан тўлиқ қамраб олинмаган

ИҲТТ маълумотларига кўра, Ўзбекистонда болаларнинг атиги 67 фоизи бир йил ёки ундан кўпроқ вақт давомида мактабгача таълим муассасаларига қатнайди. Бу эса ИҲТТ мамлакатлари бўйича ўртача 94 фоиз кўрсаткичидан анча паст. Сингапур ва Япония каби мамлакатларда мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси мос равишда 99 фоизни ва 100 фоизни ташкил этади.

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, мактабгача таълим болаларнинг кейинги ҳаётидаги таълим ютуқлари учун муҳим. Мисол учун, мактабгача таълимни бир йил ёки ундан кўпроқ вақт давомида олган ўқувчилар ПИСА-2022да 15 ёшида математика бўйича юқори натижаларни кўрсатган. Бу эса мактабгача таълимга умуман қатнамаган ёки бир йилдан кам вақт давомида ўқиганларга қараганда анча юқори. Бу эрта таълимга сармоя киритиш муҳимлигини таъкидлайди.

Таълимдаги нотенглик

Ўзбекистонда таълим ресурслари ва имкониятлари тенг тақсимланмаганлиги таълим сифатидаги фарқларга олиб келади. ЮНИCEФ, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, шаҳарда ўқийдиган ўқувчилар қишлоқдаги тенгдошларига қараганда, математика ва табиий фанларни ўзлаштириш бўйича яхшироқ натижаларга эришмоқда.

Бундай тенгсизликлар давлат ва таълим ташкилотларининг эътиборини жалб қилиб, ҳудудлар ўртасида таълимдаги фарқларни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни, Ўзбекистондаги барча болалар учун сифатли таълимга тенг имкониятларни таъминлашни талаб қилади.

Ота-оналар ўқув жараёнини етарлича қўллаб-қувватламайди

Айтилишича, ота-оналар ва кенг жамоатчиликнинг таълим жараёнида пассив иштироки болаларнинг таълим сифатига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин. Мактаб, оила ва жамоалар ўртасидаги алоқалар заиф бўлса, бу таълим муваффақиятига тўсқинлик қилиши келтирилмоқда.

2023 йилда Ўзбекистонда 12 мингдан ортиқ ота-оналар фарзандларини тарбиялаш ва ўқитиш бўйича ўз мажбуриятларини бажармаганликлари учун жаримага тортилган. Қайд этилишича, бу муаммонинг ёрқин мисоли бўлиб, ота-оналарнинг таълим-тарбия жараёнига фаол жалб этилиши, оила, мактаб ва маҳалла ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга ҳаракат қилиш зарурлигини кўрсатади.

Бундай жалб қилиш нафақат болаларнинг таълим натижаларини яхшилашга ёрдам бериши, балки уларда масъулият ва ўқув жараёнига жалб қилиш ҳиссини туғдириши ҳамда уларнинг ўқишга бўлган мотивацияси ва қизиқишини ошириши таъкидланган.

Мактаб таълими сифатини ошириш бўйича тавсиялар

Юқоридаги муаммоларни бартараф этиш, мактаб таълими сифатини ошириш ҳамда мақсадли параметрларни сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш учун “Тараққиёт стратегияси” маркази қуйидаги чораларни кўришни таклиф қилмоқда.

Биринчидан, ўқитувчиликка танлашнинг шаффоф ва адолатли тизимини яратиш керак. Таъкидланишича, номзодларнинг барчаси учун аниқ, холис ва бир хил қабул қилиш шартлари, мезонлари жорий этилиши лозим. Бу барча талабгорлар учун тенг имкониятларни таъминлашга ва энг малакали, ғайратли ўқитувчиларни аниқлашга ёрдам бериши айтилмоқда.

Бунга мисоллар ҳам келтирилган. Масалан, Япония Таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазирлиги таълим бўйича префектура кенгашларидан, ёзма имтиҳонлардан ташқари, ишга қабул қилиш учун суҳбатга кўпроқ эътибор қаратишни талаб қилади. Бу эса ўқитувчиларга таълим бериш учун зарур бўлган сифат жиҳатлари ва юклатилган вазифани бажаришда имкониятларини аниқлаш учун амалга оширилади.

Канада мактабларида эса ўқитувчилар етишмаслигининг олдини олиш мақсадида Манитоба ва Янги Шотландия штатларида ўқитувчилик тажрибасига эга бўлмаган одамларни ўқитувчи бўлишга жалб қилиш учун муқобил сертификатлаштириш дастурлари мавжуд.

Иккинчидан, Япониянинг илғор амалиётини ҳисобга олган ҳолда, мактаблараро педагогик тажриба алмашинуви ташаббуси амалга оширилиши лозим. Япониялик ўқитувчилар ҳар бир неча йилда дарс берадиган мактабини ўзгартириб туришлари ва ўзларининг касбий фаолиятлари давомида камида бир марта қишлоқдаги кичик мактабда ишлашлари зарур. Ушбу ёндашув ўқитувчиларнинг касбий ривожланишига ёрдам беради ва мамлакатда таълимнинг умумий сифатини оширади.

Учинчидан, мактаб синфларида ўқувчилар сонининг ҳаддан ташқари кўпайишига йўл қўймаслик учун ўқувчиларни қабул қилиш устидан қатъий назоратни ўрнатиш лозим. Бунда ҳар бир синфда 35 кишилик чегаранинг қатъий риоя қилинишини таъминлаш зарур. Ўқув хоналарининг бандлигини реал вақтда my.maktab.uz дастури ёрдамида синчковлик билан кузатиб бориш натижасида янги ўқувчиларни қабул қилиш жараёнини ташкил этиш мумкин. Бу дастур Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, синфларнинг зичлиги ва ўқувчиларни яшаш жойи бўйича қабул қилиш билан боғлиқ ҳар қандай қоидабузарликлар тўғрисида масъул органларга автоматик равишда хабар бериши ва тегишли чоралар кўрилишини таъминлаши муҳим.

Ўқувчиларнинг яшаш жойи бўйича мактабларга қабул қилиниши йўлга қўйилган Эстония амалиёти мисол қилинган. У ерда мактабни танлашда уйга яқинлиги 3 км дан ошмайди, шунингдек, бир мактабда ака-ука ва опа-сингилларни ўқиш имконияти каби мезонлар ҳисобга олинади. Агар маълум бир ҳудудда болалар маҳаллий мактабдаги ўринлар сонига нисбатан кўпроқ бўлса, яшаш жойи рўйхатдан ўтган вақти ҳисобга олинади, яъни олдинроқ рўйхатдан ўтганларга устунлик берилади.

Тўртинчидан, мактаб дарсликлари сифатини назорат қилиш стандартларини кучайтириш жуда муҳим. Ўқув материаллари мазмунини текшириш тизимини такомиллаштириш уларнинг сифатини оширишнинг асосий омили ҳисобланади. Дарсликлар чоп этилиши ва тарқатилишидан олдин нашриётлар томонидан уларда хатолар бор-йўқлиги диққат билан кўриб чиқилиши зарур. Шунингдек, дарсликларни тайёрлаш ва чоп этишнинг барча босқичларида коррупцияга қарши курашиш ва шаффофликни таъминлаш чоралари кўрилиши лозим.

Мисол тариқасида Япония амалиётида малакали мутахассислар томонидан таълим стандартларига мувофиқлигини текшириш учун дарсликлар лойиҳалари Таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазирлигига юборилади. Дарсликларнинг сифати 120 га яқин экспертлар, жумладан, олимлар ва ўқитувчилардан иборат дарсликларни авторизация қилиш бўйича тадқиқот кенгаши томонидан баҳоланади. Агар текшириш жараёнида хатолар ёки стандартларга номувофиқликлар аниқланса, Таълим вазирлиги нашриётлардан тегишли тузатишлар киритишни талаб қилади.

Бундан ташқари, дарсликлар фойдаланувчиларининг бевосита фикрларини тўплаш ва мазмунини тузатишда уларни ҳисобга олиш имконини берадиган ўқитувчи ва ўқувчиларнинг ягона маълумотлар базасини ишлаб чиқиш, шунингдек, тегишли билим соҳаларида малака ва компетенцияларини тасдиқловчи дарслик муаллифларини сертификатлаш механизмини жорий этиш таклиф этилган.

Бешинчидан, таълим жараёнида инновацион технологияларни жорий этишни рағбатлантириш лозим. Ўқув жараёнини бойитиш, ўқувчиларда ижодий фикрлашни ривожлантириш ҳамда уларни компьютерда дастурлаш ва дизайн асослари билан таништириш имконини берувчи 3D-принтер технологияси ана шундай янгиликларга мисол бўла олади.

Буюк Британияда 21 та мактаб иштирок этган пилот лойиҳа натижаларига кўра, 3D-принтерларнинг жорий этилиши ўқувчилар мотивациясини сезиларли даражада оширади. Аксарият таълим муассасаларида ушбу қурилмалардан фойдаланиш туфайли ўқувчиларнинг фанларга қизиқиши ортиши қайд этилган.

Олтинчидан, ўқув жараёнини мониторинг қилиш учун янги технологияларни жорий этиш керак. Хитойда таълим муассасаларида юзни таниш технологиясига асосланган инновацион тизим жорий этилган бўлиб, бу тизим ўқитувчиларга синфда тартибни янада самарали сақлаш имконини беради. Тизим ўқувчиларнинг юз ифодаларини таҳлил қилишга, уларнинг ўқув жараёнидаги фаоллик даражасини аниқлашга қодир учта камерадан иборат.

Ўзбекистондаги умумтаълим мактабларида бундай тизимдан фойдаланиш таълим сифатини ҳам, дарсдаги тартиб-интизомни ҳам сезиларли даражада ошириши, ўқитувчи ва ўқувчиларга фойда келтириши мумкин.

Еттинчидан, ота-оналар билан учрашувларнинг масофадан туриб ва индивидуал шаклларини қўллаш орқали бола тарбиясида уларнинг ўрнини ошириш керак. Бугунги кунда масофадан туриб ота-оналар йиғилишларини ташкил этиш тобора долзарб бўлиб бормоқда. АҚШнинг кўплаб штатлари ва мактаб округлари видеоконференция ва бошқа онлайн платформалар орқали учрашувлар ўтказишни йўлга қўйган. Масофавий йиғилишларнинг асосий афзалликлари - бу вақтни тежаш ва ота-оналарнинг қаерда бўлишидан қатъи назар, ҳатто шахсан қатнашиш имкони бўлмаган тақдирда ҳам маълумот олиш ва мактаб ҳаётида иштирок этиш имконини беради.

Ота-оналар билан индивидуал учрашувлар ҳар бир ўқувчининг таълим олиши ва ривожланиши учун мақбул шароитлар яратишга қаратилган ва ўқитувчилар ўртасидаги самарали ҳамкорликни йўлга қўйишга ёрдам беради.

“Тараққиёт стратегияси” маркази бу ёндашувлар мактаб ва оила ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга, таълим жараёнида алоқа ва ўзаро ҳамкорликни яхшилашга, янада самарали ва фаол жамиятни яратишга ёрдам беришини айтади.

Мавзуга оид