12:05 / 13.08.2020
22777

АҚШ-Хитой рақобати: космосдаги курашда ким ғолиб бўлади?

Космос совуқ уруш даврида стратегик майдонга айланди. Бу даврда АҚШ ва Совет иттифоқи ўртасида разведка сунъий йўлдошларини учириш, қитъалараро ракета тизимларини ривожлантириш, космик кемалар орқали саёҳат қилиш, Ернинг табиий йўлдоши Ойга қўниш, янги сайёраларни ўрганиш ва фазода космик станция қуриш каби бир қатор масалаларда рақобат вужудга келди. Мусобақага асосланган рақобатнинг асоси эса фан ва технология соҳасида глобал миқёсда пешқадам мамлакатга айланишдан иборат эди. Бу айни пайтда, икки мамлакат ўртасидаги ядро қуроли пойгасининг ҳам бир қисми бўлиб, унга қурол пойгаси сифатида қаралиши мумкин.

АҚШ ва Хитой курашда, Россия эса мувозанатли позицияда
Космик пойгалар советлар иттифоқи томонидан 1957 йилда инсониятнинг биринчи сунъий йўлдоши – «Спутник-1» ишга туширилганидан сўнг бошланганди. АҚШ 1969 йилда биринчи марта Ойга қадам қўйган америкалик космонавт Нил Армстронг билан етакчиликни қўлга олди. Совет иттифоқининг иқтисодий парчаланиши ва совуқ урушда мағлуб бўлиши туфайли фазовий дастурлар кейинга қолдирилди. Шу тариқа, бу мусобақа якунланди. Шундан буён ушбу икки мамлакат космик имкониятлар нуқтайи назаридан халқаро майдонда «космик кучлар» сифатида таърифланиб келинади. 

Совуқ урушдан сўнг, қисқа вақт ичида худди шундай фаолиятларни амалга оширган Хитой Халқ Республикаси 2003 йилда биринчи марта инсон бошқарувидаги космик саёҳатни амалга ошириб, АҚШ ва Россия каби космик куч мақомига эришди. Бошқа мамлакатлар билан тенг мавқега эга бўлиб олган Хитой обрў-эътибор қозонди.

Фазовий пойга эндиликда Хитой ва АҚШ ўртасида кечмоқда, Россия эса ушбу соҳада икки мамлакат билан мувозанатли позицияни эгаллаган. Ушбу янги пойганинг мақсади эса эски космик пойганики билан бир хил. Бошқача қилиб айтганда, Хитой илм-фан ва технология соҳасида етакчи бўлган АҚШга муқобил куч сифатида янги дунё тартибини барпо этишни ва ушбу тартибнинг ягона ҳукмдори бўлишни мақсад қилмоқда. Ҳарбий космик технологияда устун мавқега эга бўлган бу мамлакат айни пайтда дунё миқёсида кечадиган урушларда ҳам ҳарбий устунликка эга бўлмоқда. Хитойнинг фазода фаол кучга айланиши унинг бу борада Осиё минтақасидаги Япония, Ҳиндистон каби мамлакатлар билан рақобатга киришганини ҳам англатади.

Хитойнинг фазовий мақсади ва фаолияти ҳақида нималар маълум?
Айтиш жоизки, Хитойнинг космик куч мақомига эришишига унинг ҳарбий мудофаага бўлган эҳтиёжи катта туртки берди. 1950-йиллардаги Корея уруши даврида Америка ҳукуматининг ядровий ракета учириш хавфи қаршисида қолгани боис, Хитой баллистик ракета дастури, шунингдек, ушбу дастур доирасида сунъий йўлдошни ривожлантириш бўйича космик тадқиқотларни бошлаб юборди. АҚШ таҳдидига совет иттифоқи билан 1960 йилда бошланган зиддият ҳам қўшилгач, совуқ уруш давридаги ядровий қурол пойгаси контекстида Хитой халқаро тизимдаги тарихий ҳарбий заифлигини бошдан кечирмаслик учун космик фаолиятни миллий мудофаанинг зарурати сифатида кўра бошлади.

Хитойнинг очиқ эшиклар иқтисодиёти ва режали ривожланиш сиёсати натижасида дунёнинг иккинчи йирик иқтисодий кучи сифатида майдонга чиқиши кучлар мувозанатидаги катта ўзгаришлар ясади. Шу туфайли кўплаб мутахассислар келажакда ушбу икки мамлакат ўртасида уруш бўлиши эҳтимолини муҳокама қила бошладилар. Шу нуқтайи назардан, АҚШни яна бир таҳдид сифатида қабул қилган Хитой ушбу урушда ғалаба қозониш учун ҳарбий жиҳатдан заиф бўлган ҳудудларни кучайтириш орқали орадаги масофани ёпишга ҳаракат қилмоқда. Хитой ҳукумати космосдаги ўз мудофаасини кибер қобилият, космик йўлдошлар, электромагнит қуроллар ва лазер қуролларига асосланган интеграциялашган тузилмада режалаштирмоқда.

2015 йилда Хитой армияси таркибида Халқ озодлик армиясини қўллаб-қувватлаш кучлари деб номланган бўлинма тузилди. Мазкур бўлинма космос, киберфазо ва электрон уруш соҳаларига ихтисослашган. Космосдаги ҳарбий уруш стратегияси эса душман мамлакатнинг ҳарбий йўлдошларини ўчириб, уни уруш муҳитида «кўр ва кар» қилиб қўювчи йўлдошга қарши қурол (ASAT) тизимларидан фойдаланишга асосланган. Ўзининг метеорологик сунъий йўлдошини 2007 йилда қуруқликдан юборилган баллистик ракета билан уриб туширган Хитой бу сафар худди шу операцияни 2013 йилда ракета ёрдамида амалга оширди. 2015 йилда у сунъий йўлдош сигналларини бузувчи ва йўқ қилувчи Dong Nang-3 номли атмосферага тегишли бўлмаган воситани синовдан ўтказди ва шу орқали АҚШнинг ҳарбий операциялар учун муҳим аҳамиятга эга бўлган космик тизимларини йўқ қила олиш даражасига етганини кўрсатиб қўйди. 2013 йилда Хитой паст орбитага юборган SY-7 номли кичик космик кузатув воситаси ҳам қурол сифатида баҳоланди.

Ой нима учун муҳим?
Миллий мудофаа, эҳтиёткорлик ва ҳарбий ғалаба стратегиясидаги яна бир муҳим масала дунё устидан ҳукмронлик қилиш учун фазовий геополитикадан фойдаланган ҳолда космосдаги стратегик ҳудудларни бошқаришдир. Бу ҳудуд эса Ой ва унинг орбитасидир. Ҳозирги вақтда Ой орбитасининг 60 даражадаги олдинги ва кейинги қисмидаги Lagrange нуқталарида Хитойнинг L2’да Queqia алоқа сунъий йўлдоши жойлашган ва у мамлакат алоқасини узлуксиз амалга оширмоқда.

Ой дастурлари доирасида 2019 йил январь ойида Chang'e-4 космик кемаси тарихда биринчи марта ойнинг қоронғи томонига қўнди ва «Yutu-2» номли қурилма билан тадқиқотлар олиб бора бошлади. Ойнинг бу қисмига Ердан электромагнит тўлқинлар етиб келмагани учун унга электромагнит тадқиқотларга мос майдон сифатида қаралади. Бундан ташқари, Ойнинг юзаси космик маъданчилик нуқтайи назаридан ҳам жуда бой. Хитойнинг фазовий мақсади Ойдаги гелий 3, титан, платина, темир, никел ва олтин каби минералларни ўз иқтисодиёти учун қўллашдан иборат. Ушбу қазилмалардан бири – гелий 3 ядровий энергияни радиоактив чиқиндиларсиз ишлаб чиқариш имконини беради. Бундан ташқари, ушбу маъданлар ёрдамида Ойда база ташкил этилганда ядро қуролини тайёрлаш учун зарур бўлган бошқа хом ашё манбаларини ҳам Ойдан осонликча топиш мумкин.

Совуқ уруш даврида Ойга мамлакат байроғини ўрнатиш ҳаракатлари кучайди. Ой Хитойнинг космик тадқиқотларида жуда муҳим аҳамиятга эга. Зотан, ушбу давлат ташаббуси билан бошлаган Ойни тадқиқ этиш дастурлари АҚШнинг 2024 йилда яна Ойга қайтилишига доир қарорининг қабул қилиниши сабаб бўлди ва Ойда база қуриш режаларини фаоллаштириб юборди. Айниқса, «биринчи борган биринчи фойдаланиш ҳаққига эга бўлади» тамойилига асосланган ҳолда, Хитойнинг ўзи қўнган ҳудудларга ном бериб, у ерни ўз назорати остига олиши АҚШ манфаатлари нуқтайи назаридан жиддий таҳдид деб баҳоланмоқда. Нил Армстронг 1969 йил 20 июлда Ойга биринчи марта қадам қўйган илк инсон сифатида Apollo дастурида иш олиб борганди. Янги Америка ой лойиҳаси эса «Artemis 1-2-3» номи остида режалаштирилди ва янги авлод «Space Launch System» ракетаси 2021 йилда космонавтлар ҳамроҳлигида синовдан ўтказилади. NASA ой орбитасига чиқишни режалаштираётган «Lunar Gateway» космик станцияси АҚШнинг Ой лойиҳасига киритилган. Қолаверса, 2022 йилда сув қидириш учун Ой юзасига VIPER тадқиқот машинасини юбориш орқали ой базасини қуриш ишларини жадаллаштириш режалаштирилмоқда. Таъкидлаш жоизки, Хитойнинг Ой билан боғлиқ тадқиқотларига етишиб олиш АҚШ учун миллий хавфсизлик масаласи ҳисобланади.

Марсга кимлар кўз тикмоқда?
Ой билан боғлиқ яна бир масала шундаки, Ой – Марсга бориш учун стратегик пункт ва таъминот майдонидир. Марс икки мамлакат ўртасидаги янги рақобат йўналишларидан биридир. АҚШ 1976 йилда Viking-1 ва Viking-2 космик кемалари ёрдамида Марсга қўнган илк мамлакатга айланди. У 1997 йилда Марсга Pathfinder тадқиқот машинасини, 2004 йилда Spirit ve Opportunity’ни, 2008 йилда Phoenix’ни, 2012 йилда Curiosity’ни, 2018 йилда эса Insight’ни муваффақиятли қўндирди. Қўлланиш муддати эскирган воситаларнинг ўрнига эса янгисини ишлаб чиқди ва охирги марта NASA’нинг «Марс 2020» миссияси доирасида Persversance бошқарувчи роботи ва Ingenuity вертолётини ўз ичига олган космик кемани 2020 йил 30 июлда фазога муваффақиятли учирди. Қизиғи шундаки, ушбу парвоздан олдин, яъни 23 июль куни Хитойнинг Tianwen-1 («осмонда ҳақиқатни қидириш» деган маънони англатади) номли космик кемаси Хитой Миллий космик агентлиги (CNSA) томонидан Марсга юборилди. Яъни АҚШ ва Хитой июль ойида Марс ва Ер орбиталари орасидаги қулай позициядан унумли фойдаланишди. Ҳеч қандай нуқсонлар кузатилмаса, жўнатилган воситалар 2021 йил февраль ойида Марсдаги сув ресурслари ва қадимий ҳаёт изларини ўрганиш орқали 2030 йилда инсонни Марсга олиб чиқувчи сафар тайёргарликларини якунлаб беради.

Марс масаласида «илк»лар билан ном чиқарган АҚШ томонидан учирилган космик кема ва Ер атмосферасидан ташқарида илк марта Марсда синаб кўриладиган вертолёт муваффақиятли бўлса, янги сайёра билан боғлиқ кашфиётларга тезроқ эришиш мумкин бўлади. Учирилган ушбу космик кема эса тўпланган намуналарни Ерга етказиб берадиган қилиб яратилган.

Шунингдек, 2008 йилда Ҳиндистон NASA кўмаги билан Ойнинг жанубий қутбига Chandrayaan-1’ни уриб олган ва 2014 йил сентябрь ойида Mars Orbiter Mission транспорт воситасини қўндиришга муваффақ бўлганди. Хитойнинг 2020 йилда кўрсатган Марс ташаббуси бошқа мамлакатлар билан таққослаганда анча кечдай кўринади. Шу билан бирга, Россия Марс бўйича лойиҳаларни яқин йилларда Хитой билан ҳамкорликда амалга оширишни режалаштирмоқда. Хитой 2030 йилга бориб, АҚШ каби Марсдан намуналар келтиришни режалаштирмоқда.

АҚШ ва Хитой: манфаатлар тўқнашуви қандай кўриниш олмоқда?
Хитой фазога нафақат миллий хавфсизлик ва мудофаа эҳтиёжи сифатида қарамоқда, балки ундан фуқаро мақсадлари, қолаверса, иқтисодий ресурс сифатида ҳам фойдаланишни кўзламоқда. Шу билан бирга, космик саноат доирасида технологияларни ривожлантириш учун бошқа давлатлар билан ҳамкорлик қилмоқда. Хитойнинг iSpace, Onespace, Tencent, Landspace каби космик компаниялари тижорий космик фаолиятни ташкил этиш учун орбитага парвозларни амалга оширмоқда. BeiDou сунъий йўлдошни аниқлаш тизими (GPS) эса «Бир авлод, битта йўл» лойиҳасининг рақамли таянчи сифатида ўрнатилди. Шу тариқа, Хитой янги Ипак йўли йўналишдаги мамлакатларнинг GPS эҳтиёжларини қондирса-да, АҚШ ушбу соҳада таклиф этиладиган хизматда рақобатчи саналади. Хитойнинг технологик компанияларини (Huawei, Tik Tok) ўзининг миллий хавфсизлигига таҳдид деб биладиган АҚШ Хитойнинг ушбу компаниялар орқали бутун дунё бўйлаб тарқалишининг олдини олишга ҳаракат қилмоқда; космосда эса у космик кучлар қўмондонлиги ва глобал жойлашишни аниқлаш тизими (GPS) йўлдошларини кафолат остига олмоқда. Шу нуқтайи назардан, сунъий йўлдошларни учириш, уларнинг орбитадаги позициясини назорат қилиш ва бошқариш ҳам ушбу қўмондонликнинг назорати остида амалга оширилмоқда.

Фазонинг Хитой иқтисодиётига қўшадиган яна бир ҳиссаси эса космосдан энергия олиш билан боғлиқдир. Ушбу соҳада чет элга қарам давлат сифатида Хитой дунёдаги денгиз ҳудудларининг энергия ташиш пунктларида ўз устунлигини сақлаб қола олмади. Муҳим энергия узатиш пунктлари эса АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари томонидан назорат қилади. Қолаверса, бу ҳудудларни уруш пайтида ёпилиш хавфи, космик энергия манбаларининг аҳамиятини оширмоқда. Бошқа сайёралар, сайёра йўлдошлари ва астероид конларидан ташқари, 2050 йилда якунланиши режалаштирилган фазовий қуёш лойиҳаси ҳам амалга оширилмоқда. Ушбу доирада, қуёш энергиясининг булутсиз муҳитда дунёга узлуксиз келиши таъминланади ва Хитойнинг энергияга бўлган эҳтиёжининг катта қисми қондирилади.

Хитойнинг «космик амбициялар»и нималардан иборат?
Беш йиллик стратегик даврларга бўлиб, 2000, 2006, 2011 ва 2016 йилларга мўлжалланган Хитойнинг барча космик фаолиятлари Хитой фазовий оқ китоблари серияси орқали дунё жамоатчилигига ошкора эълон қилинганди. Бироқ Марсга қилинган сўнгги экспедиция ҳақида батафсил маълумот ҳозирча маълум қилинмади. Хитойнинг стратегик маданияти нуқтайи назаридан, муайян давлат космосда ўзига хос сиёсий таъсирга эга бўлиши учун у одамларни космосга олиб чиқадиган технологик имкониятларга ва инфратузилмага эга бўлиши, фазода узлуксиз мавжуд бўла олиши, ой орбитасида саёҳат қила олиши, сунъий йўлдошга қарши қурол тизимлари билан мавжуд космик объектларни йўқ қила олиши ва инсоният тараққиётига ҳисса қўшадиган илмий ишланмаларни амалга ошириши лозим. Ушбу истиқболга мувофиқ, Shenzhou серияли космик кемаси билан бошқариладиган учувчисиз космик саёҳатлар, Chang серияли воситаларида ойни тадқиқ қилиш дастурлари ва Long Mart серияли ракеталари ёрдамида янги сайёра тадқиқотларини амалга ошириш ва ҳамон давом этаётган Tiangong космик станцияси лойиҳасини 2022 йилда якунлаш кутилмоқда.

2011 йилда АҚШ Конгрессида қабул қилинган технологик ахборот ўғирланиши сабабли Халқаро космик станция фаолиятида қатнашишининг тақиқланиши Хитой учун катта ҳаракатлантирувчи куч бўлди. Яъни Хитой ўз маблағлари билан вақтинчалик ва доимий космик станцияларни қура бошлади. Халқаро космик станциянинг ташқарисида қолган Хитой 2024 йилда ўзининг доимий космик станцияси ва экипажи билан фазода бўлишни давом эттиради. Шу билан бирга, ушбу станцияда 27 мамлакат билан қилинган шартномалар доирасида астрономия, космик тиббиёт, космик ҳаёт, биотехнология, ернинг тортишиш кучи бўлмаган муҳит тадқиқотлари амалга оширилади. Аммо АҚШ бу пойгада Хитойни ёлғиз қолдирмоқчи эмас.

Ғарб томонидан Хитойнинг «космик амбициялар»и деб таърифланган ушбу ҳаракатларнинг пировард мақсади космос соҳасидаги ягона етакчи мамлакат бўлиш, иқтисодий ва ҳарбий қудратга эришиш ва уни сақлаб қолишдир. Тинчлик ва БМТнинг космик қоидаларига мувофиқ ҳаракатланиш тамойилини қабул қилган Хитой янги меъёр ва қоидаларни яратишда кашшоф бўлишни хоҳлайди. Россия, Украина, Европа Иттифоқи, Покистон, Чили ва Аргентина каби кўплаб давлатлар билан ҳамкорлик қиладиган Хитой 2008 йилда Пекинда жойлашган Осиё-Тинч океани фазовий ҳамкорлик ташкилотига (APSCO) устувор аҳамият берди. Аъзолар қаторидан Бангладеш, Эрон, Перу, Мўғулистон, Покистон, Таиланд ва Туркия каби давлатлар жой олган ушбу космик ҳамкорлик ташкилоти аъзо давлатларнинг космосдан тинч мақсадларда фойдаланишлари билан боғлиқ ишларни мувофиқлаштиришга имкон беради. Улар ўртасида ўрнатилган тармоқ орқали маълумот алмашиш, кўп мақсадли сунъий йўлдошлардан маълумотларни юбориш, ер юзаси тасвири маълумотларини тақдим этиш, сунъий йўлдош орқали табиий офатлар тўғрисида олдиндан хабар бериш, (шифокорлар, рентгенологлар, беморлар ва шифохоналарга сифатли хизмат кўрсатиш учун ташкил этилган) теле-тиббиёт тизими маълумотларини алмашиш амалга оширилади.

АҚШ-Хитой ўртасидаги космик пойга қандай халқаро таъсирга эга?
Глобал етакчилик учун курашда бир-бирига қарши турган Хитой ва АҚШ космик дастурлар билан ўзаро мусобақани янада жадаллаштирмоқда. Бу эса АҚШга космик дастурларини қайта бошлаш ва бу билан боғлиқ бюджетларни ошириш имкониятини яратди. Давлат ва хусусий сектор иштирокида давом этаётган ушбу пойгада ҳам янги уруш хавфи мавжуд. Айниқса, Жанубий Хитой денгизи ва Шарқий Хитой денгизи устидан суверенитет даъволарини илгари сураётган Хитой табиий захираларга нисбатан миллий муносабатни космосдаги маъданларга нисбатан ҳам қўлласа, бунга АҚШ Ой юзасидаги ҳарбий куч билан жавоб қайтариши мумкин. Бу прогноз 2015 йилда АҚШда қабул қилинган «Фазо манбаларини тадқиқ қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунга асосланади. Фазовий фаолиятни шу тарзда расмийлаштирган АҚШ бутун инсониятнинг умумий мулки ҳисобланган космосда ушбу ресурслар учун ҳарбий кучдан фойдаланиши мумкин. 

Хитой АҚШнинг космосдаги ҳарбий имкониятларига хавфсизлик муаммоларини туғдираётгани сабабли АҚШ 2018 йилда космосдаги мавқейини сақлаб қолиш, Ойда ҳарбий базани ташкил қилиш ва Ойга қурол жойлаштириш режаларини тузиш устида иш олиб борди. 

Бугунги кунда АҚШ разведкага асосланган ҳарбий сунъий йўлдош тизимлари, кинетик қуроллар, қитъалараро баллистик ракеталар, сунъий йўлдошга қарши қурол тизимлари билан қуролланиш баробарида Ойда ҳарбий база қуришни режалаштирмоқда. Кўплаб масалаларда бўлгани каби, 1967 йилдаги мавжуд ташқи фазовий битим доирасидаги халқаро қоидалардан ўзини озод қилган АҚШнинг ёндашуви хавфсизликни таъминловчи нормаларнинг йўқ қилинишига ва беқарорлигига олиб келади. Космосни глобал бошқаришда ўз миллий манфаатларини биринчи ўринга қўядиган АҚШ ва Хитойнинг ёндашуви бутун инсониятнинг умумий мулки бўлган космик майдонга хавф солмоқда.

Космос сиёсати АҚШ ва Хитой имижига қандай таъсир қилмоқда?
Уруш эҳтимоли космик пойганинг энг салбий натижаси сифатида намоён бўлса-да, ушбу рақобат иккала мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатига имиж нуқтайи назаридан ёрдам бермоқда. Масалан, АҚШда Space X’нинг муваффақиятли учирилиши афро-америкаликларнинг норозилик намойишлари давом этар экан, «Кучли Америка» имижига ёрдам берди. Худди шундай, Уҳан шаҳрида пайдо бўлган ва қисқа вақт ичида дунёда кўплаб ўлим ва иқтисодий-ижтимоий ўзгаришларга сабаб бўлган янги турдаги коронавирус – Covid-19 пандемияси даврида йўл қўйган хатолари учун танқид қилинган, Ҳонгконг, Шинжон-Уйғур мухтор ҳудуди ва Тибет минтақаларидаги давлат сиёсати билан кун тартибига чиққан Хитой учун космик дастурларни доимий равишда амалга ошириш мамлакат имижини яхшилашга ёрдам бермоқда.

Хулоса
Бутун эътиборини Ойга, сўнгра эса Марсга қаратган Хитой ҳам бутун дунёда ҳарбий устунликни ўрнатиш ва иқтисодий бойлигини сақлаб қолиш учун ҳаракат қилмоқда. АҚШ космосдаги ўз ҳукмронлигини сақлаб қолиш ва бошқа давлатларнинг космосдаги фаолиятига қарши тайёргарлик кўриш мақсадида куч намойишини давом эттирмоқда. АҚШ шу тариқа космосни янги жанг майдони сифатида қабул қилаётганини кўрсатмоқда.

Аммо Ой юзасига жойлаштирилиши мумкин бўлган ядровий ракеталар ва ҳарбий базалар инсониятнинг ҳалокатига сабаб бўлиши мумкин. Яъни Хитой ва АҚШ ўртасидаги космик пойга ҳарбий нуқтайи назардан қаралганда, Ердаги мувозанатларга ҳам, космоснинг келажагига ҳам таҳдид солади.

Отабек Тиллаев тайёрлади

Top