NASA астронавти Франк Рубио космосда 371 кунлик саёҳатни амалга оширди. Бу — АҚШ учун рекорд даража, бундан олдин мамлакат учун фазода энг кўп қолиш муддати 355 кун эди.
Франк Рубио бир йилдан ошиқ вақт давомида фазода 253,3 млн километрни босиб ўтган, Ер атрофида 5 963 марта айланган. Шунча узоқ давом этишига қарамай унинг саёҳати 90 йилларда космосдаги “Мир” халқаро станциясида 437 кун бўлган рус космонавти Валерий Поляковникидан тахминан 2 ой камроқ.

Юзида табассум билан Ерга қайтган космонавт Рубиони Қозоғистоннинг Жезказған шаҳри яқинига келиб қўнгач, қўниш жойидан капсулада кўтариб олиб кетишган. Сабаби Халқаро Космик станцияда узоқ вақт паст тортишиш муҳитида бўлиш астронавтнинг танасига сезиларли таъсир қилган.

Франк Рубионинг бир йилдан ошиқ давом этган саёҳати инсоният узоқ вақт фазода бўлганда танада қандай ўзгаришлар бўлиши ва юзага келадиган муаммоларни қандай енгиш мумкинлиги ҳақида ўрганишга ёрдам беради. Рубио фазода бўлиб турганда спорт жиҳозлари билан машқ қилиш инсон танасига қандай таъсир қилишини ўрганишда қатнашган биринчи космонавт бўлди.
Инсоният Қуёш системасини чуқурроқ ўрганишни режа қилаётган бир пайтда бундай тадқиқотлар жуда муҳим. Масалан, Марсни ўрганиш дастури бўйича фазода 1100 кун – 3 йил бўлиш режа қилинган. Марсга жўнатиладиган космик кема Халқаро Космик cтанциядан кичикроқ ҳажмда бўлади ва бу кемага енгил ва кичик ҳажмли спорт жиҳозларинигина ўрнатиш мумкин.
Тананинг жисмоний тузилишидан ташқари инсон танасига узоқ вақт космосда қолиш қандай таъсир қилиши ҳам қизиқ.
Суяклар ва мушаклар қисқаради
Қўл-оёқларимизга нисбатан доимий тортишиш кучи бўлмаса, мушаклар ва суякларимиз фазода тезлик билан қисқаришни бошлайди. Энг кўп таъсирланадиган қисмлар танамизни тик тутишга ёрдам берадиган орқа, бўйин, болдир ва соннинг олд тараф қисми ҳисобланади. Микрогравитацион муҳитда тананинг бу қисмларининг ишлаши деярли шарт эмас ва тезлик билан қисқаришни бошлайди. Атиги 2 ҳафталик космосга саёҳатдан сўнг мушаклар 20 фоизга, 3 ойдан 6 ойчага бўлган узоқ муддатли саёҳатда эса 30 фоизгача қисқариши мумкин.


















