10:20 / 28.05.2017
22129

«Қадимий Бухоро» лойиҳаси: Президентнинг Бухорога оид қарорида нималар назарда тутилган?

2017 йил 19 май куни Ўзбекистон Республикаси президентининг «2017–2019 йилларда Бухоро шаҳри ва Бухоро вилояти сайёҳлик салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2980-сонли қарор қабул қилинди. 

Бухоро — Марказий Осиёнинг энг қадимий шаҳарларидан бири, Буюк Ипак йўлидаги энг йирик ва машҳур марказлардан ҳисобланади. Шаҳар минглаб йиллар билан ўлчанадиган ўзининг бой ва уникал барпо этилиш тарихи, маданий-маърифий ва маънавий-диний қадриятларнинг ривожига қўшган ҳиссаси билан билан бутун жаҳонга донғи кетган.

1993 йилда Бухоро шаҳрининг тарихий маркази ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Бугунги кунда Бухоро вилоятидаги туризм саноати ва инфратузилмасини ривожлантириш билан шуғулланаётган субъектлар сони ишончли тарзда ортиб бораётганига қарамасдан, ҳудуднинг сайёҳлик салоҳиятидан етарли тарзда самарали фойдаланилмаётганини қайд этиш зарур, дейилади президент қарорида.

Қарорга кўра, Бухоро шаҳри ва Бухоро вилоятида шаҳар танспорт инфратузилмаси, сайёҳлик фаолияти билан шуғулланаётган субъектлар ва Европа, Африка, Осиё ва МДҲ давлатларидан сайёҳлар оқимини самарали жалб этиш учун замонавий меҳмонхоналар сонини ошириш борасида комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш талаб этилади. 

Президент қарорига кўра, «2017–2019 йилларда Бухоро шаҳри ва Бухоро вилояти сайёҳлик салоҳиятини жадал ривожлантириш Дастури» тасдиқланган ва уни амалий татбиғини қуйидаги устувор йўналишларда самарали тарзда амалга ошириш таъминланади:

- янги меҳмонхоналар, маданий-соғломлаштириш ва савдо-кўнгилочар марказлар ва туризмни ривожлантириш учун зарур шароитларга эга бошқа сайёҳлик инфратузилмалари объектларини қуриш;

- умумий овқатланиш тизимини такомиллаштириш, жумладан, замонавий ресторанлар қуриш, маданий мерос объектларида ўзбек миллий мусиқаси театрлаштирилган томошаларини ўтказиш, миллий уоф-одатларни намойиш қилиш ҳисобидан сайёҳларнинг кечки дам олиши учун шароитлар яратиш;

- транспорт хизматини яхшилаш, авиа ва темирйўл инфратузилмасини авиарейслар сони ва «Афросиёб» электропоезди рейслари сонини ошириш йўли билан ривожлантириш, Бухоро шаҳрининг тарихий қисми атрофида сайёҳларга хизмат қиладиган махсус компания тузиш, сайёҳлик намойиши объектига олиб борадиган автомобиль йўлларини реконструкция қилиш;

- Бухоро шаҳри ҳудудини ободонлаштириш Бухоро шаҳрининг марказий қисмининг деталлаштирилган янги режаси лойиҳасини тасдиқлаш, шаҳар марказида сувенир ва совғалар дўконларининг махсус тармоғидан иборат янги «савдо» кўчасини яратиш, сайёҳлик инфратузилмаси объектларига банкомат ва терминаллар ўрнатиш, валюта айирбошлаш шохобчалари ташкиллаштириш, сайёҳлар оммавий йиғиладиган жойларда халқаро Интернет ахборот тармоғига уланиш имкониятини берадиган Wi-Fi зоналар ташкил этиш;

- «Ипак ва зираворлар», «Қовун сайли», «Шаҳар куни», «Шарқ таомлари», «Бухоро ҳунармандлари» каби фестиваллар ташкил этиш орқали Бухоро шаҳри брендини олға силжитиш ва машҳур қилиш юзасидан кенг кўламли реклама кампанияси ўтказиш, хорижий сайёҳлик ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун инфо-турлар ташкиллаштириш, шунингдек, оммабоп хорижий телеканалларда ва махсус веб-сайтлар ва ижтимоий тармоқларда шаҳарнинг тарихи ва осори атиқаларига бағишланган маълумотлар жойлаштириш орқали сайёҳлик салоҳиятини илгари суриш;

- Бухоро шаҳри ва Бухоро вилояти туризм соҳаси учун кадрлар тайёрлаш;

- янги сайёҳлик йўналишлари яратиш ва туризмнинг янги кўринишларини ривожлантириш, жумладан, Шофиркон туманидаги «Агутма» кўли атрофида туризм инфратузилмасини ривожлантириш, «Жайрон» экологик маркази «Ташриф маркази»да капитал таъмирлаш ўтказиш ва унинг атрофида зоологик боғ барпо этиш, Пешку туманининг «Қорақир» кўлида ов, пляж ва спорт туризми билан шуғулланиш учун зарур шароитларни таъминлаш, «Афшона» музейи атрофидаги ҳудудни ободонлаштириш ҳамда махсус даволаш уйлари қуриш;

- 2017–2021 йиллар мобайнида сайёҳлик хизматлари ҳажмини 2,1 мартага, сайёҳлар сонини — 1,9 мартага оширишга эришиш.

Дастурнинг амалга оширилишини назорат қилиш учун Ишчи гуруҳ тузилган ва унга бош вазир А.Н.Арипов раҳбар этиб тайинланган. 

Бухоро вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси архитектура ва қурилиш бўйича Давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси маданият вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамкорликда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги архитектура-шаҳарсозлик Республика кенгашига уч ой ичида ўрнатилган тартибда Бухоро шаҳри марказий қисмининг деталлаштирилган режаси лойиҳасини тақдим этади;

ЮНЕСКО ва халқаро молия институтлари кўмагида Бухоро шаҳрининг тарихий қисмини узоқ муддатли режалаштириш ва моддий маданий мерос объектларини реставрация қилиш учун Европа давлатларидан етакчи эксперт-маслаҳатчилар жалб қилинади.

Қарор матнига кўра, Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Бухоро вилоят ҳокимлиги, ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки ва «Асака» акциядорлик-тижорат банкининг қуйидаги таклифлари ҳам маъқулланган:

- Бухоро шаҳрида «Қадимий Бухоро» сайёҳлик маркази ташкил этиш, унинг ҳудудида кам қаватли замонавий меҳмонхоналар, хорижлик сайёҳларнинг куну-тун ҳордиқ чиқаришини таъминлайдиган маданий-соғломлаштириш ва савдо-кўнгилочар марказлар барпо этиш;

- Бухоро шаҳрининг тарихий қисми («Шаҳристон» бозори ҳудуди) да миллий меъморчилик анъаналарига хос стилистик, декоратив усулларни қўллаган ва ҳунармандлар растаси ва ёпиқ бозор тарихий кўринишини сақлаган ҳолда икки қаватли ҳунармандчилик устахоналари ва миллий сувенир маҳсулотлари, зардўзлик буюмлари, китоб маҳсулотлари, мева ва сабзавотлар, ширинликлар ва сайёҳлар ўртасида машҳур бошқа маҳсулотлар билан савдо қилувчи дўконлар қуриш.

Қарорга кўра, ушбулар белгилаб қўйилмоқда:

- Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки «Қадимий Бухоро» сайёҳлик ҳудуди қурилиши» лойиҳасини молиялаштириш схемасини ташкиллаштирувчи ваколатли банк ҳисобланади, шу жумладан, россиялик ишбилармон А.Б.Усмоновнинг тўғридан-тўғри инвестициялари ва хайрия маблағларидан ҳам фойдаланилади.

- «Асака» акциядорлик-тижорат банки «Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида ҳунармандлар квартали қуриш» лойиҳасини амалга ошириш доирасида ваколатли банк ҳисобланади ва ҳунармандлар ҳамда қурилган объектларни харид қилиш истагида бўлган тадбиркорлик субъектлари учун имтиёзли тижорат ва ипотека кредитлари ажратилишини таъминлайди.

«Қадимий Бухоро» туризм зонаси ҳудудида фаолият кўрсатадиган тадбиркорлик субъектлари ҳамда инвестиция компаниялари 2020 йилнинг 1 январига қадар:

- ер солиғи, фойда солиғи, юридик шахсларнинг мулк солиғи, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови, шунингдек, ВМ ҳузуридаги Республика йўл фондига ҳамда Ўзбекистон Республикаси молия вазирлиги қошидаги таълим ва тиббиёт муассасаларининг бюджетдан ташқари моддий-техник базасини ривожлантириш фондига мажбурий ажратмалардан озод этилади. 

Шунингдек, улар ўз эҳтиёжи учун ўрнатилган тартибдаги рўйхатга кўра олиб кираётган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар, хомашё, бутловчи буюмлар, қурилиш ва бошқа материаллар учун божхона тўловлари (божхона йиғимларидан ташқари) дан озод қилинади.

Бухоро вилояти ҳокимлигига икки ой ичида камида 10 гектар майдонга эга бўлувчи «Қадимий Бухоро» туризм зонаси ҳамда ҳунармандлар кварталининг аниқ чегараларини аниқлаштириш, шунингдек, инвестиция киритувчи компанияларга қурилиш учун ер майдонлари ажратиб бериш вазифаси топширилган.

Қарорга кўра, 2021 йига қадар «Арк» комплекси тўлиқ реставрациядан чиқарилади, унинг ички ҳовлисининг вайрон қилинган қисми қайта тикланади (тозаланади).

Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Бухоро вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Бухоро шаҳри ва Бухоро вилоятига сайёҳлар оқимини кўпайтириш вазифаси юклатилган. Бу йўлда Шарқ гавҳари, дея тан олинган уникал музей-шаҳар сифатида Бухоро брендини ишлаб чиқиш, 2017–2019 йилларда «Муқаддас Бухоро — Ислом маърифати ўчоғи» шиори остида кенг қамровли реклама кампаниясини ташкил этиш ва бу йўлда миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларини жалб қилиш ишларини амалга ошириш белгилаб қўйилган. 

Top