Давлат раҳбари сўнгги йилларда вилоят иқтисодиёти 1,5 баробар ўсиб, 53 триллион сўмдан ошган, аҳоли жон бошига 26 миллион сўмга етганини маълум қилди.

– Иқтисодиётни изчил ривожлантириб, яна иш жойлари очиш, ёшларни билимли ва касбли қилиш бўйича ҳали кўп ишлаш керак. «Оёғимиз остида» имкониятлар турибди. Улардан фойдаланиб, 544 та маҳалладаги 2 миллиондан зиёд аҳолининг шароитини янада яхшилаш зарур. Бунинг учун ҳар бир тизим ҳар куни меҳнат қилиши, изланиши керак, деди Мирзиёев.

Йиғилишда ишсиз, кам даромадли ва чет элда қийналган одамларга муносиб шароит яратиб, ишли қилиш ҳокимлар ва сектор раҳбарлари учун стратегик вазифа экани таъкидланди. Шу боис Бухорода бу йил кичик бизнесга 5,9 триллион сўмга қўшимча яна 2,1 триллион сўм кредит берилиши айтилди. Бухородаги кичик бизнес, туризм ва сервис учун яна 100 миллион доллар алоҳида ажратилади. Булар орқали июн-декабр ойларида 78 минг аҳоли бандлигини таъминлаш мумкин.

Қайд қилинишича, одамларни ишли қиладиган катта имконият саноат зоналарида. Когон туманида минг гектарда йирик саноат мажмуаси барпо этилмоқда. Биринчи босқичда 300 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилади. Бу вилоят иқтисодиётига йилига 250 миллион доллар қўшилган қиймат, 2 мингта иш ўрни, 250 миллиард сўм солиқ тушуми ва 100 миллион доллар экспорт беради.

Электр техникаси тармоғида бу йил Бухоро шаҳри ва Қоровулбозорда 50 миллион долларлик 3 та йирик қувват ишга тушади. Темир-бетон маҳсулотлари чиқарадиган завод қурилади. Бухоронинг тарихий қисмида заргарлик маркази ташкил этилади.

Инвестиция лойиҳалари инфратузилмасига 200 миллиард сўм ажратилиши белгиланди. Натижада 405 миллион долларлик 5 та лойиҳанинг ишга тушиши тезлашади.

Вилоят саноат корхоналарининг кооперация харидларидаги ўрни камлиги кўрсатиб ўтилди. Мутасаддиларга ишлаб чиқарувчиларнинг давлат харидидаги иштирокини кенгайтириш бўйича топшириқ берилди. Шу мақсадда Кооперация порталида ҳақиқий ишлаб чиқарувчилар қатнашадиган тартиб қилиниб, корхоналар реестри ва йиллик қуввати янгилаб борилади.

Бухорода йилига 5 миллион хорижий турист келиши учун шароит яратилмоқда. Шаҳар марказида Боқий Бухоро маданий этнографик парки ва янги аэропорт қурилиши бошланди.